Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонга олиб кириладиган айрим маҳсулотлар ҳажмига қўйилган чекловлар бекор қилинмоқда

Ўзбекистонга олиб кириладиган айрим маҳсулотлар ҳажмига қўйилган чекловлар бекор қилинмоқда

Ўзбекистонга олиб кириладиган айрим маҳсулотлар ҳажмига қўйилган чекловлар бекор қилинмоқда. Бу борадаги Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ҳукумат мазкур қарори билан жисмоний шахслар томонидан олиб келинадиган бир қатор товарлар учун нормаларни бекор қилмоқчи. Маиший техника, компьютер ва мобиль қурилмалар, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, атир, заргарлик буюмларидан ташқари бошқа товарларни олиб келишдаги чекловларни олиб ташлашни режалаштирмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистонга чегара постлари орқали маҳсулотларни божхона тўловларисиз олиб ўтишда ҳам миқдорий ҳам қиймат нормалари жорий этилган.

Шунингдек, маҳсулотларни мамлакат худудига олиб киришда миқдорий чекловлар ўрнатилганлиги сабабли, уларни «яшил йўлак» орқали божхона кўригидан ўтказиш имконсиз бўлиб, барча жисмоний шахслар «қизил йўлак» орқали божхона кўригидан ўтказилмоқда.

Хорижий давлатларда маҳсулотларни чегара постларидан олиб ўтишда сон ва миқдорий чекловлар ўрнатилмаган ва фақат маҳсулотларнинг умумий қийматига чеклов белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда жаҳондаги озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги шароитида аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга бирламчи маҳсулотлар билан таъминлаш, ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиб кетишини олдини олиш, мамлакат фуқароларига шахсий эҳтиёжлари учун маҳсулотларни олиб киришга шарт-шароит яратиш мақсадида, мазкур ҳужжат лойиҳаси билан Ҳукуматнинг 463-сон қарори иловасидан 20 ва 21 бандлар чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда.

Маълумот учун, Ҳукуматнинг амалда бщлиб турган 2018 йил 22 июндаги 463-сон қарори билан жисмоний шахслар учун мамлакатга олиб кириладиган маҳсулотлар хажмига чекловлар ўрнатилган.

Мисол учун, юқоридаги қарор иловасининг 21-бандига мувофиқ, мамлакатга бошқа турдаги маҳсулотларни божхона тўловларисиз, аммо ҳар бир номдаги товардан 2 кг (бўлинмайдиган товарлар бундан мустасно), умумий оғирлик 10 килограммгача бўлган ҳажмда олиб кириш мумкин.

Шунингдек, Президентнинг 2018 йил 8 февралдаги ПҚ-3512-сон қарорига мувофиқ, жисмоний шахслар томонидан республикага автойўл (пиёда) божхона чегаралари ўтиш пунктлари орқали 300 (уч юз) АҚШ долларигача бўлган маҳсулотларни божхона тўловларисиз олиб ўтиш мумкин. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг