Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Наманганлик ўқувчи IT-лойиҳаларидан олган даромадидан оиласи учун «Жентра» олиб берди

Наманганлик ўқувчи IT-лойиҳаларидан олган даромадидан оиласи учун «Жентра» олиб берди

Умар Улфориқ Рустамов.

Наманган шаҳридаги 2-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 9-синф ўқувчиси Умар Улфориқ Рустамов 10 ёшидан буён компьютер ва ахборот технологияларига қизиқиб келади.

У 14 ёшидан дастурлар бўйича ишлаш ва сайтлар яратиш билан профессионал фаолият сифатида шуғулланиб келади.

Веб-сайтлар устида ишлаш ва дастурлар яратиш бўйича ўқув марказларида билим ва салоҳиятини оширган Умар Улфориқ ҳозирга қадар яратган сайтлар сони йигирмадан ортади. Бу ҳақда Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Унга асосан, Россия Федерациясидан буюртмалар тушади. Шунингдек, айни пайтга қадар АҚШдан битта, Жанубий Кореядан 2 та буюртма тушган.

Россиядаги туристик агентлик буюртмасига кўра, у яратган муваффақиятли лойиҳа учун 6700 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўланган.

— Ҳар бир лойиҳани яратиш устида ҳажмига қараб 15 – 20 кундан, йириклари бўйича 2 – 3 ойгача ишлаймиз. Дастурлар, лойиҳалар, сайтларни яратиш ва анимациялар бўйича Adobe XD, Premiere Pro каби дастурлардан фойдаланамиз. Дастлабки пайтларда ўзим мустақил ўрганган бўлсам ва сайтларни бир ўзим яратган бўлсам, айни пайтда 6 кишилик жамоа билан иш олиб боряпмиз. Уларнинг барчаси 7-, 11-синф ўқувчилари, шунингдек онлайн қизиқувчилар ҳам лойиҳаларимизни яратиш борасида иштирок этадилар ва кузатадилар, — дейди IT-лойиҳалар бўйича муваффақиятли фаолият олиб бораётган Умар Улфориқ Рустамов.

Фрилансинг бўйича фаолият юритиш баробарида стартап лойиҳалар билан шуғулланаётган ўқувчи ойига 500 – 600 АҚШ доллари миқдорида даромад қилмоқда. Эътиборлиси, у айни пайтгача қилган ўз даромади ҳисобидан оиласи учун «Жентра» автомашинаси ҳам олди.

У рус, турк, араб, инглиз тилларини мукаммал билади. «Ўзбекистон учун 100 ғоя» ва «Стартап ташаббуслар» танловларида муваффақиятли иштирок этаётган Умар келажакда ўзининг IT-соҳасида бизнес фаолиятини янада ривожлантириб, йирик лойиҳалар, дастурлар бўйича иш олиб боришни мақсад қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг