Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзсаноатқурилишбанк: Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида 995 миллион долларлик лойиҳалар молиялаштирилди

Ўзсаноатқурилишбанк: Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида 995 миллион долларлик лойиҳалар молиялаштирилди

Қурилиш материаллари саноатининг инновацион салоҳиятини оширишга мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожининг муҳим омили сифатида қаралаётгани катта натижаларга омил бўлмоқда. Бу борада масъул муассасалардан бири бўлган Ўзсаноатқурилишбанк томонидан қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи ярмида қиймати 995 млн. долларлик 181 та лойиҳа молиялаштирилиб, 87 та лойиҳа ишга туширилди.

Президентимизнинг 2021 йил 9 июндаги «Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасини янги босқичга кўтаришнинг барча ташкилий-амалий механизмлари белгилаб берилди.

Корхоналарнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кучайтиришга қаратилган бошқарув тизими ва манзилли стратегия ишлаб чиқилди.

Ўзсаноатқурилишбанк томонидан мазкур фармон асосида амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 14,4 трлн. сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиб, ўтган йилга нисбатан 1,9 трлн. сўмга ошди. Шундан 459 млрд. сўмлик маҳсулот маҳаллийлаштириш дастури доирасида истеъмолчиларга етказиб берилди, шу йилга мўлжалланган тармоқни ривожлантириш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичлар ортиғи билан бажарилди. Бунда 560 млн. доллар ҳажмида хорижий ва маҳаллий инвестицияларнинг ўзлаштирилганлиги алоҳида аҳамиятга эгадир.

Таъкидлаш жоиз, 2022 йилда соҳада 1,8 млрд долларлик (шу жумладан, лойиҳа ташаббускорларининг ўз маблағлари – 642 млн. долл., банк кредити – 473 млн. долл., хорижий инвестициялар – 708 млн. долл.) 420 та инвестиция лойиҳани амалга ошириш, тармоқ корхоналари томонидан 27,6 трлн. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва шу орқали 15 533 та янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунга биноан бугунги кунга қадар тижорат банклари билан биргаликда қиймати 995 млн. долларлик (ўз маблағлари – 403 млн. долл., банк кредити – 422 млн. долл., хорижий инвестициялар – 170 млн. долл.) 181 та лойиҳа молиялаштирилиб, 87 та лойиҳа ишга туширилди.

Жумладан, Андижон вилоятида иш бошлаган «Водий пласт про» МЧЖнинг қиймати 3 млн. доллар бўлган йиллик қуввати 50 минг метрлик труба маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси Ўзсаноатқурилишбанк томонидан молиялаштирилган бўлса, шу ҳудудда 200 та янги иш ўрнини ташкил этган “Gsr building materials” МЧЖнинг қиймати 50 млн. долларлик лойиҳаси (йиллик қуввати 1 млн тонналик цемент ишлаб чиқариш) Халқ банкининг молиявий мадади билан ишга туширилди. Шунингдек, Қашқадарё вилоятидаги «Qarshi Conch Cement» хусусий корхонасининг қиймати 150 млн. долларлик йиллик қуввати 1,2 млн. тоннага тенг цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам истиқболли лойиҳалар қаторида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки томонидан молиявий қўллаб-қувватланди.

Йил якунига қадар банклар томонидан яна 46 та лойиҳага 43,7 млн. доллар миқдорида кредитлар ажратилиши мўлжалланган. Бунда лойиҳалар мазмуни асосан цемент (17,6 млн тонна), қурилиш ойнаси (32 млн. кв метр), керамик плиткалар (24 млн. кв метр), гипсокартон (73 млн. кв метр), гулқозоз (3 млн. ўрам) ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўз ичига олади.

Соҳада ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, тармоқ корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш жараёнига илғор технологияларни жорий этиш каби тизимли ислоҳотлар қурилиш материаллари саноатида экспорт-импорт амалиётларининг ҳам ривожига ҳисса қўшмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида тармоқда маҳсулотлар ва хизматлар экспорти ҳажми 267 млн. долларни ташкил этиб, белгиланган режа кўрсаткичи 114,7 фоизга бажарилди. Бу кўрсаткич қурилиш материалларини хориж бозорига олиб чиқиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 118,2 млн. доллар ёки 1,8 баробарга ошганлигини билдиради.

Шунингдек, 277 млн. долларлик қурилиш материаллари импорт қилиниб, мазкур амалиётлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,5 млн. долларга камайган.

Маълумки давлатимиз раҳбарининг юқоридаги фармони билан мамлакатимизнинг норуда минераллар хомашё базасини ўзлаштириш имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида 24 та туман (шаҳар)ни қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш, ушбу ҳудудларда зарур ер участкаларини ажратган ҳолда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида кичик саноат зоналари ташкил этиш белгиланган.

Бугунги кунда ихтисослаштирилган туманларда амалга оширилиши режалаштирилган қиймати 150,9 млн. долларлик (шундан банк кредити 89,6 млн.долл.) 58 та лойиҳанинг рўйхати шакллантирилди. Сариосиё туманида кичик саноат зонасини ташкил этиш бўйича дастлабки қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Жорий йил якунига қадар қолган 7 та туманда ҳудудий ҳокимликлари билан биргаликда индустриал зоналар ташкил этиш ишлари давом эттирилади. Айни пайтда қурилиш материаллари соҳасини ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатлар «Тадбиркорлар мактаби» фаолияти мисолида ҳам қизғин тус олган.

Ўзсаноатқурилишбанк томонидан «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу марказда тингловчилар малакасини баҳолаш ҳамда миллий квалификация тизими тўлақонли жорий этилган. Туркиянинг Малтепе университети билан биргаликда йилига 400 нафар соҳа вакилини ўқитиш белгилаб олинган. Марказда ўтган ўқув мавсумларида жами 140га яқин кенг жамоатчилик вакиллари ўз билим ва малакаларини ошириб, махсус сертификатга эга бўлди.

Ҳозирда «Тадбиркорлар мактаби»да саккизинчи мавсум учун қабул эълон қилинган.

Банк Ахборот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг