Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон АҚШ билан ҳарбий тадқиқотлар ўтказиш масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон АҚШ билан ҳарбий тадқиқотлар ўтказиш масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигидаги ҳарбий делегация ҳарбий таълим соҳасидаги икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш, шунингдек, ҳар икки мамлакат ҳарбий таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида АҚШга ташриф буюрди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотига кўра, ташриф доирасида 9 сентябрь куни генерал-майор Азизбек Икрамов АҚШ Миллий мудофаа университети Президенти, вице-адмирал Фриц Ругге билан учрашди. Ўзаро мулоқот мобайнида олий бўғин офицер кадрларини тайёрлаш, шунингдек, ҳарбий тадқиқотлар ўтказиш борасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор эканлиги таъкидлаб ўтилди. Томонлар кенг кўламли масалалар ва  АҚШ Миллий мудофаа университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўналишлари бўйича фикр алмашдилар.

Ўзбекистон Республикаси делегацияси университет инфратузилмаси, ҳарбий кадрлар тайёрлашга ёндашувнинг умумий тизими, шунингдек, профессионал ҳарбий таълимнинг муайян курслари учун мўлжалланган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш принциплари билан танишди.

Шу куннинг ўзида мамлакатимиз делегацияси вакиллари Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё Стратегик тадқиқотлар маркази (NESA) директори, истеъфодаги генерал-лейтенант Томас Вульф билан учрашди. Томонлар минтақавий хавфсизлик соҳасида тадқиқотлар ўтказиш масалалари бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдор эканликлари таъкидлаб ўтилди.

10 сентябрь куни  Миссисипи штатидан АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли, шунингдек, АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили Амер Латиф билан учрашувлар бўлиб ўтди. Ўзаро мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш йўналишлари бўйича фикр алмашди.

Делегациямиз аъзолари 11-13 сентябрь кунлари Пенсильвания штатининг Карлайл шаҳрида жойлашган АҚШ Қуруқликдаги қўшинлари Ҳарбий коллежига ташриф буюради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг