Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қиммат авиачипталар, кўмакка муҳтож муҳожирлар – Туркия элчиси саволларга очиқ жавоб берди

Қиммат авиачипталар, кўмакка муҳтож муҳожирлар – Туркия элчиси саволларга очиқ жавоб берди

Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар.

Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар мамлакатимиздаги етакчи интернет нашрлар вакиллари билан учрашиб турли мавзулардаги саволларга жавоб қайтарди. Мулоқотда «Xabar.uz» мухбири ҳам қатнашиб, сайёҳлик ва ОАВ соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини кўтарди.

Ватандошлар ҳуқуқи ҳимояси бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?

Айни пайтда Туркияда минглаб ўзбекистонликлар меҳнат қилмоқда. Ойнинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беши қоронғи: гоҳида матбуотда юртдошларимиз зўравонлик қурбони бўлгани ёки аксинча жиноятга қўл ургани ҳақида хабарлар чиқади. Суҳбат аввалида элчи Олган Бекар фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун икки давлат масъул идоралари қандай чора-тадбирлар кўраётгани ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар ривожлангани сари ватандошлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласи ҳам кун тартибига чиқмоқда. Халқаро конвенцияга мувофиқ, бундай вазиятларда мамлакат ваколатли идоралари тегишли дипломатик ваколатхонага дарҳол хабар беради.

Жиноий ишлар ҳақида гап кетганда, суриштирув-тергов жараёни ҳар бир мамлакатнинг ички иши экани, ҳуқуқий идоралар уни мустақил тафтиш этишини унутмаслик керак. Аммо расмий мурожаатларга биноан суриштирув-тергов борасида ҳамкорлик амалиёти ҳам мавжуд.

Ҳозирда икки давлат фуқароларига ҳуқуқий кўмак бериш борасида келишув юзасидан музокара олиб борилмоқда. Биз ўзаро ҳуқуқий кўмакни янада мустаҳкамлаш, прокуратура, суд, ички ишлар идоралари ҳамда дипломатик ваколатхоналар ўртасидаги ахборот алмашувини кучайтириш кераклигини теран англаймиз», – дейди жаноб Бекар.

Ноқонуний ишчилар тақдири қандай кечади?

Туркияда ишлаб рўзғор тебратаётган ўзбекистонликлар орасида ноқонуний муҳожирлар ҳам йўқ эмас. Дипломат ноқонуний меҳнат ҳар томонлама хатарли эканидан огоҳлантирди.

«Туркиядаги кўп кузатиладиган муаммо шуки, айрим хориж ватандошлари сайёҳлик визаси билан бориб, тегишли рухсатсиз ишлашга киришади. Пировардида эса Туркияга кириши чекланган ҳолда депортация қилинади. Мен барча хорижликлар каби ўзбекистонлик қардошларимизни ҳам рухсатнома олган ҳолда меҳнат фаолияти билан шуғулланишларини тавсия этаман. Негаки, расмий рухсатнома олган шахс қонунан ишчи мақомига ҳамда суғурта, соғлиқни сақлаш борасида ҳуқуқларга эга бўлади. Маоши ҳам кафолатланади. Хавфсизлик нутқаи назаридан ҳам қонуний тартибда меҳнат қилиш айни муддаодир», – дейди элчи.  

Авипчипталар нархи нега бунча қиммат?

Кейинги йилларда кўплаб соҳалар қатори туризм борасида ҳам икки давлат ўртасида алмашув кучайган. Аммо, дейлик, ўзбекистонликлар учун БААга арзон сайёҳлик пакетлари таклиф этилаётган бир пайтда Туркияга сафар харажатлари сезиларли даражада баланд бўлиб қолмоқда. Хусусан, аксар юртдошларимиз авиачипта нархи қиммат эканини айтмоқда. Хўш, бу масаланинг ечими борми?

«Айни пайтда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳафталик авиақатновлар сони 56 тани ташкил этмоқда. Унинг ярми «Türk hava yolları», қолган ярми «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ширкатлари томонидан амалга оширилади. Аммо бу кўрсаткич икки қардош ўлка ўртасидаги тиғиз борди-келдилар учун етарли эмас.

Авиачипта қиммат экани борасидаги фикрга мен ҳам қўшиламан. Очиғи, 1000-1200 долларлик чипта кўп сафар қиладиган камина учун ҳам қимматлик қилади. Чипта нархи туризмнинг янада кенгайишига тўсиқ ҳам бўлмоқда. Мен бу масалада авиаширкатларни айбламаган бўлар эдим. Ширкатлар талаб юқори эканига кўра шундай йўл тутаётган бўлса ажаб эмас.

Масалани ҳал этиш учун парвозлар сонини ошириш лозим. Бу борада ҳар икки томон ирода ва ғайрат кўрсатиши керак.

Биз Туркиядан Самарқанд, Урганч, Фарғона шаҳарларига парвозларни йўлга қўйиш таклифи билан мурожаат қилганмиз. Шунингдек, пойтахт Анқарадан тўғридан-тўғри рейсларни амалга ошириш режамиз бор. Қолаверса, сайёҳлик марказларимиздан бири – Анталиядан Тошкентга «Türk hava yolları» ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» рейсларини йўлга қўйиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун ҳаракатлар давом этмоқда. Икки томон муштарак мақсад йўлида келишувга эришади, албатта. Парвозлар сонининг ошиши, табиийки, рақобатга йўл очади. Охир-оқибат нарх-наво ҳам мақбуллашади», – дейди дипломат. 

Бир йил аввалги хулоса ўзгармадими?

Элчи О.Бекар бир йил аввал «Xabar.uz»га берган интервьюсида Ўзбекистоннинг туризм бўйича салоҳияти улкан экани, туркияликлар Бухоро, Самарқанд, Хива каби шаҳарларни албатта кўриши лозимлигини таъкидлаган эди.

Маълум бўлишича, ўтган муддат давомида дипломатнинг бу борадаги фикри янада қатъийлашган.

«Туркия элчиси сифатида Бухоро, Самарқанд, Хива шаҳарларига бир неча бор сафар қилдим. Ҳар гал ташрифдан сўнг бу қадим шаҳарларни албатта кўрмоқ, идрок этмоқ лозим дейман ўз-ўзимга. Зотан, бу замин – бизнинг ота юртимиз. Ўзбек қардошларимиз мероси – бизнинг ҳам меросимиз. Кейинги ойларда Туркиядан Бухоро, Самарқанд, Хива зиёратига келаётганлар сони кўпаймоқда. Биз ҳам ватандошларимизга қадимий шаҳарларни ўз кўзингиз билан кўринг деб тарғиб қилмоқдамиз. Таъкидлашни истардимки, ўтган муддат ичида Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларини кўрмоқ лозим деган хулосам янада қатъийлашди», – дейди суҳбатдошимиз.

Туркий давлатлар журналистлари уюшмасини тузиш вақти келмадими?

Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) халқаро майдонда тобора жиддий ўрин эгалламоқда, тузилма доирасида турли йўналишдаги робиталар мустаҳкамланмоқда. Ҳамкорлик тадрижи, қолаверса, бугунги геосиёсий вазият ТДТ журналистлари бошини қовуштирувчи уюшма ёки ассоциация тузишни талаб этаётгандек. Туркия элчиси «Xabar.uz» мухбирининг айни шу мазмундаги таклифини қўллаб-қувватлади.

«ТДТ доирасида қўшма фаолият янада кенгайиши тарафдориман. Хусусан, туркий ўлкалар ўртасида ахборот алшашуви кучайса, ишончли ахборот муҳити вужудга келади. Одамларга ўзга манбалардан ахборот излашга ҳожат қолмайди. Умуман, ТДТ доирасида амалга ошириладиган дастур ва лойиҳалар бисёр. Улар босқичма-босқич рўёбга чиқишига ишончим комил. Негаки, давлат раҳбарлари, етакчиларимизнинг бу борадаги иродаси қатъий ва собит», – дея фикрларига хулоса ясади Олган Бекар.

Суҳбат давомида икки биродар халқ ҳамкорлигига доир яна бошқа масалалар ҳақида ҳам сўз борди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг