Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Олмалиқ КМК» соф фойдаси маълум қилинди

«Олмалиқ КМК» соф фойдаси маълум қилинди

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Олмалиқ КМК» АЖда беш ойлик ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичлари бажарилиши» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда йирик саноат корхонаси ҳисобланган Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 2022 йилнинг 5 ойи якунлари ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспорти бўйича амалга оширилаётган ишлар, комбинатнинг экспорт салоҳияти ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, ўтган 5 ойда Олмалиқ кон-металлургия комбинатида барча белгиланган ишлаб чиқариш вазифалари бажарилган. Жумладан, 13 640,4 млрд сўмлик товар маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, режа 121,4 фоизга уддаланган ҳолда, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 115,7 фоизни ташкил этди.

Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 117,0 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, режа 128,0 фоизга бажарилди. Ўсиш суръати 160,3 фоизни ташкил этди.

Комбинат ўтган 5 ойда 3 342,7 млрд сўмлик соф фойдага эришди ва режа 143,5 фоизга бажарилди.

Маҳсулотлар кесимида олинадиган бўлса, 58 625 тонна мис ишлаб чиқарилган ҳолда вазифа 100 фоизга бажарилган. Олтин ва кумуш металлини ишлаб чиқариш бўйича ҳам белгиланган режалар уддаланган.

Экспорт кўрсаткичлари корхона иқтисодий салоҳиятининг йилдан-йилга ўсиб бораётганидан далолат беради.

2022 йилнинг январь-май ҳолатига кўра, 452 млн долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилиб, режа 144,1 фоизга бажарилган.

Ҳозирги вақтда комбинат 18 турдаги экспортбоп, юқори ликвидли маҳсулотларни сотмоқда. Улар ичида мис асосийсидир.

Бугунги кунда ОКМК мис ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Россия ва Қозоғистондан кейин учинчи ўринда туради: корхона йилига 148 минг тоннага яқин мис ишлаб чиқаради, шундан 85-90 минг тоннаси экспортга чиқарилади, бу ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг тахминан 70 фоизини ташкил этади.

Хорижий истеъмолчиларга молибден, рений, купорос, рух, кадмий, вольфрам, палладий ва бошқа нодир металлар етказиб берилади. Сурхондарё вилоятида жойлашган Шеробод цемент заводи маҳсулотларининг катта қисми ҳам экспорт қилинади.

2021 йил бошида рангли металлар учун жаҳон котировкаларининг ўсиши кон-металлургия корхоналарини, хусусан, ОКМКни ривожлантириш учун қўл келди. Масалан, катодли мис ва мисдан тайёрланган маҳсулотларнинг нархи сезиларли даражада ошди.

Бу, шубҳасиз, ОКМКнинг ривожланиш даражаси ва унинг маҳсулотларига бўлган талабнинг ошишига ёрдам берди. 2021 йилда жами 1124,2 млн. долларлик мис, рух, қўрғошин, цемент ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилиниб, режа 142,4 фоизга бажарилди. Таъкидлаш жоизки, қўшимча қийматли маҳсулотлар экспорти қарийб икки баробарга ошди – ташқи бозорларга 99,8 млн. долларлик мис қувурлар ва мис катанка етказиб берилди.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, корхонанинг экспорт географияси ғоятда кенг. Озарбайжон, Арманистон, Афғонистон, Беларусь, Болгария, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Нидерландия, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Украина каби дунёнинг йигирмадан ортиқ давлатлари ОКМК маҳсулотларининг истеъмолчилари ҳисобланади. Бугунги кунда комбинат томонидан Австралия, Индонезия, Польша, Литва, Қатар ва Грузия бозорлари ҳам ўзлаштирилган.

Шунингдек, комбинат томонидан умумий қиймати 6,2 млн. долларлик мис маҳсулотлари янги бозорларга Испания, Австрия, Канада, Португалия, Финландия, Марокаш ва Сингапур давлатларига экспорт қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг