Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мудҳиш жиноят: АҚШда мурдаларни бўлаклаб сотган она-болага ҳукм ўқилди

Мудҳиш жиноят: АҚШда мурдаларни бўлаклаб сотган она-болага ҳукм ўқилди

АҚШнинг Колорадо штати суди дафн этиш идорасининг собиқ раҳбари ва унинг онасини узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди. Икки судланувчи жасадларни бўлакларга ажратган ҳолда пуллаб келган.

Тергов ва суд жараёнида маълум бўлишича, 2010-2018 йиллар мобайнида Меган Ҳесс ва унинг онаси Ширли Кох қарийб 560 та жасадни бўлакларга ажратган ҳолда сотиш билан шуғулланган. Айрим ҳолатларда жасадлар яхлит ҳолда пулланган.

Монтроз шаҳридаги Sunset Mesa Funeral Home дафн идораси раҳбари бўлган М.Ҳесс жасадларни белгиланган тартибда куйдириш учун 1000 доллардан ҳақ олган. У кўпинча вафот этган шахснинг яқинларига жасаднинг бирор аъзосини олиш эвазига текин хизмат таклиф қилган. Судда маълум бўлишича, марҳумнинг яқинлари бу таклифни рад этган тақдирда ҳам М.Ҳесс сохта ҳужжатлар орқали тана аъзоларини ўзининг Donor Services ширкати орқали сотаверган. Айрим ҳолатларда жасадларнинг хоки ҳам аралаштириб юборилган.

«Бу икки аёл бошига мусибат ва фожиа тушган инсонларнинг заифҳоллигидан фойдаланган. Очкўз кимсалар мусибатзада оилаларни қўллаб-қувватлаш ўрнига уларнинг ишончини поймол қилган ва жасадларни таҳқирлаган», – дейди Федерал тергов бюроси махсус агенти Леонард Каролло.

Ушбу мудҳиш жиноят Reuters ахборот агентлиги журналистлари ўтказган суриштирув туфайли фош этилган. Агентлик материали ортидан Федерал тергов бюроси расман суриштирув бошлаган.

Маҳкама якунида М.Ҳесс 20 йил, онаси эса 15  йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Судья Кристин Аргуэлло бу фаолияти давомида дуч келган энг ҳассос жиноий иш эканини таъкидлаб, она-болани зудлик билан қамоққа юборишга буюрган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг