Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Путинни коронавирусдан ҳимоя қилиш учун мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари кўрилмоқда

Путинни коронавирусдан ҳимоя қилиш учун мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари кўрилмоқда

В.Путин жорий йил 24 март куни коронавирус беморлари даволанаётган Коммунарка шифохонасига махсус ҳимоя кийимида борган эди.

Фото: ТАСС

Сўнгги кунларда Россия президенти Владимир Путин жамоатчилик орасида тез-тез кўриниш бермоқда. Давлат раҳбари Ново-Огарево қароргоҳи ҳамда Кремлда юқори мартабали амалдорларни қабул қилмоқда. В.Путин август — сентябрь ойларида 22 та тадбирда бевосита иштирок этди. Бу ҳол Россия етакчиси карантиндан аввалги одатий тартибга қайтмоқда деган тасаввур уйғотиши мумкин. Аммо ОАВ суриштирувларига кўра, Россия раҳбарини коронавирусдан ҳимоя қилиш учун жорий йил март ойида жорий этилган хавфсизлик чораларига ҳали ҳам оғишмай амал қилинмоқда.

Давлат раҳбарини коронавирусдан муҳофаза этиш учун март ойидан бери мисли кўрилмаган эҳтиёт чоралари кўрилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, В.Путин жорий йил 24 март куни Москванинг Коммунарка мавзесидаги юқумли касалликлар шифохонасига борган ва бош шифокор Денис Проценко билан қўл бериб кўришган эди. Ушбу ташрифдан бир неча кун ўтиб, бош шифокор Д. Проценко коронавирус юқтириб олгани маълум бўлди. Ушбу ҳодиса ортидан Путин турли мажлисларни бекор қилиб, масофадан туриб ишлашга ўтди.

В.Путин асосий вақтини ўтказаётган пойтахт Москвага ёндош Ново-Огарево қароргоҳида коронавирусга қарши махсус туннель ўрнатилган.

BBC суҳбатдошларига кўра, президент қабулига кириши кўзда тутилган шахс қандай лавозимда бўлиши ва давлат раҳбарига қанчалик яқинлигидан қатъи назар мажбурий равишда икки ҳафталик карантин муддатини ўтайди. Федерал агентлик раҳбарлари, ҳатто Ҳисоб платаси раиси Алексей Кудрин, «Роснефть» раҳбари Игорь Сечин ҳам 14 кунлик карантинда бўлган. Изоляция муддати уйда эмас, балки махсус тиббий гуруҳ назоратидаги санаторийда ўталади.

Бундан ташқари, президент билан учрашиши керак бўлган барча шахслар истисносиз СOVID-19’га тест топширади. Президент маъмурияти ходимларидан ҳам ҳар ҳафта вирусни аниқлаш учун намуна олинади. Қўлида уч кунлик тест натижаси бўлмаган масъуллар давлат раҳбари қароргоҳига қўйилмайди.

Президент кўпчилик билан кўриши лозим бўлган ҳолатларда эса қатъий равишда иижтимоий масофага риоя қилинади. Масалан, В.Путин 23 сентябрь куни Федерация кенгаши аъзолари билан мулоқот қилди. Ушбу учрашувда давлат раҳбари сенаторларга яқин келмагани, балки оралиқ масофани сақлаганини кўриш мумкин.

Ёрдамчи, тансоқчи, учувчи каби яқин хизматчилар ҳам март ойидан бери Ново-Огарево қароргоҳида иҳоталанган шароитда яшаб келмоқда. Ҳозирча уларнинг уйига бориши мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисобланмоқда.

Президент матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам карантин бўйича қатъий чоралар кўрилаётганини қисман бўлса-да тан олди.

«Мен қисман тасдиқлашим мумкин. (Президент билан учрашадиган шахслардан) кимдир икки ҳафталик, кимдир бир неча кунлик карантин муддатини ўтайди, яна кимдир карантинсиз учрашади», — дейди Д.Песков.

Кремль воизига кўра, ҳар бир шахсга нисбатан коронавирусга қарши эҳтиёт чоралари индивидуал тарзда белгиланади.

Охирги пайтлар Россияда, хусусан, пойтахт Москвада эпидемиологик вазият ёмонлашгани ҳақида хавотирли хабарлар кўпайди. Таҳлилчиларга кўра, бундай шароитда президент Путин келгуси йил баҳорга қадар изоляция муҳитида фаолият юритиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг