Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон банклари хорижликлар учун ҳисобварақ очишда чекловлар жорий қилди

Ўзбекистон банклари хорижликлар учун ҳисобварақ очишда чекловлар жорий қилди

12 сентябрдан бошлаб Ўзбекистондаги бир қатор тижорат банклари хорижликлар учун ҳисоб ва банк карталарини очишда чекловлар жорий қилди.

«12 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг норезидент жисмоний шахслари банкларда ҳисоб рақамларини фақат қуйидаги ҳолларда очишлари мумкин бўлади:

  • банкка мурожаат кунидан олдин, 15 (ўн беш) календарь кундан зиёд узлуксиз Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлганда;
  • Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида малака ошираётганда ва талаба мақомини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлганда;
  • Ўзбекистон Республикасида расмий ишга жойлашганда», – дейилади Ўзбекистон Капиталбанк хабарида.

Банк матбуот хизмати хабарига кўра, бу чора-тадбирлар «банкдаги нақд пул оқими ва операциялари шаффофлигини таъминлаш мақсадида» амалга оширилган.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари учун банк ҳисобварақлари ва омонатларини очиш шартлари ҳам ўзгаришсиз қолмоқда.

«РИА Новости»нинг маълум қилишича, Ўзбекистон «Ипак йўли» банки ҳам 2022 йил 12 сентябрдан бошлаб норезидентлар учун ҳисобварақлар ва пластик карточкаларни очиш «фақат банк бош офисидаги оператив бўлимда амалга оширади». Банк ушбу ўзгаришлар 12 сентябргача очилган ҳисобварақларга хизмат кўрсатишга таъсир қилмаслигини таъкидлаган.

«РИА Новости» нашри, шунингдек, Ўзбекистон молия бозори иштирокчиларига таяниб, норезидент жисмоний шахслар билан ишлаш бўйича қатор чекловлар мамлакатнинг яна бир қанча банклари томонидан киритилганини аниқлаган.

Аввалроқ Россия Федерациясининг туризм соҳаси вакиллари россияликлар банк картасини расмийлаштириш учун қўшни давлатларга тез-тез саёҳат қила бошлаганини маълум қилганди. Visa ва Mastercard пластик карталарини олиш учун саёҳат қилишлар кўрсаткичи россияликлар учун Европа ва АҚШ томонидан Россияга нисбатан жорий этилган санкциялардан кейин кескин ортган. Ўзбекистон банкларидан ушбу карталарни сотиб олиш билан россияликлар хорижий ҳамкорлар билан ҳисоб-китоб қилиш, пул олиш ва жўнатиш, хорижий хизматлар учун тўловларни амалга ошириш, чет элда саёҳат қилишда тўлаш имкониятига эга бўлади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, жорий йилнинг иккинчи чорагида норезидентларнинг Ўзбекистон банкларидаги ҳисоб-китоб ҳисобварақлари сони 38,5 фоизга (169 мингтагача) ўсганини, жумладан, уларнинг 90 мингтаси Visa ва Mastercard валюта карталарига тўғри келганини маълум қилган эди.

Ўзбекистонга шу мақсадда ташриф буюрувчиларнинг асосий қисмини Россия, Украина ва Беларус фуқаролари ташкил этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг