Ўзбекистон ва Япония шаҳарлари ўртасида илк бор биродарлик битими имзоланди

18 октябр куни Самарқанд шаҳрида Буюк Ипак йўлининг стратегик нуқтаси бўлган Самарқанд ва Буюк Ипак йўлининг шарқий чеккаси бўлган Нара шаҳри ўртасида биродар шаҳарлар ҳамкорлигини ўрнатиш маросими бўлиб ўтди. Маълумот учун, Нара қадимги Япониянинг пойтахти бўлган.
Ушбу тантанали маросимда Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров, Япония томонидан эса Нара шаҳри мери Накагава Ген, Нара шаҳри парламенти раиси Кита Ёшиаки ва Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фужияма Ёшинори иштирок этди.
Табрик сўзларидан сўнг Накагава Ген ва Фазлиддин Умаров биродарлик битимини имзолашди.
Таъкидлаш жоизки, икки давлат ўртасида биринчи марта биродар шаҳарлар ҳамкорлиги ўрнатилмоқда ва бу дипломатик муносабатларнинг 30 йиллигини нишонлаш учун муносиб воқеа бўлди.
Ушбу маросим қадим замонлардан буён ўзаро дўстона алоқаларни давом эттириб келаётган икки шаҳар ўртасида янги тарихий даврни бошлаб бериши, қолаверса, шаҳарлар ўртасидаги гуманитар ва маданий алмашинувларни ривожлантириши ҳамда икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter