Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси бошчилигида «Шўртан» конидаги штабда геология-қидирув ишларини кенгайтириш ҳамда углеводород қазиб чиқариш ҳажмини оширишга оид сайёр йиғилиш ўтказилди

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси бошчилигида «Шўртан» конидаги штабда геология-қидирув ишларини кенгайтириш ҳамда углеводород қазиб чиқариш ҳажмини оширишга оид сайёр йиғилиш ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 25 декабрь куни Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларининг ижросини таъминлаш, Республика аҳолиси ва иқтисодиёти тармоқларининг ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган талабини қондириш мақсадида, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида нефть ва газ геология-қидирув ишларини жадаллаштириш мақсадида «Шўртан» кони штабида сайёр йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда «Ўзбекнефтгаз» АЖ, Давлат геология қўмитаси, «Schlumberger» хорижий компанияси, «Ўзлитинефтгаз» АЖ, «Ўзбекгеофизика» АЖ, «ИГИРНИГМ» давлат муассасасининг ҳамда жойлардаги бурғилаш, қазиб чиқариш бошқармаларининг раҳбар ва мутахассислари, геологлар, геофизиклар, муҳандислар иштирок этишди.

Дастлаб «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан 2022 йилнинг биринчи ярим йилликда бажарилган нефть ва газ геология-қидирув ишлари, захираларни кўпайтириш, янги майдонларни бурғилашга киритиш ҳамда уларнинг келгуси истиқболли йўналишлари, эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига доир таклифлар батафсил муҳокама қилинди.

2022 йилнинг ўтган даврида «Ўзбекнефтгаз» АЖ бўйича 920 кв.км атрофида 3D сейсмик-қидирув ишлари бажарилди, «Чўллиота», «Янги Алат», «Мангуберди» ва «Шарқий Арслон» номли янги майдонлар бурғилашга киритилди, шунингдек 59 минг метрдан ортиқ бурғилаш ишлари олиб борилди. Натижада 9,25 млн. шартли ёқилғи миқдордаги углеводород заҳиралари кўпайтирилишига эришилди.

Тадбирда 2022 йилда «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва Давлат геология қўмитаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган нефть ва газ геология-қидирув ишлари кўриб чиқилди.

Қўмита ва унинг таркибидаги ташкилотлар билан бирга Республикада нефть ва газ геология-қидирув ишларини ривожлантиришнинг асосий йўналиши сифатида Қорақалпоғистон Републикаси ҳудуди белгилаб олинганлиги, Устюрт минтақасида нефть ва газ геология-қидирув ишлари бўйича янги табдирларни лойиҳалаштириш ва уларни мақсадли амалга ошириш, табиий газнинг янги конларини очиш ва қўшимча захираларини аниқлаш энг устувор вазифа эканлиги қайд этилди.

Соҳа мутахассисларига Устюрт ҳудудида нефть ва газ геология-қидирув ишларини янада жадаллаштириш учун қўшимча – техник қувватлари юқори бурғилаш ускуналарини жалб қилиш, региондаги 5000 метргача чуқурликдаги катта истиқболларни ўрганиш ҳамда углеводород хом ашёси захираларини кескин кўпайтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек Устюртда қўшимча ҳудудларни ўрганиш ва янги майдонларни топиш, натижада Республика бўйича нефть ва газга истиқболли структуралар дефицитини бартараф этиш бўйича танқидий муҳокамалар бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Устюрт ҳудудининг қўшимча истиқболларини ўрганиш мақсадида «Schlumberger» хорижий компанияси билан ўрнатилган ҳамкорликлар асосида жамият билан биргаликда амалга оширилаётган ишлар ҳолати, олинган ва эришилаётган натижаларнинг самарадорлиги ҳам ўрганиб чиқилди. Ушбу компания билан кейинги йилларда Муборак, Шўртан ва Газли ҳудудлари истиқболларини баҳолаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Моделлаштириш маркази, нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари бош геологлари ва «Schlumberger» компанияси мутахассислари иштирокида «Ишчи гуруҳ» ташкил этилиб жойларга чиққан ҳолда ишларни ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-154-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Геология фанлари Университетида «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳомийлик маблағлари ҳисобидан нефть ва газ йўналишида янги лаборатория ташкил қилиш ва уни 1,0 млн. долларлик 13 турдаги ускуна ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш масалалари қайта кўриб чиқилди.

Харид қилиш жараёнларини жадаллаштириш учун «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан тегишли мутахассислар жалб қилиниши ва тегишли департаментлар келишувида қисқа муддатда техник топшириқларни ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Университет ва унинг таркибидаги институтлар билан биргаликда 2022-2023 йилларда 19 та илмий лойиҳалар бўйича ишларни ташкил қилиш, уларда Университет ўқитувчилари ва талабаларнинг иштироки, кутилаётган натижалар, уларнинг самарадорлиги каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб масъулларга зарур кўрсатмалар ва жамиятнинг геология-қидирув ишларини доимий таҳлил қилиб бориш, углеводород захираларини ўстиришга қаратилган тавсиялар тақдим этиш топшириқлари берилди.

Қарордаги топшириқлар ижросини бажаришни тезлаштириш мақсадида, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, Давлат геология қўмитаси ва унинг таркибидаги ташкилотлар ходимларидан иборат қўшма «Ишчи гуруҳ» ташкил қилиниб, масъулларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилди.

Тадбир давомида «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси томонидан бурғилаш ишларида ҳамда углеводород қазиб чиқариш жараёнларида йўл қўйилган камчиликлар танқид остига олинди ҳамда тегишли раҳбар ва мутахассисларга мавжуд камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш, бугунги кундаги дунёдаги геосиёсий ҳолатни эътиборга олган ҳолда материал-техник ресурслар таъминотини тезкор ҳал қилиш, тадбирлар самарадорлигини кескин ошириш бўйича ҳам зарур кўрсатмалар берди. Бундан ташқари, келгуси беш йилликда «Ўзбекнефтгаз» АЖ режалаштирилган мақсадларга эришиш учун Устюрт ва Ҳисор регионларида инвестиция блокларини ажратиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Таъкидлаш керакки, «Ўзбекнефтгаз» АЖ мутахассислари юқорида келтирилган тадбирларни самарали амалга ошириш орқали Республика углеводород хом ашё базасини мустаҳкамлаш, уни келгусида барқарор ривожлантириш, шунингдек аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика ресурсларига нисбатан талабини қондиришга хизмат қилиш мақсад қилинган.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг