Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нурободдаги «Дарслик улоқтириш»  воқеаси ва ундан кейин нима бўлди?

Нурободдаги «Дарслик улоқтириш»  воқеаси ва ундан кейин нима бўлди?

Ҳали кўп бўлмади. Эсингизда бўлса керак, Нурободдаги китоб улоқтириш воқеаси. Ижтимоий тармоқларда муҳокамалар марказига чиққан ушбу мавзуга яна қайтишимизнинг ўзига хос сабаби бор. Аслида воқеа қандай бўлган эди? Биз масалага бир томонлама ёндашмаяпмизми?

Ўша куни Нуробод тумани марказидаги энг кўп (1300 нафар) ўқувчига эга 1-умумтаълим мактабидаги тадбирда туман ҳокими, туман халқ таълими бўлими мудири ҳам иштирок этади. Аммо хайрли бошланган ишнинг охири чувалашиб кетади. Расмий тадбирлардан сўнг дарслик тарқатиш бошланади. Шунда юзлаб одамлар – ўқувчи-ю ота-оналар темир зинадан ҳатлаб чиқиладиган мактаб кутубхонаси атрофига тўпланишади…

– Синфимдаги 20 нафар ўқувчи дарслик пулларини тўлагани учун китоб олишига кўмаклашиш мақсадида кутубхонага кўтарилдим, – дейди 4-синф ўқитувчиси Шоҳида Ғаффорова. – Биринчилардан бўлиб дарслик­ларни ажратиб олдим. Ғиж-ғиж оломон орасидан ўқувчиларим азият чекмасдан китоб олиб кетишларини ўйлабман, фақат. Юқорига кўтариладиган зинани китоб олишга келган ота-оналар тўсиб қўйганди. Пастга бир тушсангиз, оломон орасидан қайтиб юқорига чиқиб олиш ҳам амри маҳол эди. Боз устига 5-6 хилдаги дарсликлар тўпламини пастга олиб тушиш ҳам осонмасди. Аммо шу ерда турган бир эркак киши менга кўмаклашиш мақсадида «Менга ташланг болаларга олиб бераман» деб қолди. 19 тўп­лам (комплект) китобни бояги киши кўмагида тарқатдим. Тўғриси, бироз чарчагандим. Охирги ўқувчининг дарслик­ларини олиб чиқиб, бояги киши илиб олади-ку, деган хаёлда ташлаб юборибман. Аммо у киши кетиб қолган экан. Китоблар ерга тушди…

Эллик ёшни қаршилаган, ўттиз беш йиллик тажрибага эга устознинг бугун боши эгик, кўзлари нам. Энг ачинарлиси, у энди ишсиз…

– Одамлар эътибори, ўқувчиларнинг меҳрини қозонишга бутун умрингни сарфлайсан. Аммо бир лаҳзада номинг қорага чиқиши мумкин экан, – дейди Шоҳида Ғаффорова. – Мен китобни яхши кўраман. Ўн икки йил кутубхоначи бўлиб ишлаганман. Аммо хато қилишингни кутадиганлар бор экан. Начора…

Ижтимоий тармоқда воқеликнинг талқини тизим мутасаддиларини уйғотиб юборди. Раҳбарият вакиллари воқеликнинг эртасигаёқ, аниқроғи, 6 сентябрь куни мактабга етиб келишди. Ўқитувчининг «майли, қандай жазо қўлласаларинг розиман, аммо мактабдан кетмай» деган гаплари инобатга олинмади. Унга ўз аризаси билан ишдан кетса яхши бўлиши тушунтирилди.

Аввалига тушунтириш хати ёзган мактаб директори Элбек Ҳамроев ҳам шу куни ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш ҳақида ариза беради.

Дарвоқе, мазкур мактабга уч йилдан бери раҳбарлик қилаётган Элбек Ҳамроевга туман ХТБдан яхши таъриф беришди. Ёш раҳбар қисқа фаолияти давомида ўзини кўрсата олган. Ўтган йили мактаб битирувчиларининг 27 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган, жорий йилда бу кўрсаткич 41 фоизга етган. Мактаб сариқ чизиқдан яшил чизиққа олиб чиқилган. Сирасини айтганда, таълим жараёни йилдан-йилга яхшиланиб келаётганди. Аммо…

– Шундан буён ишсизман, – дейди Элбек Ҳамроев. – Бошим қотган. Ҳаммасини қайтадан бошлашга кучим етармикан. Ҳайронман.

Энди воқеа содир бўлишига сабаб бўлган омилга эътибор қаратсак: ўқувчиларни китоб билан таъминлаш масаласини аксар туманлар осонгина ҳал этган бир вақтда, масалан, Қўшработ туманида 20 августдаёқ барча ўқувчилар дарсликлар билан таъминлаб бўлинган, Нурободда бу жараён нега кечикди? Шунга ўхшаш саволларга жавоб топиш мақсадида туман халқ таълими бўлимида бўлдик.

– Барча мактаблар масъулларига дарсликлар жамламасини ўқув столи устига тахлаб қўйишни уқтиргандик, – дейди Нуробод тумани халқ таълими бўлими мудири Озод Жангиров. – Раҳбариятнинг бу талаби эътиборсиз қолдирилган. Оқибатни эса кўриб турибсиз.

Мудирнинг айтишича туманда мутахассис ўқитувчилар етишмайди. Айни чоғда 190 нафар ўқитувчи бош­­қа вилоятлардан келиб муайян имтиёзлар эвазига ишламоқда. Улар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган.

– 1-умумтаълим мактаби директори Элбек Ҳамроев ҳамда бошланғич синф ўқитувчиси Шоҳида Ғаффороваларни ўз аризаларига кўра бўшатганмиз, – дейди ХТБ мудири. – Аммо уларни ишсиз қўймаймиз. Шундоқ ҳам малакали кадрлар етишмайди. Вақти соати келганда уларга ҳам, албатта, иш берамиз.

Китоб «улоқтириш» масаласи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгашини ҳам бефарқ қолдиргани йўқ. Кенгаш мутахассислари бу масалани ўрганиб чиқишди.

– Туман халқ таълими бўлими томонидан ходимларни ишдан бўшатилишининг қонунийлик жиҳатини ўрганиб чиқдик, – дейди меҳнат ҳуқуқ инспектори Улуғбек Ғаниев. – Ҳар иккиси ҳам ишдан бўшаш тўғрисида аризани ўз хоҳишлари билан ёзишган. Аризада бўшатилиши куни аниқ қайд этилгани боис қонунда белгиланган муддатда қайтариб олиш имкони йўқ. Аммо айни вақтда иш берувчи уларни ишсиз қолдирмасликка ваъда беряпти.

Ўқитувчи ва мактаб директори билан мулоқотдан аён бўлдики, улар китобни хор қиладиган маънавиятсиз инсонлар тоифасидан эмас. Аммо мавжуд вазият тақозоси туфайли шу кўйга тушганлар.

Бу бир жиҳатдан барчага сабоқдир, балки. Аммо, не бўлганда ҳам, устозларни ранжитганимиз яхши бўлмади.

Нурилла Шамсиев, «ISHONCH» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг