Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Одамлар совуқдан қалтирарди» — Камолиддин Раббимов Тошкент аэропортидаги ҳолат ҳақида

«Одамлар совуқдан қалтирарди» — Камолиддин Раббимов Тошкент аэропортидаги ҳолат ҳақида

Фото: «Xabar.uz»

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Тошкент халқаро аэропортидаги ҳолат бўйича ўз таасуротларини билдирди.

«Бугун бир яқинимизни кутиб олгани Тошкент халқаро аэропортига борган эдим. Аэропортдаги вазият борасида ўз таасуротларимни билдирмоқчиман. Чунки бу — Ўзбекистоннинг репутацияси билан боғлиқ масала.

***

  1. Ўзбекистон – дунёда ягона давлатки, четдан учиб келган одамлар, аэропортдан ташқарига чиқишда ҳам қўл юкларини сканердан ўтказишлари шарт. Кутиш залидан чиқаверишда аэропорт ходими қўл юкларини сканердан ўтказишни талаб қилади. «Бу мантиққа зид-ку? Ахир биз бошқа давлатда қаттиқ текширувдан ўтканмиз-ку?!» десангиз, «топшириқ шунақа!» дейишади. Бу ҳолат, айниқса, чет элликларни жуда ҳайратлантирса керак. Ғирт ахмоқона иш!
  2. Кеч тушгач, ташқарида совуқ минус 10 даражадан пастга тушди. Лекин, шу совуқда ҳам аэропортдан ташқарида одамлар ўз яқинларини соатлаб кутишди. Умрадан келаётган яқинларини кутаётган ёнимдаги одамлар совуқдан қалтирарди. Шу ҳолатда уч соат кутишган. Ёзда эса Тошкентда 50 градус иссиқ бўлади. Лекин, бу аэропорт маъмуриятини қизиқтирмайди.
  3. Мен кутиб турганимда Кореяданми ёки Хитойданми самолёт келиб қўнди ва осиёлик сайёҳлар чиқа бошлашди. Аэропорт залидан ташқарисидаги қор куралмаган. Йўл яхмалак. Бир эмас, бир нечта туристнинг жомадон юклари йиқилиб, шошиб қолишди. Ўзбекистонга кираётган сайёҳлар «биз қаерга келиб қолдик» деб қўрқиб кетишган бўлса, ажабланмайман...
  4. Аэропортдан чиқиш йўли ҳамда шу ерга такси ва бошқа машиналарни кириш жойи — битта! Ходимлар шу совуқда йўловчиларни тўхтатиб, таксиларни киритаяпти. Таксилар кириб олгач, йўловчиларни чиқаришмоқда. Жуда ибтидоий, примитив ва таҳқирловчи тартиб. Умуман нотўғри тартиб!

***

Бутун дунёда одамлар аэропортларни ичида, чиройли кутиш залларида ўтириб, яқинларини кузатишади ва кутиб олишади. Лекин Ўзбекистонда эмас. Инсонларни қадрсизлаш – аэропортдан бошланади ва аэропортда тугайди. Ҳар қандай давлат тўғрисидаги биринчи таассурот – аэропортдан бошланади.

***

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ўзбекистонликларни ва хорижликларни қўрқитади, асабийлаштиради. Давлат мулозимлари аэропорт маъмуриятига таъсир қилиб, сал шароит қилиб қўйишса, яхши бўларди», деб ёзади сиёсатшунос.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг