Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нукус шаҳрида «Ўзбекистон Қаҳрамонлари» китоби тақдимоти ўтказилди

Нукус шаҳрида «Ўзбекистон Қаҳрамонлари» китоби тақдимоти ўтказилди

Бугун Қорақалпоғистон Республикасида «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар доирасида «Ўзбекистон Қаҳрамонлари» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда бир гуруҳ Ўзбекистон қаҳрамонлари ва уларнинг оила-аъзолари, маънавият фидойилари, олимлар, зиёлилар ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов очиб берар экан, Қорақалпоқ заминидан етишиб чиққан Муса Ерниязов, Ибрагим Юсупов, Тўлепберген Қайипбергенов сингари турли соҳаларда фаолият юритиб келаётган 8 нафар юрт қаҳрамонларининг Ватан равнақи, эл фаровонлиги, фарзандлар тарбияси йўлида бахшида бўлган шарафли умр йўллари ҳақида бирма бир тўхталиб, қаҳрамонлар ва уларнинг оила аъзоларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Тақдимотда Ўзбекистон Қаҳрамонлари — Анеся Сайтова ва Серсенбай Сейтназаровлар ёшларга ўзларининг қаҳрамонлик ҳаёт йўллари, чеккан шарафли машаққатлари, ютуқлари ҳақида сўзлаб беришди.

Шунингдек, «Марифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистон халқ ҳофизи Маҳмутжон Йўлдошев, Қорақалпоғистон халқ жирови Бахберген Серенбетов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Курсия Эсонова хонанда Имрон ва бошқаларнинг чиқишлари санъат ихлосмандларини хушнуд этди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида «Ўзбекистон Қаҳрамонлари» китоби чоп этилди. Мазкур китоб-албом миллатимиз қаҳрамонларига эҳтиром сифатида яратилди. Унда Ватанимиз тараққиётига беқиёс ҳисса қўшиб, «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвони ҳамда «Олтин Юлдуз» медали билан тақдирланган бир юз уч нафар юртдошимизнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.

Меҳнатдаги юксак натижалари билан юртда алоҳида эътибор қозонган инсонларни муносиб тақдирлаш мақсадида 1994 йил 5 майда Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони белгиланди ва олий нишон – «Олтин Юлдуз» медали таъсис этилди. Ушбу олий даражадаги мукофот республикамиз фуқароларига давлат ва халқ олдидаги каҳрамонона хизматлари учун берилади.

Китоб саҳифаларидан Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Муса Ерниязов, шунингдек, миллий адабиётимиз, санъат ва жамоат арбоблари Саид Ахмад, Тулепберген Қаипбергенов, Озод Шарафиддинов, Суйима Ғаниева, Зикир Муҳамаджанов, Ибрагим Юсупов, Эркин Вохидов, Абдулла Орипов, Малика Абдуллахўжаева, Хасан Нормурадов, Лола Муротова сингари Ўзбекистоннинг янги тарихида муносиб из қолдирган бир юз уч нафар шахслар ўрин олган. Уларнинг ибратли ҳаёт йўли, шонли меҳнат фаолияти ёрқин маёқ сингари авлодлар қалбида мангу шараф тимсоли бўлиб қолади!

«Маърифат» тарғиботчилар жамияти Ахборот хизмати

Telegram | Instagram | Facebook | YouTube

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг