Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Покистон Эрондан ўз элчисини чақириб олади

Покистон Эрондан ўз элчисини чақириб олади

Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Эрондаги элчисини чақириб олишга қарор қилди.

Бунга Эрон томонининг кеча, 16 январ куни Балужистон вилоятига ҳаво зарбаларини йўллагани сабаб бўлган. Эрон томони ушбу ҳолатни изоҳлаб, «Жайш ал-Адл» гуруҳи базалари ўққа тутилганини билдирган, бироқ бир муддат ўтиб, Эрон матбуотида ҳужум ҳақидаги ҳаволалар тезда ўчирилган эди.

Расмий Исломобод ўз баёнотида Теҳроннинг зарбаларини ноқонуний деб атаган ва жавоб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолганига урғу берган.

«Кеча Эрон томонидан Покистон суверенитетини асоссиз ва очиқдан-очиқ бузиш халқаро ҳуқуқ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг мақсад ва тамойилларини бузиш ҳисобланади.

Ушбу ноқонуний ҳаракат мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас ва ҳеч қандай асосга эга эмас. Покистон ушбу ноқонуний ҳаракатга жавоб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Бунинг оқибатлари учун жавобгарлик тўғридан-тўғри Эронга юкланади», – дейилади Покистон ТИВ баёнотида.

Баёнотда, шунингдек ушбу хабар Эрон ҳукуматига етказилгани ҳамда Покистон ўз элчисини Эрондан чақириб олишга қарор қилгани айтилади. Шу билан бирга ҳозирда ўз давлатида бўлиб турган Эроннинг Покистондаги элчиси қайтиб келмаслиги мумкинлиги айтилган.

Бундан ташқари яқин кунларда Покистон ва Эрон ўртасида давом этаётган ёки режалаштирилаётган барча олий даражадаги ташрифлар тўхтатилиши маълум қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг