Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дунё Аҳмадбойлари ёхуд ўтмишнинг энг машҳур молиявий эҳромлари

Дунё Аҳмадбойлари ёхуд ўтмишнинг энг машҳур молиявий эҳромлари

Фото: UTMagazine.ru

Дунё яралибдики, зудлик билан бойиб кетишни истайдиганлар ҳамиша бўлган. Ана шундайларнинг озчилиги молиявий эҳромларни ишга туширади, кўпчилиги эса унинг қурбонига айланади ва бор-будидан айрилади. Чинозлик Аҳмад Турсунбоев яратган молиявий эҳромга пул тикиб, кейин афсус қилиб қолган юртдошларимиз анчагина. Қизиғи, уларнинг кўпчилиги яқин ўтмишда ҳам шундай фирибгарлик бўлганини яхши эслашса-да, дадил пул тикаверишган.

Россия

Руслар орасида молиявий эҳром кўлами, давомийлиги ва машҳурлиги жиҳатдан яққол етакчи — Сергей Мавроди яратган «МММ» ҳисобланади. Беш йил давом этган бу қаллобликка ҳар бешинчи россиялик аралашиб қолган. Тахминларга кўра, давлатнинг умумий айланма маблағларининг 10-15 фоизи шу ташкилотнинг ғазнасидан ўтган.

«Эртага бугундан қимматроқ» шиори остида пулга ўхшаш қоғозлар чиқарган Мавроди уларни сотиб олганларга бир йилдан сўнг 1000 (минг) фоизгача устамаси билан қайта сотиб олишни ваъда қилган (ва табиийки, дастлаб ваъдасининг устидан чиққан). «МММ» оддий тахминларга кўра, камида 2 млрд. доллардан ортиқ пулни ҳавога совургани маълум. Бу ўз даври учун жуда катта маблағ эди.

Шунингдек, Россия тарихида «Властилина» (2 йил давом этган, асосчиси Россиянинг энг бой аёлига айланган), «Русский дом Селенга» (2 йил давом этган) каби «МММ»га нисбатан кичикроқ, лекин умумроссия миқёсида иш олиб борган эҳромлар ҳам бўлган ва уларнинг мижозлари орасида юртдошларимиз ҳам учрайди.

АҚШ

Молия дунёси маркази табиийки, молиявий эҳромлар кўлами бўйича ҳам яққол етакчидир. Бу давлат тарихида фирибгар ташкилотлар ёки одамлар шу қадар кўпки, уларнинг ўзи алоҳида мавзу. Биз энг машҳурларини санаб ўтамиз.

Бернард Мэддоффнинг миллиардлари

Бу инсон ташкил этган «Madoff Investment Securities» компанияси ваҳимали фойдалар таклиф қилмаган. Мижозлар йиллик 12-13 фоизлик даромад кетидан оқиб келаверганлар ва 15 йиллик фаолият давомида улар сони 3 миллион кишидан ортган. Бундан ташқари, юзлаб жамғармалар ва машҳур инсонлар ҳам Мэддофга пул топширишганки, улар орасида жуда обрўлилари ҳам учрайди.

2008 йилдаги инқироз бўлмаганида Бернард Мэддоф ошини ошаб, ёшини яшаб ўтиб кетиши ҳам мумкин эди. Аммо, айнан шу жараёнда кўпчилик мижозлар қийин аҳволга тушиб, пулларини қайтариб олиш ҳаракатига тушишади. Бироқ, қайтариладиган пулнинг ўзи йўқ эди. 7 млрд. пул топилмади ва фирибгар ҳибсга олинди.

Суд унинг қилмишларини ҳисобга олганида, дунё бўйлаб кечаётган молиявий инқироз айнан Мэддоф каби инсонлар туфайли келиб чиққан, деган хулосага келди шекилли, унга оз эмас, кўп эмас 150 йиллик қамоқ жазоси белгилади. Қамоқхонада ҳам Бернард кичикроқ дўкон фаолиятини йўлга қўйди ва маҳкумлар орасида турли молиявий фириблар қилиб юрибди.

Итальян, аммо мафия эмас

Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари АҚШда мафиянинг гуллаб яшнаган даври эди. Дон Корлеоне, Ал Капоне каби жиноят оламининг корчалонлари деярли ҳамма соҳани назорат қилишар, давлат ичида давлат тузишганди. Бостонга ташриф буюрган итальян муҳожири Чарлз Понци машҳур юртдошларидан фарқли равишда қон тўкишдан воз кечиб, калла билан пул топишни афзал билди.

У бир нечта лойиҳалари омадсиз чиққанидан сўнг, оддийгина йўл тутди – қимматли қоғозлар чиқарди ва уларга ойига 20 фоиздан даромад тўлай бошлади. Аввалига унга ҳеч ким ишонмади, аммо айёр Понци чекинмади ҳамда газета мухбирларини сотиб олиб, матбуотда яхшигина шов-шув кўтаришга эришди. Шундан кейин пул топшириш истагида бўлганлардан иборат турнақатор навбатлар ҳосил бўлди ва Чарльз Понци бир йил ичида 50 млн. долларнинг «бошини еди».

Таъкидлаш жоизки, ўша пайтда АҚШдаги ўртача маош 60 доллар атрофида эди. Буёғи ҳар доимгидек, дастлаб пул тикканлар яхши фойда кўришди, охиридагилар дод деб қолаверишди. Тез орада ФҚБ бу ташкилот фаолияти билан қизиқди ва Чарльзни ҳибсга олди. Суд Понцига бор йўғи 5 йил жазо тайинлади.

Санъаткорми фирибгар?

«Backstreet Boys» ва «NSync» каби гуруҳлар бутун дунёга машҳур. Аммо уларнинг асосчиси Лу Перлман ҳам молиявий эҳром фойдасини татиб кўрганлардан. 1981 йилда у бир неча фирма тузади ва бу уларнинг акцияларини сотувга чиқаради. Кейин ёлғон ҳисоботлар билан катта фойдалар кўрсатиб, қимматли қоғозларга қизиқишни оширади.

 Аслида бу фирмалар фақат қоғозда бўлиб, ҳеч қандай фаолият юритмасди. Шунга қарамай, Перлман 25 йил давомида бемалол ҳаммани чув туширишда давом этди. Тушумлар миқдори 300 млн. доллардан ошганидагина ҳаммаси қулади ва у қанча фаолият юритган бўлса шунча муддат – 25 йилга қамалди.

Кўҳна Қитъа

Европа қироллик клуби

Ханс Гунтер ва Дамара Бертгес исмли тадбиркорлар кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришда гўё Европа банк тизими билан рақобат қилишади ва жуда оддий усулни танлашади. Мижоз 1400 маркага «фойдали хат» харид қилиши ва орадан роса бир ой ўтиб, шу хатни 1600 маркага қайтариб сотиши мумкин эди. Орадан икки йил ўтиб, фирибгарлик очилгунга қадар 1 млрд. доллар маблағ «эгасини» топганди. Қизиғи, суд Дамара Бертгесга 7 йил, Ханс Гунтерга 5 йилгина жазо бериш билан чекланди.

Португалиядаги халқ банки

Кунларнинг бирида Мария Бранка дос Сантос исмли оддий аёл банк очишга қарор қилди ва бу банкни «Дон Бранко» деб номлади. 1970 йилда ишга тушган банк ойига 10 фоиз даромад берувчи омонатларни қабул қила бошлади ва бу фаолиятини кенг қамровли реклама қилди.

У 14 йиллик фаолияти давомида шунчалик кўп мижоз орттирдики, ҳеч ким буни молиявий эҳром деб ўйламас, аксинча «Дон Бранко халқ банки» дея улуғлашарди. Марияга атаб ҳатто «Халқ банкири» номли опера ҳам саҳналаштирилган. 1984 йилда эҳром қулади ва банкир хоним 10 йилга қамалди.

Покистон ва Хитой

Шоҳона даромад

Покистонлик Саид Ҳасаншоҳ бир муддат Дубайда ишлаб келиб, бу шаҳарда айланаётган улкан пуллардан қаттиқ таъсирланди. 2005 йилда у она шаҳри Вазирободга қайтганидан кейин ўзи билан бирга биржа ўйинларида катта фойда келтирувчи ноёб компьютер дастури олиб келганини эълон қилади. Аввалига бир неча кишигина унинг қармоғига илинади, уларга келишилган фойдани берганидан кейин буёғи ҳар доимгидек кечади.

Бор-йўғи бир ярим йил ичида Ҳасаншоҳ шунчалар машҳур бўлиб кетадики, уни ҳатто вилоят губернаторлигига сайламоқчи бўлишади. Ўтган муддат ичида 300 минг нафар омонатчини 1 млрд. доллардан ортиқроққа туширган Сайид қамалганида минглаб одамлар ҳукуматнинг «адолатсиз»лигидан норози бўлиб намойишга чиқишади ва Ҳасаншоҳнинг озод қилинишини талаб қилишади.

Пул ишламоқчимисан, чумолидек тиним билма!

Хитойлик Ван Фэн исмли бизнесменнинг фирибгарлиги алоҳида китоб ёзишга арзийди. 1999 йилда Ван пул ишлашнинг ўзига хос услубини қўллайди – унинг фирмаси «жуда ноёб» чумолиларни боқиш учун кўнгиллиларни излайди. Иш тартиби қуйидагича эди: мижоз ёки «аъзо» 1500 долларга бир гугурт қути чумоли сотиб олиши ва уни «ўта сирли схема» бўйича 90 кун боқиши керак эди. Тикилган пулга йиллик 32 фоиз устама тўланар, бир қути чумоли боққан одам учун бу жуда яхши даромад эди. 2 йил ичида Ван Фэннинг обрўси кескин ошиб кетди, унга турли мукофотлар топширилди, «Хитойнинг энг кучли 100 тадбиркори» қаторига киритилди, телевизорда у ҳақда кўплаб лавҳалар кўрсатилди.

Қизиғи, ҳеч кимни «жуда кучли дори воситаси олиш учун» боқилаётган чумолилар тарихи қизиқтирмади. Аслида улар Ван Фэннинг бойиш воситалари эди, холос. 2 млрд. доллар тўплай билган «чумолибоқар»нинг молиявий эҳроми бир лаҳзада қулади. Хитой ҳукумати бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, фирибгарни аяб ўтирмади ва Ван Фэнни қатл этди.

Кўриб турганингиздек, инсоният яқин тарихда ҳам жуда кўп молиявий эҳромларга гувоҳ бўлган. Шунга қарамай, тез бойиш истаги тинчлик бермайдиганлар ҳамиша бор экан, бундай фирибгарликлар давом этаверади.

Аброр Зоҳидов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг