Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ОТБ Ўзбекистондаги энг йирик ШЭСни қуриш учун 52 миллион доллар кредит ажратади

ОТБ Ўзбекистондаги энг йирик ШЭСни қуриш учун 52 миллион доллар кредит ажратади

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва БААнинг «Masdar» компанияси шўба корхонаси ҳисобланган «Shamol Zarafshan Energy» МЧЖ хорижий компанияси ўртасида Ўзбекистондаги биринчи ҳамда Марказий Осиёда катталиги бўйича ягона бўлган шамол электр станциясини молиялаштириш учун 52 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит шартномаси имзоланди.

500 мегаватт (МВт) қувватга эга станция Зарафшон шаҳридан шарқда, Навоий вилоятининг Томди туманида қурилади.

«Бу мамлакатга тез ўсиб бораётган энергияга бўлган эҳтиёжни қондириш, кам таъминланган шаҳар ва қишлоқ ҳудудларини энергия билан таъминлаш, иқлим ўзгариши мақсадларига эришиш ва иқлим барқарорлигини оширишга ёрдам беради. Қурилиш ҳар бирининг қуввати 4,5 МВт бўлган 111 та шамол турбинасидан иборат бўлади», – деб ёзмоқда ОТБнинг Тошкентдаги ваколатхонаси.

Лойиҳа Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Абу-Даби биринчи банки, Халқаро молия корпорацияси, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва «Natixis» (йирик француз банкларидан бири, -таҳр.) иштирокида молиялаштирилади. Умумий молиялаштириш пакетининг бир қисми сифатида ОТБ Голландия Корхоналарни ривожлантириш банкидан (FMO) «Б» тоифали кредит шаклида 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги траншни жалб қилган.

ОТБ, шунингдек, «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти давлат операторининг кредит хавфини юмшатиш учун 19,5 миллион доллар миқдоридаги суверен қисман кредит кафолатини имзолади.

Зарафшон ШЭС лойиҳаси йилига 1 599 гигаватт/соат  муқобил энергия ишлаб чиқаради ва 890 минг тоннадан ортиқ карбонат ангидрид чиқиндиларининг олдини олади. «Shamol Zarafshan Energy» ўз энергиясини Ўзбекистонга 25 йиллик электр энергиясини сотиб олиш шартномаси асосида етказиб беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг