Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қайроққум сув омборидаги ҳолат юзасидан вазирлик ахборот берди

Қайроққум сув омборидаги ҳолат юзасидан вазирлик ахборот берди

Жорий йилнинг 14 январь куни ярим тунда ижтимоий тармоқларда Тожикистон ҳудудида жойлашган «Баҳри тожик» (Қайроққум) сув омбори ёрилиши натижасида сув тошқини содир бўлганлиги тўғрисида ёлғон хабарлар тарқалди.

Бундай ваҳима тарқалиши оқибатида Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин туманларида айримлар ўз яшаш ҳудудларини тарк этишга ошиқишди. Вилоят ҳокими тезда ушбу туманларга етиб бориб, одамларни тинчланишга чақирди.

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати Қайроққум сув омборидаги ҳолат бўйича маълумот берди.

«Баҳри тожик» сув омборидаги гидроэлектр станцияси директори Файзулла Азизовнинг маълум қилишича, сув омборида ҳеч қандай муаммо йўқ, барча иншоотлар техник соз ҳолатда. Гидроэлектр станциясидаги агрегатлар одатдаги тартибда ишлаб турибди. Барча иншоотларнинг хавфсизлиги назоратга олинган. Сув омбори атрофидаги ҳудудларда яшовчи аҳоли саросимага тушиб, хавфсиз ҳудудларга кўчиб ўтаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам асоссиз.

Бугунги кунда Қайроққум сув омборининг сув ҳажми 3 млрд. 443 млн. м³ бўлиб, сув омборига сувнинг кириши 892 м³/сек., сувнинг чиқиши эса 880 м³ /сек.ни ташкил этмоқда. Сув омборида охирги ўн кунлик давомида сув тўплаш ва сув чиқаришда ҳеч қандай кескин ўзгариш кузатилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида кечаю-кундуз фаолият юритадиган навбатчилик ташкил қилинган ҳамда диспетчерлик хизмати доимий ишлаб турибди. Шунингдек, республикамиздаги барча йирик сув иншоотларининг хавфсиз ишлаши яна бир бор назоратдан ўтказилди.

«Баҳри тожик»сув омборининг сув ҳажми ўзгариши бўйича қўшни Тожикистон Республикаси сув хўжалиги органлари, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда «Ўзгидромет» маркази билан мунтазам алоқалар ўрнатилган бўлиб, сув омборининг ишлаш режими бўйича ҳар соатлик мониторинг юритиб борилмоқда.

Сув хўжалиги вазирлиги фуқароларни бу каби ёлғон миш-мишларга ишонмасликка ва хотиржамликка чақиради.

Эслатиб ўтамиз, «Баҳри тожик» сув омбори сувидан Ўзбекистоннинг Тошкент вилояти Бекобод тумани, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳамда қўшни Қозоғистон Республикасининг экин майдонларини суғоришда фойдаланилади, дейилади вазирлик ахборотида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг