Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Носоз асбоб, қайсар аскар, сарсон адвокат ва бошқалар ҳақида бир шингил

Носоз асбоб, қайсар аскар, сарсон адвокат ва бошқалар ҳақида бир шингил

Адвокат Сафар Пардаев кутилмаган муаммога дуч келди. Аслида-ку, адвокат халқи учун ҳар қадамда муаммо «ажи-и» деб туради. Бироқ бунақаси доим ҳам учравермайди.

Хуллас, 2020 йил 18 июнь С. Пардаев ҳимоясидаги шахсга оид жиноят иши суднинг апелляция инстанциясида кўрилиши муносабати Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига боради. Суд мажлиси соат 14:30 да бошланиши керак. Адвокат белгиланган вақтда ҳарбий суд биносига бориб, асосий кириш жойида хизматини ўтаётган навбатчи миллий гвардия ходимига хизмат гувоҳномасини тақдим этади. Аскар унинг тана ҳароратини текширмасдан ичкарига қўяолмаслигини айтгач, табиийки, эътироз билдирмайди.

Бу ёғини адвокатнинг ўзидан эшитамиз: «...Аскар тепловизорни пешонамга тутдию кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Ускуна 42 даражани кўрсатиб турарди»!
Миллий гвардия ходими, албатта, бунақа ҳарорат билан адвокатни суд биносига киритмаслигини айтади.

Маълумки, соғлом одамнинг тана ҳарорати 36,6 даража бўлади. Бу кўрсаткич об-ҳаво ҳарорати ва инсоннинг индивидуал физиологик хусусиятларига кўра бир оз юқори ёхуд паст бўлиши мумкин. Тана ҳарорати меъёрдан 1,5-2 даража юқори бўлиши кучли иситмани билдиради ва одатда жиддий шамоллаш хасталикларига хос ҳолат ҳисобланади. Иситма қилган одам ўзидаги бу ўзгаришни дарров сезади. Айниқса, меъёрдан 4-5 даража баланд ҳарорат кишининг иш қобилиятига таъсир қилмаслиги мумкин эмас.

Адвокатнинг сўзларига кўра, у ўзини мутлақо соғлом ҳис қилган ва аскарнинг гапидан ҳайратга тушган.

— 42 даража иситма билан инсон юриш тугул, кўзини очиши маҳол. Комага туширадиган ҳарорат-ку бу, — дея давом этади С.Пардаев. — Навбатчи ходимга ҳам шундай дедим. «Йўқ, биз давлат бериб қўйган аппаратга ишонамиз, аппарат сизнинг ҳароратингизни 42 градус деб кўрсатган бўлса, мен ҳеч нарса қилаолмайман» деб оёқ тираб олди...

Аён бўладики, адвокат ўз ташвишида ёлғиз эмас экан. Қисқа вақт ичида суд эшиги тагида у, унинг ҳимоясидаги шахс ва иш бўйича гувоҳлардан ташқари, бошқа ишлар бўйича келган адвокатлар, фуқаролардан иборат тахминан 20 киши жам бўлади. Яъни, миллий гвардиячининг қўлидаги сеҳрли тепловизор биронта ҳам «бегона»ни ўтказмаган бўлиб чиқади: кимга 38, кимга 40, ҳатто Сафар Пардаев каби 42 даража иситма «ёзиб», соғлиғини шубҳа остига қўяди...

Ташрифчилар орасида суд чақирувчига кўра узоқ йўл босиб вилоятлардан келган кишилар ҳам бўлган. Уларнинг: «Ускунангиз носозга ўхшайди, бошқа аппарат олиб келиб қайтадан ўлчанг ҳароратимизни. Ишимиз қолиб кетяпти. Судга кирайлик», деган илтимосига, навбатчи: «Бошқа аппарат йўқ. Истасаларинг шу, бўлмаса қайтиб кетаверинглар», деб жавоб қилган.

— Шундан кейин айримлар яқин аптекадан оддий термометр сотиб олиб келиб, ўзларининг тана ҳароратларини ўлчаб, мана иситмамиз йўқ-ку, дея миллий гвардиячи ходимларга кўрсатишди. Аммо улар яна пинак бузишмади, — дейди Сафар Пардаев.

Адвокатнинг сўзларига кўра, можарога суд мутасаддилари ҳам панжа орасидан қараганлар. Хусусан, судья ёрдамчиси, бир неча бор қўнғироқ қилиб аҳволни тушунтиришганига қарамай, ташқарига чиқиб вазиятга аралашишни ўзига эп кўрмайди. Аксинча, ўтакетган лоқайдлик билан, гўёки ўзини тушунмаганга солиб: «Иситмангизни ўлчатиб ичкарига кираверинглар-да, нима муаммо?» — дейди чўрт кесиб.

Жараён бошланиб бўлган бу орада, аммо қуруқ қайтиб кетишни адвокатлар ҳам, бошқалар ҳам хоҳламайдилар. Шунда улар, ноилож, суд биносига тез ёрдам машинасини чақиришга мажбур бўладилар — жам бўлганларнинг иситмаси бор-йўқлиги ҳақида хулоса бериши учун.

— 20 дақиқаларда «тез ёрдам» етиб келиб, шифокор ичкарига кирмоққа маҳтал бўлганларнинг тана ҳарроратини бирма-бир ўлчай бошлади. Маълум бўлдики, ҳеч кимники меъёрдан зиёд эмас экан. Ҳаммамизни суд биносига ўтказишди, аммо икки соатдан ортиқ вақт жазирама иссиқда бекорга қолиб кетганимиз учун ҳеч ким бир оғиз узр сўрагани йўқ.

Қарангки, суд аталмиш обрўли идора навбатчисининг қўлига бузуқ тепловизор бериб қўйишган. Бу ҳам майли. Бундан ҳам ёмони, ускунанинг носозлигини кўра била тан олишмаганидир, мутасаддиларнинг одамлар тақдирига бефарқлиги ва умумий масъулиятсизлик ҳар қандай вирусдан хавфли», дейди куюниб адвокат.

...Дарвоқе, ҳарбий судда ўша бузуқ тепловизор ҳали ҳам ишлатиляпдимикин?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг