Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Путин ва Берлускони ўртасидаги ароқ олди-бердиси сиёсий можарога сабаб бўлди

Путин ва Берлускони ўртасидаги ароқ олди-бердиси сиёсий можарога сабаб бўлди

2019 йилги учрашув.

Фото: Sputnik/Reuters

Италия собиқ бош вазири Сильвио Берлускони кўп йиллик дўсти – Россия президенти Владимир Путиндан туғилган куни муносабати билан 20 шиша ароқ олгани сиёсий можарога сабаб бўлди. Хусусан, Европа комиссияси итальян арбобининг бу хатти-ҳаракатини Брюссель томонидан Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларнинг бузилиши деб баҳолади.

Европа Иттифоқи апрель ойида Россиядан бир қатор маҳсулотлар, жумладан, спиртли ичимликлар импортини тақиқлаган. Еврокомиссияга кўра, совға ёки ҳадялар борасида ҳам истисно кўзда тутилмаган. Санкция тартибини бузганларга қандай чора кўришни Иттифоқ аъзолари мустақил ҳал қилади. Италия ҳукумати Берлусконига таъзир чораси кўрадими-йўқми – ҳозирча маълум эмас. 

DW ароқ олди-бердисига ушбу карикатура орқали муносабат билдирди.

Собиқ ҳукумат бошлиғи ва тадбиркор Сильвио Берлускони ҳамда президент Владимир Путинни кўп йиллик дўстлик ришталари боғлайди. Ҳар икки сиёсатчи ўзаро дўст эканларини кўп бора таъкидлаган. 2019 йилда «Corriere dell Sera» газетасига интервью берган Путин Берлусконини дунё даражасидаги сиёсатчи деб мақтаган. Итальян сиёсатчиси эса 2021 йили Россия президентини замонавий халқаро сиёсатнинг кўзга кўринган ягона етакчиси деб атаган.

Рус армиясининг Украинага бостириб кириши ортидан Берлускони Путиндан буткул ҳафсаласи пир бўлгани ва ранжиганини маълум қилган эди.

Бир неча кун аввал эса итальян сиёсатчиси Россия президенти билан ярашиб олгани ошкор бўлди. Путин 29 сентябрь куни 86 ёшни қаршилаган Берлусконига 20 шиша ароқ ва таъсирли мактуб йўллаган. Берлускони Путинга «Ламбруско» мусалласи ва хайрихоҳлик руҳидаги хат билан жавоб қайтарган.

Берлускони асос солган «Олға, Италия» партияси яқин фурсатда «Италия биродарлари» миллатчи партияси билан коалицион ҳукумат тузиши кутилмоқда. Шундай муҳим сиёсий паллада Берлусконининг Путин билан яна «ош-қатиқ» бўла бошлагани мухолиф партия вакилларида кескин эътироз уйғотган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг