Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Паркентда хазина топилди

Паркентда хазина топилди

Тошкент вилояти Паркент туманида яшовчи фуқаро Насиба Бегматова 2022 йилнинг 16 сентябр куни ўз уйининг ҳовлисидан хазина топиб олди. Фуқаро бу ҳақда мутахассисларга хабар берган.

Ушбу хабар асосида тегишли мутахассислар ҳудудга етиб борган ва топилмалар саноқдан ўтказилган. Дастлабки ўрганишларга кўра, улар мис тангалар бўлиб, 939 дона экани аниқланди. Улар ўрганиш ва давлатга топшириш учун олинган. 

Мис тангалар топилган жой кўздан кечирилиб, уларнинг диаметри 115 сантиметр бўлган ўранинг ер сатҳидан 40-50 сантиметр чуқурлигида, бир жойда тўпланган ҳолда топилгани, тангалар топилган жойдаги тупроқ орасидан ўлчами 25х25х5 сантиметр бўлган пишиқ ғишт бўлаги, мовий рангда сирланган ва сирсиз идишларнинг майда парчалари сақлангани аниқланган. 

Тангалар узоқ вақт давомида ер остида, нам тупроққа қоришиб чириганлиги сабабли уларнинг ҳар иккала томонининг юзалари текисланиб кетган. Тангаларга зарб саёз урилган. Улардаги ёзувлар яхши кўринмайди. Олимлар хазинанинг ХVI аср охири – ХVII аср бошларига тегишли эканлигини айтишмоқда. Улар топилган жойдан аниқланган ашёвий далиллар - 25х25х5 сантиметр ҳажмдаги пишган ғиштлар, мовий рангдаги сирланган ва сирсиз сопол идиш синиқлари ҳам юқорида кўрсатилган даврда ишлаб чиқарилган. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг