Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзлаштирилган бекатлар

Ўзлаштирилган бекатлар

Йўловчилар учун автобус бекатларидаги қулайлик жуда муҳим. Аммо бугун айрим тадбиркорларнинг бекатнинг фуқаролар томонидан умумий фойдаланишда бўлган қисмини қонунга зид равишда ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олаётгани кўзга ташланмоқда.

Йўловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган бу каби ҳолатлар Кадастр агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўрганилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2022 йилнинг ўтган 9 ойи давомида автобус бекатлари билан боғлиқ энг кўп ҳолат пойтахтимизнинг Юнусобод (23 та) ҳамда Яккасарой (16 та) туманларида қайд этилган. Янгиҳаёт туманида 3 та, Сергели ва Мирзо Улуғбек туманларида 2 тадан шу каби ҳолат аниқланган.

Масалан, тадбиркор М.Ҳ.га Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси, 26-мактаб ёнида жойлашган бекат худудида 25 кв.м. ер майдони, бекатнинг қолган 25 кв.м. ер майдони (худуди) фуқаролар томонидан умумий фойдаланиш учун ажратилган.

Бироқ ўрганишлар давомида тадбиркор бекатнинг фуқаролар томонидан умумий фойдаланишда бўлган қисмини ўз манфаатлари йўлида эгаллаб (ўраб олмаган ва қурилма қурмаган ҳолда), дўконга тегишли бўлган турли савдо маҳсулотлари ва бир нечта музлатгич (маиший техника) ўрнатиб қўйганлиги аниқланди. Натижада аксарият йўловчилар автобусни бекат ичида эмас, балки ташқарида кутишга мажбур бўлмоқда. Бу айниқса ёғингарчилик мавсумида одамларга қўшимча ноқулайлик туғдирмоқда.

Кадастр Агентлиги Яккасарой туман бўлими бошлиғи Фаррух Ўрозов тадбиркорга бекат мажмуасида фуқароларнинг умумий фойдаланувида бўлган худудни (ер майдонини) қисқа муддат ичида яроқли ҳолатга келтириб, дўконга тегишли бўлган турли савдо маҳсулотлари, ичимликлар ва маиший техникаларни олиб ташлаш юзасидан оғзаки кўрсатма берди.

Ш.Руставели ва Глинка кўчалари кесишувида жойлашган «Дўстлик боғи бекати» номли бекат мажмуасининг умумий майдони 50 кв.м. Ушбу бекат мажмуаси худудида умумий 6 кв.м. бўлган ер майдони (худуд) тадбиркор А.Д.га ажратилган, бироқ тадбиркор томонидан фуқароларнинг умумий фойдаланишида бўлган бекат қисмининг 13 кв.м. ва дўкон ёнида 7 кв.м. ер майдонини ўзбошимчалик билан ўраб қўйгани ва қурилма қурганлиги аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан ҳозирги кунда судга даъво ариза киритилиши режалаштирилган.

Ш.Руставели кўчасида жойлашган «Гранд мир меҳмонхона бекати» (кадастр ҳужжатларида рўйхатдан ўтган манзили ва номи бўйича) мажмуасининг умумий майдони 50 кв.м. ташкил қилади. Ушбу бекат мажмуаси худудида умумий 14 кв.м. бўлган ер майдони “REKSON” МЧЖга  ажратилганлиги, бироқ тадбиркор фуқароларнинг умумий фойдаланишида бўлган бекат қисмининг 14 кв.м. ва дўкон ёнида 13 кв.м. ер майдонини ўзбошимчалик билан ўраб қўйгани ва қурилма қурганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича бошқарма томонидан судга даъво аризаси киритилган. Якунда МЧЖ зиммасига қурилмани ўз ҳисобидан бузиб ташлашга қарор чиққан.

Таъкидлаш жоизки, жисмоний ва юридик шахслар (тадбиркорлар ва бошқалар) томонидан юқоридаги каби ерга оид хуқуқбузарлик содир этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг  тегишли моддалари бўйича маъмурий жазо қўлланилиши назарда тутилган.

Яъни, МЖтКнинг 60-моддаси 2-қисмига асосан, ўзбошимча эгалланган ер майдонлари 15 кунлик муддатда ихтиёрий бартараф этилмаса, жисмоний шахсларга БҲМнинг 25 баравари, юридик шахсларга БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима қўлланилади.

Шу билан бирга, МЖтКнинг 60-моддаси 3-қисмига асосан, ўзбошимча эгалланган ер майдонида қурилиш ишлари амалга оширилган ҳолат юзасидан жисмоний шахсларга БҲМнинг 150 ва юридик шахсларга БҲМнинг 300 баравари миқдорида жарима қўлланилишига сабаб бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг