Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент матбуот котиби Тожикистон билан ҳамкорликда қуриладиган ГЭС ҳақида қўшимча маълумот берди

Президент матбуот котиби Тожикистон билан ҳамкорликда қуриладиган ГЭС ҳақида қўшимча маълумот берди

Бугун Президент матбуот котиби Шерзод Асадов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифинг якунида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди. Хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлигида қуриладиган ГЭС ҳақида атрофлича маълумот берилди.

— Тожикистон ва Ўзбекистон ҳамкорликда ГЭС қурилиши ҳақида айтиб ўтдингиз. Умуман, Тожикистон ҳудуди гидроэнергетика жиҳатидан катта салоҳиятга эга. Ушбу мамлакатда гидроэнергетика соҳасида ҳамкорлик истиқболлари қандай?
— Ўтган беш йил давомида икки давлат ўртасидаги бошқа соҳалар қатори гидроэнергетика соҳасида ҳам ҳамкорлик сифат нуқтаи-назаридан ижобий томонга ўзгарди. Тожикистон худудидаги Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш масаласини ўрганишга икки мамлакат раҳбарлари 2018 йилда топшириқ берган эдилар.
Президентимизнинг Тожикистонга бу галги ташрифи доирасида аниқ бир ҳужжат - Зарафшон дарёсида иккита ГЭС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди.
Жамиятга юклатиладиган вазифа мазкур лойиҳани амалга ошириш учун тегишли барча ўрганишлар ўтказиш ҳамда лойиҳани техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишдан иборат бўлади.
Ҳозирча бу иншоотлар қурилишининг сметаси ҳақида гапиришга эрта, аввал техник ва иқтисодий асослар ўрганиб чиқилиб, кейин бир тўхтамга келиш мумкин.
ГЭСлар қурилиши натижасида 1 миллиард 400 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади.
Ўзбекистоннинг ўз эҳтиёжлари учун Тожикистондан қўшимча электр энергиясини етказиб бериш имкониятлари янада кенгаяди, ўз навбатида, Тожикистонда ҳам электр таъминоти яхшиланади.
Тожикистонга қилинган ташриф давомида ҳар икки давлат раҳбарлари томонидан битимнинг ижросига ўша кундан эътиборан киришиш лозимлиги ҳақида тегишли вазирликларга жиддий топшириқ берилган.

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига қилган ташрифи чоғида икки мамлакат Президентлари ўртасида турли соҳалар қаторида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик бўйича ҳам музокаралар олиб борилди. Музокаралар якуни бўйича айнан транспорт йўналишида эришилган келишувларга тўхталиб ўтсангиз.
— Давлатимиз раҳбарининг Тожикистонга ташрифи доирасида транспорт ва транзит соҳаларида кенг ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Жумладан, икки мамлакат транспорт вазирлари томонидан Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали юклар транзити тўғрисида битим имзоланди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон транспорт ва транзит соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспортида ташишларни кўпайтириш учун бундан буён ҳам қулай шароит яратишга келишиб олинди.
Жумладан, автомобиль транспорти қатновлари кенгайтирилади, автобуслар қатнови ва темир йўл орқали йўловчиларни ташиш қайта тикланади. Юк ташишлар учун преференциялар тақдим этиш давом эттирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг