Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Озарбайжон ва Арманистон етакчилари Брюсселда учрашди: дастлабки натижалар маълум...

Озарбайжон ва Арманистон етакчилари Брюсселда учрашди: дастлабки натижалар маълум...

Фото: Xabar.uz

31 август куни Бельгия пойтахти Брюсселда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳамда Арманистон бош вазири Никол Пашинян Европа Иттифоқи кенгаши раиси Шарль Мишель иштирокида музокара ўтказди. Бу уч томонлама форматда ташкил қилинган тўртинчи учрашувдир.

ЕИ кенгаши раиси учрашув якуни бўйича берган баёнотида музокараларни очиқ ва самарали деб атаган.  

«Бугун биз Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги давлатлараро муносабатларни тартибга солувчи тинчлик битимига доир амалий ишларни жадаллаштиришга келишиб олдик. Ташқи ишлар вазирларига лойиҳа матнини тайёрлаш учун ой давомида учрашиш топшириғи берилди», – дейилади баёнотда.

Музокарада гуманитар масалалар, жумладан, ҳудудларни минадан тозалаш, асирлар ва бедарак йўқолганлар тақдири, транспорт йўлларини очишга ҳам эътибор қаратилган.

Бугунги кунда минтақада барқарорликни ўрнатиш Озарбайжон ҳамда Арманистон ўртасидаги чегараларни белгилашга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Маълум бўлишича, томонлар Брюсселда ноябрь ойида чегаралар делимитацияси бўйича комиссия йиғинини ўтказишга келишиб олган. Ноябрда, шунингдек, давлат етакчиларининг уч томонлама навбатдаги учрашуви ҳам ташкил этилиши кутилмоқда.

Озарбайжон президентининг ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев Брюссель учрашуви якуни бўйича берган баёнотида икки мамлакат ўртасида муносабатларни изга солишда ЕИнинг ролини юқори баҳолаган.

Брюсселдаги учрашувлар таҳлилчилар томонидан тинчлик йўлидаги умидли қадам деб баҳоланмоқда. Жорий йил 22 май куни ҳам уч давлат етакчиси учрашиб, Жанубий Кавказдаги вазиятни муҳокама қилган эди.

Озарбайжон президенти, Арманистон бош вазири ва ЕИ кенгаши раиси Брюсселда жорий йил 6 апрель куни ҳам музокара ўтказганди.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил март ойида Озарбайжон Арманистонга беш банддан иборат таклиф билан мурожаат қилган. Таклифлар пакети ўзаро суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва халқаро чегараларни тан олиш, бир-бирига нисбатан ҳудудий даъво билан чиқмаслик, БМТ низомларида доирасида иш тутган ҳолда бир-бирига таҳдид солмаслик, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, ўзаро транспорт ва коммуникация алоқаларини йўлга қўйиш кабиларни ўз ичига олади.

2020 йилнинг 27 сентябридан 10 ноябрига қадар Қорабоғда давом этган 44 кунли уруш якунида Озарбайжон халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра ўзига тегишли бўлган ҳудудларни қайтариб олди. 2020 йил 10 ноябрь куни Озарбайжон, Арманистон ва Россия раҳбарлари ўт очишни тўхтатиш ҳақида уч томонлама битим имзолади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг