Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Орелия Бушез: «Французлар Ўзбекистонни ўз кўзлари билан кўришни орзу қилади»

Орелия Бушез: «Французлар Ўзбекистонни ўз кўзлари билан кўришни орзу қилади»

Франция элчиси бу йил Лувр музейидаги кўргазма шарофати билан Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар ортишига ишонч билдирган.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси «Ўзбекистон: Марказий Осиё бўйлаб замонлар оша саёҳат» номли янги ҳужжатли фильм тақдимотини ўтказди. Фильм Франциянинг Les Poissons Volants кинокомпанияси, ARTE телеканали ва Лувр музейи ҳамкорлигида ишланган.

Фильм тақдимотига фан ва маданият арбоблари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари таклиф этилди. Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Орелия Бушез ҳам фильм борасидаги фикрларини билдириб ўтди.

«Авваламбор, «Ўзбекистон, Марказий Осиё бўйлаб замонлар оша саёҳат» ҳужжатли фильми намойишида сизлар билан бирга бўлганимдан жуда хурсандман. Ушбу фильмни томоша қилгандан сўнг, биз 2022 йил ноябр ойида Париждаги Луврда очиладиган бўлажак кўргазманинг кўлами ҳақида биринчи тасаввурга эга бўлишимиз мумкин.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбир мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар тараққиёти кўрсаткичидир. Бу Ўзбекистон ва Франция ўртасида йўлга қўйилган маданий алоқаларнинг ажойиб намунасидир. 

Мазкур фильм ва кўргазма орқали Франция жамоатчилиги Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади. Мамлакатингиз французлар учун у қадар таниш эмас, ҳозиргача кўпчилик бу Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга мамлакат экани, жадал ривожланиб бораётгани ва жуда ҳурматга сазовор эканлигини билади. Халқимиз Самарқанд, Бухоро каби улуғ шаҳарларингиз ҳақида кўп эшитган, уларни зиёрат қилишни, карвон йўллари ўтган жойларни ўз кўзлари билан кўришни орзу қилади. Шунингдек, улар халқингиз шу кунга қадар сақлаб келган барча маданий мерос хазиналарини кашф қилишни орзу қиладилар.

Дарвоқе, Самарқандга Франциядан келаётган сайёҳлар сонининг кўплиги ҳам шу билан боғлиқ, уларнинг сони кун сайин ортиб бормоқда, масалан, йилига 20 минг нафар француз сайёҳлари мамлакатингизга ташриф буюради. Ишончим комилки, бу йил Лувр музейидаги кўргазма шарофати билан бу кўрсаткич бунданда юқори бўлади. 

Биз гапираётган кўргазма Франция жамоатчилигига Париж ташқарисига чиқмасдан туриб Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан танишиш учун имконият яратади. Чунки у бутун мамлакат бўйлаб танланган 130 дан ортиқ ашё ва буюмларни ўз ичига олган. Бу экспонатларнинг аксарияти мамлакатнинг турли музейларида сақланади ва кўплари археологик қазишмалар пайтида топилган. Айтиш жоизки, француз археологлари Ўзбекистон ҳудудида жуда жадал ишламоқда. Айниқса, кўргазма куратори бўлган машҳур археолог жаноб Рокко Ранте улар қаторидан жой олган. Бу эса яна бир бор мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Луврдаги кўргазма боис кўплаб музей меҳмонлари Ўзбекистонни таниб боришмоқда, уларнинг сони йилига 10 миллионни ташкил этади ва бу нафақат Франция ва қўшни давлатлар аҳолиси. Луврга ташриф буюрувчилар бутун дунёдан санъат ихлосмандларидир!» дейди у.

 Элчи хоним фильм яратилишида ўз ҳиссасини қўшганларнинг барчасига миннатдорчилик билдирган.

«Биз ҳозиргина жуда ибратли ажойиб ҳужжатли фильмни томоша қилдик. Фильм устида ишлаган барчага, биринчи навбатда унинг директори жаноб Даракчиевга ва Le Poisson Volant компанияси продюсери Софи Гупи хонимга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Шунингдек, санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ва Жамғарма ижрочи директори Гаянэ Умеровага, Лувр музейи маъмурияти ва ARTE телеканалига, уларнинг умумий мақсадлар йўлида амалга оширган самарали ҳамкорлиги учун алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. 

Нима учун бу фильмни ибратли деб топдим? Чунки у кўргазма нималардан иборатлиги ва археологик қазишмалар қандай олиб борилганини кўрсатади. Ўзбекистон тарихининг муҳим босқичлари ва уларнинг ҳар бир давр маданий меросида ўз изи борлигига барчамиз гувоҳ бўлдик. Фильм 15 асрлик тарихни ўша даврдаги маданий осори атиқалар ва бошқа археологик топилмалар орқали намойиш этади.

Фильмда реставраторлар ишига турлича ёндашувлар, шунингдек, шу пайтгача ўз ҳунарининг асл қонун-қоидалари ва анъаналарини сақлаш йўлида меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ҳунармандлар ҳам кўрсатилган. Бу эса халқларнинг маданий меросини сақлаб қолиш учун жуда муҳимдир. Фильмда аждодларимиз бизга қолдирган нарсаларни асраб-авайлаш зарурлиги кўрсатилган.

Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлашга ўз ҳиссасини қўшаётгани ва бу борада Франция тажрибасига таянаётганидан жуда хурсандман», дейди у.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг