Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Путиннинг Украина урушида муваффақиятсизлиги сабаби айтилди

Путиннинг Украина урушида муваффақиятсизлиги сабаби айтилди

Россия президенти Владимир Путин Украинада тезкор ғалабага эришиш ўрнига ўз мамлакатини Совет Иттифоқи тарқалганидан кейинги улкан фожиага гирифтор қилди, деб ёзди The New York Times (NYT). Нуфузли нашр рус ҳарбийларининг муваффақиятсизлиги сабабларини ҳам очиқлаган. 

Қайд этилишича, Украина пойтахти Киевга 18 соат ичида кириб бориш ҳақида амр олган ва 2022 йил 24 февраль куни босқин бошлаган рус ҳарбийлари 1960-йиллардаги эски хариталарга кўра ҳаракатланган. Боз устига, улар очиқ каналлар орқали, одатий уяли телефон воситасида ўзаро мулоқот қилган. Бу эса рус ҳарбийларини Украина қуролли кучларининг осон ўлжасига айлантирган.

NYT ўтказган текширув хулосасига қараганда, Россия  армияси ўз сафини пухта ташкил эта олмаган, ишбошилар уқувсизлик қилган. Оғир ҳарбий техниканинг лойгарчиликда қолиб кетгани ҳам вазиятни мураккаблаштирган.

Пандемия даврида ташқи дунёдан узилиб иҳоталаниб қолган Путин ўз даҳосига қаттиқ ишонган ҳолда етакчи экспертлар билан маслаҳатлашмаган ҳолда уруш бошлаган ва тузатиб бўлмас хатоларга йўл қўйган, деб ҳисоблайди Америка нашри.

Ғарб мамлакатларида Россия армияси юқори даражада тайёргарликка эга деган қараш шаклланиб қолган эди. Аммо Украина муҳорабаси бу тасаввурни йўққа чиқарди. NYT газетасига кўра, Путин президентлиги даврида Россия армиясини ислоҳ этиш учун юз миллиардлаб доллар йўналтирилган, аммо катта миқдордаги маблағлар коррупционерлар томонидан талон-торож этилган.

Украина қуролли кучлари Россия ҳарбий раҳбариятининг режалари ҳақида қимматли разведка маълумотларини қўлга киритишга муваффақ бўлмоқда. Масалан, Россия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи, генерал Валерий Герасимовнинг фронтга махфий ташрифи ҳалокат билан тугашига бир бахя қолган. Ташриф ҳақида аввалдан хабар топган украиналиклар генерал бориши режалаштирилган ҳудудга зарба берган. Вазиятга ҳатто АҚШ томони аралашиб, украиналикларни генерал Герасимовга ҳужум қилмасликка ундаган. Ушбу ҳодисадан кейин Россия юқори ҳарбий раҳбарияти фронт чизиғига боришга журъат қилмаган.

Сентябрь ойида сафарбарлик доирасида фронтга йўлланган ўнлаб аскарлар ҳам харита, дори-дармон ва ўқ-дори тақчиллиги сабаб ҳалок бўлган.

Жорий июль ойида АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уильям Бёрнс Украинада уруш бошлангандан буён 15 минг рус аскари ҳалок бўлгани, жароҳатланлар сони қарийб 45 минг кишини ташкил этишини маълум қилган.

Буюк Британия разведкаси июнь ойида Россия қуролли кучлари 15-20 минг аъзосидан айрилгани ҳақида хабар берган. Украина қуролли кучлари бош штаби эса душман армиясининг 44 минг аъзоси йўқ қилингани ҳақида маълумот тарқатган.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ миллий разведкаси раҳбари Эврил Ҳейнс ҳам президент Путиннинг мамлакат қуролли кучларини мағлубиятга етакловчи хатти-ҳаракатларидан таажжубга тушгани ҳақида гапирган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг