Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Путин ошпази»нинг Украинадаги яширин фаолияти очиқланди

«Путин ошпази»нинг Украинадаги яширин фаолияти очиқланди

Пригожин дастлаб юқори мартабали арбоблар, жумладан, Путинга таом етказиш билан шуғулланган.

Фото: Reuters

Россиялик тадбиркор, «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати асосчиси Евгений Пригожиннинг Кремлда таъсири тобора ошиб бормоқда. Бу ҳақда Оқ уй ҳузуридаги миллий хавфсизлик кенгаши воизи Жон Кирби гапирган. АҚШ мулозими Пригожиннинг Украинадаги яширин ишларини ҳам очиқлаган.

Қўшма Штатлар ҳисоб-китобига кўра, Украинада «Вагнер» ҳарбий ширкатининг 50 мингга яқин аскари жанг қилмоқда. Уларнинг 10 минг нафари шартнома асосида фаолият юритаётганлар, 40 минг нафари эса озодлик ваъдаси билан қамоқхоналардан келтирилган маҳкумлардир. Евгений Пригожин Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар учун ойига 100 миллион доллар сарфламоқда. 

Жон Кирбига кўра, сўнгги ҳафталарда Бахмут шаҳри яқинидаги жангларда Пригожин ширкатининг 1000 га яқин ёлланма жангчиси ҳалок бўлган. Уларнинг 90 фоизи маҳкумлар эканини айтган АҚШ расмийси «Вагнер» ширкати «россияликлар танасини Бахмут гўшт қиймалагичига ташлаш»да давом этаётганини таъкидлаган.

Вашингтон хулосасига қараганда, тадбиркор Пригожин Украинада ёлланма аскарлар сонини кўпайтириш орқали Владимир Путин билан янада яқин муносабатда бўлиш ва Кремлда ўз таъсирини оширишга уринмоқда.  Жон Кирби айрим ҳолларда «Вагнер» раҳбарияти Россия ҳарбий амалдорлари устидан ҳам ҳукмфармолик қилаётганини айтган.

Икки кун аввал Reuters агентлиги Украина урушида қурол-аслаҳа ва ўқ-дори тақчиллигига учраган Россия нафақат Эрон, балки Шимолий Кореядан ҳам қурол сотиб олаётгани ҳақида ёзди. Ушбу олди-берди ҳам «Вагнер» ширкати орқали амалга оширилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ Давлат департаменти жорий йил июль ойида Евгений Пригожин ва унинг қўл остидаги ходимлар ҳақидаги маълумот учун 10 миллион доллар мукофот эълон қилган эди. Расмий Вашингтон уларни АҚШдаги сиёсий жараёнларга аралашув орқали мамлакатга зарар етказишда айблаган.

Санкт-Петербургда туғилган Евгений Пригожин Россиядаги юқори мартабали мулозимларга таом етказиш хизмати билан танилган. ОАВ уни «Путиннинг ошпази» деб атайди. В.Путин 2018 йили АҚШнинг NBC телеканалига берган интервьюсида Пригожин билан шахсан таниш эканини тасдиқлаган, аммо унинг давлат тузилмалари билан алоқаларини рад этган.

Пригожинга қарши АҚШ (2016), Европа Иттифоқи ва Буюк Британия (2020), Канада, Япония (2022) санкция жорий қилган. Тадбиркор АҚШ ва ЕИда мол-мулк ва маблағ сақлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Е.Пригожиннинг суд орқали ЕИ санкцияларини бекор қилишга уринишлари самарасиз якунланган.

Хабарларга кўра, сўнгги пайтларда петурбурглик тадбиркорга алоқадор ширкатлар Африка қитъасидаги сиёсий жараёнларда фаол иштирок этмоқда, сиёсий арбоблар билан тил топишиб, табиий бойликларни қазиб олиш ҳуқуқини қўлга киритмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг