Ўзбекистон–Қозоғистон: бош вазир ўринбосарлари муҳим масалада келишиб олди

Ўзбекистон ва Қозоғистон Халқаро саноат кооперацияси маркази қаерда жойлашуви борасида ўзаро келишиб олди. Бу ҳақдаги ҳужжат Чимкент шаҳрида икки давлат бош вазир ўринбосарлари – Жамшид Хўжаев ва Серик Жумангарин томонидан имзоланди.
Ушбу ҳужжатда Халқаро саноат кооперацияси маркази Гулистон (Ўзбекистон) ва Атамекен (Қозоғистон) ўтказиш шохобчаларида жойлашуви белгиланди. Эндиликда ҳар икки томон кооперация маркази қурилиши учун 50 гектардан ер ажратиши лозим.
Шунингдек, жорий йил 15 мартга қадар Халқаро саноат кооперацияси марказида жойлашуви кўзда тутилган лойиҳалар маълум қилинади.
Икки давлат савдо идоралари бир ой давомида Халқаро саноат кооперацияси марказида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун яшил коридор тартибини жорий этиш ва бошқа имтиёз, преференцияларни келишиб олиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 3 февраль куни Қозоғистон ва Ўзбекистон бош вазирлари Алихон Смаилов ва Абдулла Арипов Алматида учрашиб, ўзаро робиталарнинг бугуни ва эртаси, жумладан, товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш истиқболини муҳокама қилган.
Халқаро саноат кооперацияси марказининг таъсис этилиши савдо муносабатларини янада кенгайтириши кутилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасига яқин ҳудудларда савдо зоналари ташкил этилиб, икки давлат фуқаролари учун кирди-чиқди муҳрларини олмай ушбу зоналарда савдо қилиш имкони яратилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter