Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон ва Ҳиндистон биргаликда ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказади

Ўзбекистон ва Ҳиндистон биргаликда ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказади

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида имзоланган 2022-2023 йилга икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ, 2023 йилда ўтказилиши режалаштирилган «Дўстлик – 2023» биргаликдаги ўзбек-ҳинд ўқувини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон ҳарбий делегацияси Кумаон вилоятидаги Уттаракханд штатининг Питхорагарх шаҳридаги тоғли ҳудудда жойлашган Халқаро тайёргарлик полигонига ташриф буюрди.
Мазкур ҳамкорликдаги тактик ўқув машғулотлари дастлаб 2019 йилда Ўзбекистон ҳудудида, 2021 йилда Ҳиндистоннинг Утаранчал штатида, 2022 йилда Хоразм вилоятида жойлашган Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг «Янгиариқ» умумқўшин полигонида ўтказилган.

Ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари жаҳонда ва минтақада кескин ўзгариб бораётган ҳарбий-сиёсий вазият, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида рўй бериши мумкин бўлган хатар ҳамда таҳдидларга қарши курашишнинг энг маъқул усул ва услубларини қўллаш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар салоҳияти, профессионаллиги ҳамда маҳоратини ошириш борасида ўзаро тажриба алмашиш имконини бермоқда.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи полковник Расул Жапаров ҳамда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Исмоил Қурбонов ҳиндистонлик ҳамкасблари билан шу йилнинг феврал-март ойларида режалаштирилаётган ҳамкорликдаги ўқувларни ўтказиш, Ўзбекистон ҳарбий контингентини қабул қилиш ва жойлаштириш ҳамда таъминот масалаларини келишиб олди.

Мазкур учрашувда икки мамлакат вакилларининг қўшимча таклифлари эътиборга олиниб, икки давлат ҳарбийлари иштирокида спорт ва маданий тадбирларни ҳам ташкил этиш бўйича тавсиялар режага киритилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг