Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қибрайда  «Ўзбектелеком» АК анъанавий ўқув курслари бўлиб ўтмоқда (видео, фото)

Кеча, 18 январь куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида «Ўзбектелеком» АК анъанавий махсус ўқув курслари бошланди. 18-23 январь кунларига белгиланган ўқув курсларининг тингловчилари — компания ва филиаллари раҳбарлари, шунингдек, бош ҳисобчилари.

2021 йилги ўқув курслари «Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда ахборот-коммуникация технологияларининг ўрни ва аҳамияти, замонавий менежмент, ёшларни қўллаб-қувватлаш — тараққиёт гаровидир», «Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ қонунчилиги» мавзуларида бўлиб ўтади.

Ўқув курсларида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов қатнашди. 

Ўқув курслари мавзулари:

  • Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини ўрганиш;
  • Янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш;
  • Ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янгича механизмлари;
  • «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегияси;
  • Ўзбекистонда ахборот жамиятининг шаклланиши: сиёсий-ҳуқуқий асослар;
  • Меҳнат соҳасида ижтимоий ҳамкорлик асослари;
  • Раҳбар кадрлар креатив фикрлаш кўникмаларини оширишнинг инновацион усуллари;
  • Шахсий самарадорликни ва ваколатларни узатиш маҳоратини ошириш;
  • Яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш;
  • Юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш тартибига 2021 йил 1 январдан киритилаётган ўзгаришлар;
  • Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини қўллаш муаммолари ва бошқалар.

Алишер Зуфаров, «Ўзбектелеком» АК бош директорининг тижорат ишлари бўйича ўринбосари:

«Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда «Ўзбектелеком» АК раҳбар-ходимлар ва бухгалтерия йўналишидаги раҳбар-ходимлар учун ҳар йили ўқув курсларини ўтказиши урф бўлиб қолган.

Ўқув курслари давомида компания олдида турган муҳим вазифалар, хусусан, 2020 йил сарҳисоби қилинади, эришилган ютуқлар билан бирга, амалга оширилиши зарур бўлган ишларга батафсил тўхталиб ўтилади.

Катта амалий тажрибага эга, бу йўналишда ижобий натижаларга эришган устозлар, профессорлар-ўқитувчилар ўқув курсларига жалб этилган. Курслар давомида раҳбарлар ҳам ўз филиаллари тажрибаларини бошқалар билан ўртоқлашади.

Бугунги кунда рақамли иқтисодиёт жуда муҳим масалага айланди. Компаниямиз аҳолига телекоммуникация хизматларини тўлиқ ва юқори сифатда кўрсатиш бўйича жуда кўп ишларни амалга оширяпти. Жумладан, ижтимоий соҳа билан боғлиқ объектларда юқори тезликдаги интернет ва телекоммуникация хизматларини кўрсатиш биринчи навбатдаги вазифаларимиздан ҳисобланади.

2020 йилда онлайн таълим, онлайн иш юритишга жуда катта эътибор қаратилди. Телекоммуникация хизматларига талабнинг ошиб кетганини инобатга олган ҳолда ўз иш фаолиятимизда, ишга ёндашувимизда жуда катта ўзгаришларни амалга ошириш зарурияти туғилди. Шундан келиб чиқиб, телекоммуникация хизматларини жойларга кенгроқ етказиш ва барча ижтимоий соҳа объектлари (маҳала фуқаролар йиғинлари, мактаблар, мактабгача тарбия ва соғлиқни сақлаш муассасалари)га юқори тезликдаги оптик толали алоқа линияларини етказиш ҳамда уларга ҳамёнбоп нархларда хизматлар кўрсатиш масалалари долзарблик касб этди. Ўқув курсларида  бу мавзуда ҳам ўзаро фикр алмашилиб, жаҳон тажрибаси ўрганилди».

Курсларда раҳбар кадрларнинг стрессга бардошлилигини шакллантириш тренингларида интерактив усуллар орқали стрессли вазиятларни таҳлил қилиш масалалари, улардан чиқиш йўлларини қўллаш, касбий стрессларни бартараф этиш малакаси ривожлантирилади.

 

Ўз имкониятлари ва ресурсларидан максимал даражада фойдаланиш, иш вақтини самарали режалаштириш ва ташкиллаштириш ҳамда меҳнат ва хордиқ ўртасида мувозанатни топиш бўйича билим ва амалий кўникмаларни ривожлантириш мақсадида селф-менежмент бўйича турли хил ролли ўйинлар, кейслар ва интерфаол усуллар шаклида тренинг машғулотлари ўтказилади.

Шунингдек, иштирокчилар томонидан компаниянинг молиявий ҳолати, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, тармоқда амалга оширилаётган лойиҳалар, компания филиалларининг телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.  

Тингловчилар курс давомида Тошкент шаҳридаги IT-парк ҳамда Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетининг IT-инкубация марказида бўлиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишадилар. 2021 йилнинг 23 январь куни тингловчиларга сертификатларни топшириш маросими бўлиб ўтади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг