Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент амалдорлар ишидан қониқиш ҳосил қилмаяпти. Бунинг илдизи нимада?

Президент амалдорлар ишидан қониқиш ҳосил қилмаяпти. Бунинг илдизи нимада?

Фото: Президент матбуот хизмати

(Президент Ш.Мирзиёевнинг 12 августда ўтказган видеоселектори юзасидан мулоҳазалар)

Ўзаро ишонч, қатъийлик ва ҳамжиҳатлик асосида қарор қабул қила олиш юқори маданият белгиси. Бошқарув механизми, раҳбарлик фаолиятида, айниқса бунинг ўрни тобора сезилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан мулоқот ва муомала маданиятига бориб боғланади. Акс ҳолда, турли англашилмовчилик ва ихтилофлар келиб чиқаверади.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббусни оғишмасдан амалга ошириш ҳам бевосита ана шу мезонга боғлиқ. 

«Инсон ўзгармаса, жамият ўзгармайди». Ушбу фикрни Президентимиз иккинчи Мурожаатномасида эътироф этганди. Яқинда 12 август кунидаги видеоселекторда ўша мулоҳазани яна такрорлади. Демак, талаб ва топшириқлар ижроси кўнгилдагидек эмас. Юқоридан буйруқ ва топшириқ кутиб ўтириш, ташаббус ва ташкилотчилик кўрсатиш ўрнига сансоларликка йўл қўйиш, ишни пайсалга солиш то ҳануз давом этмоқда.

Айрим жабҳалардаги ривожланишларни инкор этмаган ҳолда, шуни айтиш жоизки, халқ билан мулоқот жараёнида, уларнинг эҳтиёжларини қондириш борасидаги ҳаракатимиз ҳали мақтовга сазовор эмас. Демак, Президент қониқиш ҳосил қилмаяпти. Хўш, бунинг илдизи нимада? Бу саволга ҳам ўзи атрофлича жавоб берди. «Ҳали одамлар ўзгаргани йўқ, маданият ўзгаргани йўқ, ҳатто, ҳокимларнинг ҳам маданияти йўқ, одамлар билан гаплашишни билмайди. Олдингидай маданиятсиз гаплар билан мажлислар ўтказиб одамларни ҳақорат қилишади. Ким уларга шундай ҳуқуқ берди? Бу нимадан далолат? Бу маданиятсизлигимиздан, ўқимаганлигимиздан, маънавиятимиз пастлигидан далолат. Ҳаммамизга халқ баҳо беради».

Куюниш ва ачиниш ҳисси билан суғорилган, табиийлик ва самимийлик уфуриб турган ушбу нутқдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда иш тутиш мақсадга мувофиқ эканини замоннинг ўзи тақозо этаяпти. Куйлакнинг бичимини битта одам ҳал қилиши мумкин, лекин муаммонинг ечимини жамоа ҳал этади. Чуқур ўйланган ҳолда, ўзаро халқчил манфаатдорлик асосида иш юритишнинг баракаси ҳам самарали бўлади. Одамларни эшитиш, тушунтириш ва қарор қабул қилиш, мулоқот ҳамда муомала маданиятини тўла шакллантирмас эканмиз, залворли вазифалар, истиқболли режаларни амалга ошириш мушкул.

Тадбиркор ёхуд блогер баъзи масала бўйича изоҳ талаб этса, туман ҳокими ўринбосари унга тўғри жавоб бериш ўрнига ўдағайлаб, видеокамера штативини синдирса, ҳақоратомиз хатти-ҳаракатлар қилиб кўр-кўрона иш тутса, буни қандай тушуниш мумкин?

Биз мулоқот ва муомала маданиятимизни шарқона ахлоқий тамойиллар асосида, муошарат одоби доирасида қурмас эканмиз, халқ ишончини қозониш қийин. Ана шу тамойил тўла амал қилмаса, етук маданият, билимимиз етарли бўлмаса, раҳбарлик билан ижро органлари орасида англашимовчиликлар тугамайди.

Нутқ хулқдан озиқ олади. Ахлоқий маданиятимиз ибратли бўлмаса кўнгил оғришига сабаб бўлаверамиз. Бу эса муҳитнинг носоғомлигига, иш кўрсаткичларининг пасайиб кетишига сабаб бўлиши тайин.

Кайковус ўз «Қобуснома»сида шундай ёзади: «Кишининг мартабасини сўзи билан билурлар, аммо сўзнинг мартабасини киши билан билмаслар, чунки ҳар кишининг аҳволи ундан чиқадиган сўзнинг остига яширингандир, яъни бир сўз бир ибора билан айтилса, эшитган одамнинг кўнгли ундан хижолат тортгай ва яна ўша сўзни бир ибора билан айтса, эшитган одамнинг жони ундан роҳатланади».

Англашилаяптики, бу ўз-ўзидан нутқий ва хулқий маданиятга дахлдор. Бақир-чақир, таъбир жоиз бўлса, «бўкиришу ўкириш»лар натижа берса майли эди, у аксинча, ишнинг чаппасига кетишига, кишининг ранжишига сабаб бўлади.

Мулоқот маданий нутққа асослангандагина ўзининг таъсир кучига эга бўлади. Тилнинг бу имкониятларини истифода этишда қанчалик бефарқ бўлсак, нутқнинг маданийлик даражаси ҳам шунчалик паст бўлади, аксинча, муносабат қанчалик юқори бўлса, нутқ ҳам, ҳосила ҳам шунчалик маданий бўлиши тайин. Назарий манбаларда келтирилишича, сўзловчининг тил имкониятларига муносабат тафаккур, онг, борлиқ, турли вазият ва ҳолатлар, мақсадга бўлган муносабат қанчалик юқори савияда бўлса, нутқ маданияти, мулоқот маҳорати ҳам юқори бўлади.

 Наҳотки, аждодларимизга хос муошарат одобини унутган бўлсак. Аждодларимиз қадимдан тўғри, таъсирчан, чиройли гапиришга интилиш ва уларни одатга айлантиришга маърифий-ахлоқий талаб сифатида қараб келганлар. Сўзни қадрлаш, яхши сўзлай олиш, сўзлаганда ўйлаб, тушуниб гапириш, чин сўзлаш, тилни тийиш, суҳбат сирларини сақлаш, эзма ва вайсақи бўлмаслик кабиларга амал қилиш нутқ одобининг асосий талаблари ҳисобланган.

Нутқ маданиятини эгаллашнинг икки зарурий асоси бор. Бири ҳозирги ўзбек тили ва унинг мавжуд ифода воситаларини пухта ўзлаштириш, адабий тил меъёрларига тўлиқ амал қилиш бўлса, иккинчиси сўзлашганда муайян ахлоқ-одоб меъёрларига риоя этиш, ўз ва ўзгалар гапига эътиборли бўлиш, ўринли сўзлаш, тинглаш, суҳбатлашиш, мунозара маданиятини билишдир.

Шунинг учун ҳам видеоселекторда муҳтарам Президентимиз айрим раҳбарларни «гапиришни билишмайди» дея эътироз билдирганлари бежиз эмас. Омма билан тиллашиш ва диллашишгина мақсадларимизни амалга ошувига замин ҳозирлашини биламиз-у, негадир амал қилмаймиз, уқувимиз йўқми ёхуд унга кўникма ва малака ҳосил қилмаганимизмикан, дея ўйлаб қолади киши.

Аслида, бу тушуниш ва тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот механизмининг назарий ва амалий жиҳатларини омихта қилолмаганимиздандир.

Мулоқот турфа одамларнинг бир-бирлари билан тил топишиш, бир-бирларига турли хил маълумотларни узатиш, фикрлар алмашинуви каби мураккаб ҳамкорликни талаб қилувчи жараён. Шунинг учун ҳам ҳар бир шахснинг жамиятда тутган ўрни, ишларининг муваффақияти, обрўси унинг мулоқотга кириша олиш қобилияти билан бевосита боғлиқдир.

Таниқли психолог Б.Ф.Паригин мулоқотнинг кўп  қиррали эканини эътироф эта туриб, у кишиларнинг ўзаро таъсир жараёни, улар ўртасидаги ахборот алмашинуви жараёни, бир шахснинг бошқа шахсга муносабати жараёни, бир кишининг бошқаларга таъсир кўрсатиш жараёни, бир-бирларига ҳамдардлик билдириш имконияти, шахсларнинг бир-бирларини тушуниши каби жараёнларни ўз ичига олишини қайд этган.

 Мулоқотнинг яна бир муҳим вазифаси – у одамни у ёки бу фаолиятга ҳозирлайди, руҳлантиради. Одамлар гуруҳидан узоқлашган, улар назаридан қолган одамнинг қўли ишга ҳам бормайди, борса ҳам жамиятга эмас, балки фақат ўзигагина манфаат келтирадиган ишларни қилиши мумкин. Демак, жамоани руҳлантириш, истиқболли режаларни амалга оширишда жипслаштира олиш қобилияти раҳбарлар учун зарур.

Эндиликда, «керак бўлса эшигим олдида соатлаб кутсин, менинг соямга салом беришади, деганим деган бўлади», – дейдиган калондимоғ, кўзини ёғ босган, бурни кўтарилган раҳбарлар бугунги кунда иш юрита олмайди. Халққа қанча яқинлашса, муаммоларнинг ечимини идрок этади, одамларнинг ўй-ташвишлари билан яшаса, обрўси ва мартабаси шунчалик ошади. «Снос» масаласида халқни ранжитган айрим раҳбарларнинг хатти-ҳаракатига қараб «Кибру ҳаво нимага керак, ўтма ғурур остонасидан», – дегинг келади.

Ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва ишчанлик муҳитини яратишда, раҳбар кадрларнинг меҳнат жамоаси ва фуқаролар билан муносабатларини ўзаро ҳамкорлигига эришишида миллий маънавий қадриятлар ва ўзаро муомала маданиятини ривожлантириш долзарб масала. Жамият ҳаётининг барча соҳаларида бошқарув жараёни мавжуд. Кимдир меҳнатни ташкил қилиши, мақсад ва вазифаларни белгилаши, уларнинг бажарилишини назорат қилиши ҳамда амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириши лозим. Айнан шу масалаларни ҳал этишда раҳбарларнинг коммуникатив лаёқатлилиги, мулоқот ва муомала маданиятисиз муваффақиятга эришиш, ишни ташкил қилиш асло мумкин эмас.

Президентимиз Конституциямизнинг 24 йиллигига бағишланган нутқида «Бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этишимиз даркор. Биз аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган давлат идоралари фаолиятида одамлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтиш» зарурлигини қайд этганди.

Мулоқотнинг моҳияти борасидаги ушбу ҳақиқатни унутиш ярамайди. Француз адиби Антуан Сент-Экзюперининг «Бу дунёдаги бирдан-бир ҳақиқий неъмат одамларнинг бир-бири билан мулоқотидир», – деган фикрида жон бор.

Ваҳоланки, бойлигимиз ва борлигимиз, куч-қудратимиз манбаи халқнинг ишончи ва розилиги биландир. Навоий ҳазратларининг «Агар эл қилмади ҳимоят санга, ўзингдан керакдир шикоят санга» деган пурмаъно ҳикмати бежиз эмас. Бунинг мазмун ва моҳиятида халқ билан мулоқот қилиш, унинг қалбига қулоқ тутиш, муаммоларини оқилона ва одилона ҳал этиш мажбурияти мавжуд.

Беихтиёр шарқ мутафаккирларидан Кайковуснинг ушбу мулоҳазалари ёдга келади. «Ҳеч ишда шитоб қилмағил. Ҳар ишгаки киришар бўлсанг, олдин ўша ишдин чиқмоқни яхши кўзлағил ва ишни охириға қарағил, ҳар бир ишнинг ўлчоғин билғил ва барча ишни ўйлаб қилғил. Барча ишга, сўзга ақл юзи билан қарағил токи ботил кўра билғил». Ҳақ гап. Оқибатини ўйламасдан иш тутган киши охиратини ўйламасдан ножоиз қадам ташлаган кимсага монанддир.

Президент ибораси билан айтганда, ҳар қандай кадрда савия, билим, илм ва фидойилик уйғун бўлмас экан, фаолиятимиз мантиқсиз, ҳаракатларимиз бесамар бўлиши аниқ.

Бу эса илм ва ҳилмнинг бирлиги масаласидир. «Нурнома» рисоласида холиқи оламнинг «Мен етти дарё яратдим, уларнинг орасида бири илм дарёси, иккинчиси ҳилм дарёси» деган зикри келтирилган. Илм бу савияга, оламни англашга ишора бўлса, ҳилм — бу муомала ва мулоқот маданиятига дахлдор.  Шунингдек, Абдулла Авлонийда ҳам шунга монанд фикр бор. «Ҳилм деб бўлар-бўлмас ишга аччиғланмайдурган, арслон юракли, юмшоқ табиатли бўлмоқни айтилур. Ҳилм инсонларнинг табъидан хусумат, адоват, ғазаб, ҳиддат каби ёмон хулқларни йўқ қиладурган ҳар кимча мақбул бир сифатдур. Ҳилм илми ахлоқ юзасидан инсонга энг керакли нарсадур». Жаҳл отига минган айрим раҳбарлар буни билишса,  ғазаб асабга сабаб бўлиб инсон умрини кемириши, саломатлигига путур етказишини, бу ҳаракат ишнинг ижобий томондан кўра салбий томонга кетишини идрок этишлари зарур. Шу ўринда Вернер қонуниятини эсга олиш ўринли. «Ҳаракатнинг қиймати эҳтиёж бўлмаган жойда амалга оширилса, у нолга тенг бўлиб, тескари натижа беради».

Ҳалимтабиатлилик мулойимликдир. Жаҳл қилиш, ғазабланиш уларга ёт бўлишидан ташқари, фикрини босиқлик, вазминлик билан етказувчи кишилардир. Жаҳлнинг жилови шайтоннинг қўлида. Ҳалимтабиат инсон ўзгани эмас, ўзини енга олган кишини мард ҳисоблайди. Бу уларнинг шиори. Демак, «инсонлараро муомалада  чин инсон бўлмак учун ҳаваснинг қўлига нафснинг жиловини бермайдирган, бўлар-бўлмас нарсалардан аччиғланмайдурган, совуққонли, юмшоқ табиатли, мулойим сўзли, ҳалим ва сабрли бўлмак» лозимлиги уқтирилади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифлардан бирида «Ҳилм хулқларнинг саййидидур» дейилади. Суқрот ҳаким: «Шиддат ила муомала қилган кишиларга ман виқор ва ҳалимлик ила муқобила қилурман, чунки ҳилм шиддатни, хусуматни паст қилур. Лекин кишини ожиз ва хорлик даражасига тушурадурган ҳалимликдан ман безор», – деб ёзганди.

Кишилараро кўча-кўйдаги ўзаро мулоқотдаги муомаладан кўра, раҳбар ва ходимлар орасидаги мулоқот маданияти масъулият ҳисси ва мажбурият бурчининг юқорилиги билан ажралиб туради.

Айтиш мумкинки, нотиқлик, муомала маданияти барча касбларнинг, санъатларнинг асосида мавжуд. Ўз фикрини оммага чиройли тарзда, аниқ ва содда тушунтира олиш ва ишонтира билишга бўлган ҳаракат деярли барча соҳа, касб эгаларининг табиатида бор. Бу уларнинг доимий орзуси ҳамдир. Машина механизмларни бошқариш учун шу касбга оид чуқур билим, тажриба, лаёқат, шижоат бўлишининг ўзи кифоя. Одамлар орқали ишни бошқариш, уларга раҳбарлик қилиш бошқа нарса. Шу хакда фикр юрита туриб психолог Ш.Раззоқов «Раҳбарлик учун махсус билимлар, кўникмалардан ташқари, одамлар билан муомала қилиш, қўл остидагилар билан тил топишиш, топқирлик, ҳозиржавоблик, қалтис вазиятлардан чиқа олиш, вазиятни баҳолаш, энг асосийси, ҳар қандай мушкул вазифани қийин вазиятларда ҳам уддалай оладиган аҳил ва жипслашган жамоа тузиш қобилияти мужассам бўлиши лозим», – деб ёзади.

Халқаро майдонда мафкуравий, ғоявий ва информацион курашлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда маънавий-маърифий тарғибот ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч-осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган тажовузларга қарши изчил кураш олиб бориш вазифаси ушбу соҳадаги ишларни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштиришни, «жаҳолатга қарши маърифат билан» баҳсга кириша оладиган мулоқот ва муомала қила оладиган ритор ва иқтидорли нотиқ кадрларни тайёрлашни талаб этмоқда.

Жамият тараққиётининг муҳим мезони бўлган ушбу мулоқот механизми, коммуникатив компетенцияни амалий асосларини бошқарув тизимида, раҳбарлик фаолиятида, кадрлар масаласида кенг жорий этиш ниҳоятда зарур.

Шу ҳақда таклиф ва фикр билдирганимизда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг ташкилотчилик салоҳиятини таъкидлаш ўринлидир. У фан, таълим, туризм, спорт ва соғлиқни сақлаш тизими давлатимиз қудратининг муҳим манбаларидан эканини, бу эса ўз навбатида тарғиботнинг таъсирчан механизми – мулоқот маданияти ва нотиқлик санъати билан боғлиқлигини уқтириш асносида нотиқ-педагогларнинг кўрик танловини ўтказиш ва рағбатлантириш борасида билдирган тавсиялари шу соҳага яқин бир инсон сифатида каминани ҳам руҳлантириб юборгани рост.

Дарҳақиқат, тарғиботнинг таъсирчан, қизиқтириш орқали эргаштирувчи, ишонтириш санъати – мулоқот механизми, нотиқлик маҳорати бўлмаса, таълим сифати ва самарасининг пасайишига сабабчи бўладиган ўқитувчилар ҳам, мозий муҳри бўлган музейлардаги экспонатлар ҳақида қизиқарли тарзда маълумот бера олмайдиган гидларнинг ҳам, сайёҳларнинг эътибори ва қизиқишини орттира олмайдиган экскурсоводларнинг ҳам, масала моҳиятини теран тушунмасдан ҳар хил низоларга сабаб бўлувчи маданиятсиз ҳоким муовинларининг ҳам, давлат ва ҳукумат ҳужжатларини, қонун, қарор, фармон ва фармойишларнинг мазмун-моҳиятини содда ва равон етказа олмайдиган ҳуқуқшуносларнинг ҳам урчишига сабаб бўлаверамиз.

Хайрли ишлар маданиятли кишилар билан, улуғ вазифалар, қутлуғ мақсадлар маънавиятли шахслар, ибратли инсонлар билан амалга оширилишини, асло, унутмаслигимиз керак.

Раҳимбой Жуманиёзов, 
ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари,
филология фанлари номзоди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг