Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекнефтгаз»: «Uzbekistan GTL» заводининг ишлаб чиқариш қуввати оширилиши натижасида дизель ёқилғиси нархи арзонлаштирилди

«Ўзбекнефтгаз»: «Uzbekistan GTL» заводининг ишлаб чиқариш қуввати оширилиши натижасида дизель ёқилғиси нархи арзонлаштирилди

«Uzbekistan GTL» мажмуасида жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб синтетик суюқ ёнилғи маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган бўлиб, Республика товар хом-ашё биржаси орқали истеъмолчиларга ҳар куни биржа савдолари орқали етказилмоқда.

«Uzbekistan GTL» дизели Европа сифат даражасига жавоб берадиган замонавий ва юқори сифатли ёқилғидир.

«Евро-6 стандарти» талабларига тўлиқ жавоб берадиган GTL дизели Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларида мукаммал ишлаш ҳамда экологик хусусиятларга эга биринчи синтетик ёқилғи ҳисобланади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, «Uzbekistan GTL» заводи тўлиқ иш режимига ўтказилиб, ишлаб чиқариш ҳажми босқичма-босқич оширилмоқда, шу жумладан жорий йилнинг ноябрь ойида заводнинг иккинчи навбати ишга туширилиши ҳисобига тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми янада оширилиши режалаштирилган.

Ҳозирда заводда ўртача бир кунда 1500 тонна синтетик дизель ишлаб чиқарилаётган бўлиб, ноябрь ойида заводнинг иккинчи босқичи ишга туширилиши ҳисобига бир суткада ўртача 3000 тоннагача ёқилғи ишлаб чиқарилишига етказилади.

Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали маҳсулот таннархини пасайишига эришилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан Республика ички истеъмолчиларига юқори сифатли ва экологик тоза дизель ёнилғисини етказиб беришни таъминлаш мақсадида, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раисининг кўрсатмасига биноан, жорий йилнинг 31 октябрь кунидан бошлаб Товар хом ашё биржаси орқали сотувга қўйиладиган синтетик дизель ёқилғисининг бир тоннасининг бошланғич нархи 12 998 420 сўмгача арзонлаштирилиши белгиланди.

Келгусида завод томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажми ортиши натижасида уларнинг таннархи ва мос равишда биржа савдоларига қўйиладиган бошланғич нархлари ҳам босқичма-босқич пасайтириб борилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу нарх арзонлаштирилиши сўнгги уч ой ичида учинчиси ҳисобланиб, аввал жорий йилнинг 29 августдан синтетик дизелнинг 1 тоннаси учун бошланғич нархи 15 550 500 сўмдан 14 504 378 сўмга, сўнг 13 сентябрдан 13 897 110 сўмгача арзонлаштирилган эди.

Синтетик дизелнинг бошланғич нархи 1 литр учун ҳозирда 9930 сўмдан биржа савдоларига қўйилмоқда.

GTL ёқилғисининг беқиёс тозалиги ва унинг юқори самарадорлиги техниканинг ишлаш ва техник хусусиятларини сезиларли даражада оширади.

«Uzbekistan GTL» ёқилғиси Швейцариянинг «SGS» гуруҳининг Бельгия, Эстония ва Франциядаги сертификатланган марказларида синовдан ўтказилган.

GTL дизели «Евро-4» ва ундан юқори бўлган ёнилғида ишлайдиган енгил автомобиллар ва юк машиналари, шунингдек, маҳаллий ва хорижда ишлаб чиқарилган габарит ва махсус дизель ёнилғили транспорт воситалари учун идеал тарзда мос келади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг