Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қиролича Елизавета II нинг соғлиғи ёмонлашгани хабар қилинмоқда

Қиролича Елизавета II нинг соғлиғи ёмонлашгани хабар қилинмоқда

Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг шифокорлари унинг соғлиғидан хавотирда. Бу ҳақда бугун, 8 сентябр куни Букингем саройида маълум қилинди.

«Бугун эрталаб қўшимча текширувдан сўнг, Қиролича шифокорлари унинг соғлиғидан хавотирда ва унга тиббий назорат остида қолишни тавсия қилишди.

Қиролича ҳозирда Балморал қасрида ва у ерда ўзини қулай ҳис қилмоқда», – дейилади хабарда.

Бирлашган қиролликнинг янги Бош вазири Лиз Трасс ўзининг Twitter’даги саҳифасида бу ҳақда тўхталиб, Букингем саройидан чиққан бу хабар «бутун мамлакатни хавотирга солганини» айтади.

«Мен ва барча британияликлар қиролича ва унинг оиласи билан», – дейди у.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 6 сентябр куни 96 ёшли Елизавета II собиқ Бош вазир Борис Жонсоннинг истеъфосини Букингем саройида эмас, балки Балморал қасрида қабул қилган эди. Бу унинг ҳукмронлигининг 70 йилида биринчи марта содир бўлди. Маълум қилинишича, тегишли қарор қироличанинг «қулайлиги» учун қабул қилинган.

Аввалроқ, 2 сентябр куни эса Британия қироличаси Шотландияда анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган Бремар тоғли ўйинларини ўтказиб юбориши маълум бўлган эди. Sky News телеканалидаги манбанинг сўзларига кўра, қироличанинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли унинг ҳаракатланиши қийинлашиб бормоқда.

2021 йил сентябр ойида Елизавета II вафот этган тақдирда Британия расмийлари ва қироллик оиласининг қандай ҳаракатланиши тўғрисидаги тартиблар ишлаб чиқилган эди. «Лондон кўприги» деб номланган операциянинг асосий мақсади мамлакатдаги тартибсизликлар ва миллий хавфсизликка таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг