Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент кўмир ва уран ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти билан танишди

Президент кўмир ва уран ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти билан танишди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев кўмир ва уран ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Хабарга кўра, Ўзбекистонда иқтисодиёти ва аҳоли ўсиши билан энергия қувватларига талаб ошиб бормоқда. Бу эҳтиёжни таъминлаш учун барча манбалар қатори кўмир қазиб олиш ҳажми ҳам кенгайтирилмоқда. Охирги беш йилда бу кўрсаткич йилига 4 миллион тоннадан 5 миллион 300 минг тоннага оширилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимиз ҳудудида қарийб 2 миллиард тонна кўмир захиралари мавжуд. Давлатимиз раҳбари бу салоҳиятдан самарали фойдаланиб, кўмир қазиб олиш ҳажмини изчил ошириш вазифасини қўйган эди.

Тақдимотда шу борада қилинаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Хусусан, жорий йилда «Шарғункўмир» акциядорлик жамиятини модернизация қилиш лойиҳаси якунланади. Бунинг эвазига юртимизда юқори сифатли кўмир қазиб олиш қуввати 900 минг тоннагача ошади.

Президент «Шарғун» ва «Бойсун» конларини  ўзлаштириш орқали юқори сифатли кўмир ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш имконияти борлигини кўрсатиб ўтди. Бу конларга инвесторларни жалб қилиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.

Юртимиз тоғ-кон саноати ривожида яна бир муҳим манба бу — уран. 2022 йил 14 июлда «Навоийуран» давлат корхонасида уран қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш ҳажмини ошириш бўйича Президент қарори қабул қилинган эди. Хусусан, уни қазиб чиқаришни 2030 йилгача 2 баробарга ошириб, 7,1 минг тоннага етказиш чоралари белгиланган.

Йиғилишда ушбу чора-тадбирлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

Франциянинг «Orano Mining» компанияси билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича маълумот берилди. Президент ушбу ҳамкорлик доирасида уран қазиб олиш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, қўшимча янги конларни аниқлаш бўйича лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг