Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ўзбекнефтгаз»: «Schlumberger» компанияси жамият мутахассисларини нефть-газ қудуқларини аниқлашда замонавий технологиялардан фойдаланишга оид билим ва малакаларини оширилмоқда

«Ўзбекнефтгаз»: «Schlumberger» компанияси жамият мутахассисларини нефть-газ қудуқларини аниқлашда замонавий технологиялардан фойдаланишга оид билим ва малакаларини оширилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 5 ноябрда қабул қилинган «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан Конларни ишлатиш департаменти таркибида «Моделлаштириш маркази» ташкил қилинди. Моделлаштириш маркази томонидан ҳозирги кунга қадар 120 та геологик, 73 дан ортиқ гидродинамик, 40 та тармоқ ва 2 та интеграл модел ҳамда миллий маълумотлар базаси яратилиб, ишлаб чиқаришга фаол татбиқ этилди.

Моделлаштириш маркази зиммасига геологик-техник тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилишда ҳамда конларни ишлатишни режалаштириш ва бошқаришда IAM (Integrated Asset Modeler) дастуридан фойдаланган ҳолатда комплекс ёндашувга босқичма-босқич ўтиш вазифаси қўйилган.

Белгиланган вазифаларни бажариш учун «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти раҳбарияти томонидан юқори малакали жаҳон андозалари даражасидаги мутахассисларни жалб этган ҳолда ходимларининг малакасини ошириш курсларини ўтказиш орқали Жамиятнинг жаҳон бозоридаги нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Марказнинг фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида мутахассислар учун сейсмик маълумотларни қайта ишлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича ўқув курси ташкил қилинди.

Ушбу ўқув курси «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Schlumberger» компанияси ҳамкорлигида ташкил қилинди. Унда республикамиз конлари ва янги ҳудудларининг геологик моделларини тузишда геологик ва геофизик маълумотларни таҳлил қилишнинг замонавий технологияларини ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этиш орқали янги излов-қидирув ва ишлатиш қудуқларини жойини аниқлашда ноаниқликлар ва хавфларни камайтириш бўйича мавзуларда маърузалар қилинди.

Ўқув курсининг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасидаги нефть ва газ конларида интеграциялашган моделларни ишлаб чиқиш ва уларни ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этишнинг янги йўналишини чуқур ўзлаштиришдан иборат.

Конларни ишлатишни режалаштириш ва углеводородларни қазиб чиқариш жараёнларини бошқаришда ҳамда ишлаб чиқариш активларини модернизация қилиш ва уларни конларнинг бутун ҳаётий цикли давомида ишлатиш бўйича қарорлар қабул қилиш учун IAM дастурий таъминоти энг тўлиқ ва мослашувчан платформа ҳисобланади.

IAM дастурий таъминоти корхона даражасида қарор қабул қилиш учун индивидуал юқори ихтисослаштирилган моделларни (қатлам модели, кон устки жиҳазларининг тармоқ модели, нефть ва газни қайта ишлаш модели ва иқтисодий модель) ягона моделга бирлаштириш имконини беради.

Бундай ечим конни ўзлаштириш концепциясини танлаш, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ёки углеводород қазиб олишни оптималлаштириш ҳамда кунлик технологик операцияларни амалга оширишда ишлатилиши мумкин.

Ўқув курси амалий машғулотларлар ва тажриба алмашиш билан бирга кенг муҳокамаларга бой тарзда ўтди. Тренинг якунида иштирокчиларга «Schlumberger» компаниясининг «Petrel Geophysical Interpretation» йўналишида халқаро стандартларга мос келувчи сертификатлар топширилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг