Қолоқлик қачонгача? Журналистлар ва депутатлар ҳокимни саволга тутишди

Бухоро вилояти, Жондор тумани ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан жуда паст кўрсаткич қайд этган. Туман Халқ депутатлари кенгаши вакиллари ушбу вазиятни «қолоқлик», деб изоҳлашди. Ҳа, дарҳақиқат, буни бошқача ном билан атаб бўлмайди. Шу сабабли ҳам туман ҳокими Камол Рўзиевич Камоловнинг кенгашдаги ҳисоботи анча оғир ўтди. Депутатлар билан бир қаторда журналистлар ҳам ҳокимни саволга тутишди. Дастлабки савол эса ишсизлик масаласида бўлди.
— Туманда ташкил этилаётган битта иш ўрнига 12 нафар ишсиз даъвогарлик қилаётган экан. Бу жуда ёмон кўрсаткич. Муаммони қандай ҳал қилмоқчисиз?
— Тумандаги ишсизларнинг 5869 нафари камбағал оила вакиллари ҳисобланади. Асосий эътиборимиз уларнинг доимий иш ўринларига эга бўлишига қаратилган. Шу мақсадда ишсизларни қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасидаги ишларга жойлаштиряпмиз. Икки мингдан ортиқроқ фуқаро ҳамон ишсиз бўлиб турибди. Уларни асосан ўзини-ўзи банд қилиш ёки тадбиркорликка жалб этиш орқали ишли қилиш ниятимиз бор. Бундан ташқари кичик бригадалар ташкил этганмиз, улар иссиқхоналар қуриш билан шуғулланмоқда. Шунчаки иссиқхона қуриб бериш билан иш тугамайди, тегишли мутахассислар иш юритишни ҳам ўргатади.
— Туманда кўрсаткичлар паст экан, демак бунда сизнинг айбингиз бор. Ҳоким сифатида қандай камчиликларингиз борлигини айта оласиз? Қўл остингиздаги қайси соҳа ходимлари сизга панд беришди?
— Тан олиш керак, 2019-2020 йилларда бирмунча ижобий ишлар билан бир қаторда эътиборсизликка ҳам йўл қўйдик. Айнан шу ҳолат қизил ҳудудга тушиб қолишимизга сабаб бўлди. Биз қайд этилаётган кўрсаткич ва рақамлар статистикада қандай акс этаётганини инобатга олмаганмиз. Шунинг учун ҳам бажарилган иш билан статистика бир-биридан фарқ қилишини кўриш мумкин. Айтайлик, экспорт борасида шундай англашилмовчилик бўлган. Туманда 8 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилган. Аммо статистикада бошқача рақам қайд этилган.
Иқтисодий масалалар бўйича ўринбосарим ҳисоботни назоратга олмаган. Ўрганиш давомида статистика бўлимида ишлайдиган ходимлар ўз вақтида ҳисобот топширмаган тақдирда жаримага тортилиши аниқланди. Ходимлар турли соҳаларни бўлиб олган, агар ўз вақтида топшира олмаса уларга белгиланган жазо чоралари бор. Шу сабабдан ҳар ойнинг 24-25 санасида ҳисобот топширилган. Оқибатда улардаги рақамлар ва бизники фарқ қилади. Мана шундай эътиборсизлигимиз ва назорат қилмаганимиз оқибатида вазият шунга бориб етди.
Статистика борасида яна бир мисол — айтайлик бир фуқаро қабулхонага бир масалада беш, олти, керак бўлса 10 марталаб мурожаат қилган. Рақамларда эса бир хил мазмундаги ўша мурожаат 10 марта қаноатлантирилмаган бўлиб қайд этилган. Бу бўйича вазиятни инобатга олиб, бундан сўнг ҳар бир ҳисоботни охирига қадар назорат қилишга келишиб олдик.
Статистикани йўлга қўйсак, туманимизда сўнгги 9 ойнинг натижасидан кескин фарқ қиладиган ўзгаришлар бўлади. Йил якунига қадар қониқарсиз қизил ҳудуддан сариқ ҳудудга ўтишга ваъда бераман.
— Хориждан инвестиция жалб этиш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Бизда жорий йил бўйича инвестиция олиб кириш режаси 10 миллион доллар эди. Ўтган вақт давомида туманга 11 миллион долларлик сармоя олиб кирилди ва режа ортиғи билан бажарилди. Масалан, Эрон билан қўшма корхона очилди. Улар 4 миллион доллар сармоя киритган. Шунингдек Россия ва Афғонистондан инвесторлар бор, донни қайта ишлайдиган корхоналар ишга туширилди. Мана шундай корхоналардан бирини афғонистонлик йигит ташкил қилган. Туманда илгари инвестиция деярли йўқ эди, мана энди иш юришиб кетди.
— Ўтган йили Президент қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига қилинган мурожаатларнинг фақат 40 фоизи қаноатлантирилган. Қолган 60 фоиз мурожаат нима сабабдан ечимсиз қолди?
— Бу масала анча чигал. Масалан фуқаро мурожаат этиб келади ва ваколатимиз доирасига кирмайдиган масалани ҳал қилиб беришни сўрайди. Мисол учун: «мен тадбиркорлик билан шуғулланмоқчиман ва ер беринг». Ваҳоланки тадбиркорга ер ажратиш туман ҳокими ваколатида эмас. Яна бир мурожаат тури — туманда уй-жой қуриляпти. Аммо мурожаатчи: «Менда имконият йўқ, бошланғич тўловни давлат тўлаб берсин ёки ўзингиз ҳомий топиб тўлаб беринг», дея талаб қўйишади. Биз имкон даражасида ёрдам берамиз, аммо жуда кўп миқдордаги мурожаатларни қаноатлантиришнинг имкони бўлмайди.
— Туманда кўп хонадонли уйлар бор, аммо канализация мутлақо йўқ. Бу масала қандай ҳал қилинади?
—Вилоятга сув-оқова тизими ва йўлларни таъмирлаш учун 370 миллион доллар атрофида кредит ажратилган. Айни вақтда жойларни ўрганиш ва лойиҳалаш ишлари олиб бориляпти. Жараён якунига етгач, бир-икки ой ичида сув ўтказиш, канализация ётқизиш ва йўлларни таъмирлаш ишлари бошланади.
— Баъзи ҳудудларда чиқинди ўз вақтида олиб кетилмаслиги натижасида зовурларга ташланяпти. Оқибатда ернинг шўрланиш даражасини ушлаб турадиган зовурлар кўмилиб кетяпти. Чиқиндини олиб кетадиган махсус техника сотиб олинадими?
— Шундай муаммо борлигини ўзимиз ҳам яхши биламиз. Туман бўйлаб айланиб юрганимизда зовурларга чиқинди ташланиши ҳолатига гувоҳ бўлганмиз ва тўхтатганмиз. Шу вақтга қадар махсус техника етишмас эди, ниҳоят икки туманга чиқинди ташиш машиналари олиб келдик. Октябр ойидан график қилиб, ахлат олиб чиқилишини таъминлаймиз.
— Занги қишлоғида автомобил йўли бор. Халқ шу йўл таъмирланишини кутиб чарчади. Бу борада нима дея оласиз?
— Занги қишлоғи эски маҳаллалардан. Нафақат у ердаги, балки тумандаги кўплаб йўллар таъмирталаб аҳволда. Яқинда йил якунланади, шундай экан, дарҳол асфалт қиламиз, деб ваъда бера олмайман. Аммо эртагаёқ қум ва шағал ташлаб, октябр-ноябр ойларида бироз бўлса-да ўнглаб берамиз. Муаммоли йўл ўзи бир ярим, икки километр чиқса керак. Келаси йил ўша йўлни асфалт қилиб берамиз.
— Юқорида тумандаги вазият оғирлигига статистика нотўғри ҳисобланганини сабаб қилиб кўрсатдингиз ва ўша рақамларни тўғирлаш орқали туманни қизил ҳудуддан сариққа олиб ўтишни айтдингиз. Гапингиздан шундай маъно келиб чиқмоқдаки, қоғоздаги рақамларни ўзгартириш орқали муаммони ҳал қилмоқчидексиз...
— Йўқ, аслида бунақа демоқчи эмас эдим. Гап шундаки, умумий ҳисобда 9 та бандда муаммолар қайд этилган бўлса, шундан иккитасида рақамлар фарқ қилишини айтгандим. Биз мана шунга эътиборсизлик қилганмиз. Қолган соҳаларда дарҳақиқат паст кўрсаткичлар қайд этилган. Буни тан оламиз. Қоғоздаги статистика билан халқни рози қилиб бўлмайди. Туманни сариқ ҳудудга чиқарамиз, дея ваъда берганимда амалдаги ишлар билан бунга эришишни назарда тутган эдим.
— Жондор тумани тўлиқ газлаштирилмаган. Аҳоли қишга тайёрланиш учун юлғун ва саксовул йиғишни бошлайди. Туманга кўмир етказиб бериш бўйича етарлича иш олиб борилганми?
—Туман 40 фоиз газлаштирилган. Табиий газ босими етарли бўлмаган ҳудудлар ҳозирда тармоқдан узилган ва пропан балонлар етказиб бериш йўлга қўйилган. Мана шу ҳудудлар аҳолиси талабини ўрганган ҳолда кўмир билан таъминлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Вилоятимизда учта туманни кўмир билан таъминлайдиган база мавжуд. Қайси ҳудуд қачон кўмир олиб кетишини жадвалга олганмиз. Таълим ва тиббиёт муассасалари таъминланиб бўлгандан сўнг аҳолига ҳам тўлиқ етказиб берамиз.
— Туманнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш учун қайси соҳаларни ривожлантириш керак?
— Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш керак. Менинг секторимнинг ўзида 9 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Натижада аҳолининг жон бошига тўғри келадиган саноат улуши оширилади. Масалан Варахша ҳудудини оладиган бўлсак, сув бормагани туфайли илгари экин экилган ерлар оборотдан чиқиб кетган. Бошқа вилоятлар тажрибасини ўрганган ҳолда шу ерларни фойдаланишга қайтармоқчимиз. Хусусан, 300 гектар ерга сурхондарёлик деҳқонлар жалб қилиниб, боғ яратилди. Шундай лойиҳаларни кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Насиб қилса, кўрсаткичлар йил охирига қадар яхшиланади.
— Тадбиркорлик кўпайгани яхши, аммо инфратузилма масаласи ҳам кўриб чиқиляптими? Масалан, янги корхона очилса электрга эҳтиёж ҳам ошади.
— Дарҳақиқат 89 та сармоя лойиҳасини амалга ошириш учун электр керак. Аммо бу борада хавотирга ҳожат йўқ, саноат зонаси учун керак бўлган коммуникацияни Республикадан келиб, ўрнатиб беришмоқда. Қувват етмайдиган жойларга янги трансформаторлар ўрнатиляпти, янги линиялар тортилмоқда. Табиий газ керак бўлган тақдирда, 15 километргача бўлган масофага янги газ қувурлари тортилади. Қувват етмайдиган жойларга қўшимча қувват берилади.
— Аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи қачон тўлиқ қаноатлантирилади? Масалан, Янгиобод ва Аминобод ҳудудларидан кўп эътироз бўлмоқда..
— Туманда электр энергиясида узилиши мумкин бўлган 24 та аҳоли пункти бор. Бу ерлардаги трансформаторларни янгисига алмаштиришни режалаштирганмиз. Трансформатор эски, қишлоқлар эса кенгаймоқда, янги иморатлар қуриляпти. Шу сабабли анча олдин қурилган трансформаторларнинг қуввати етмаяпти. Йил охирига қадар янгисига алмаштириб берамиз.
— Ҳозир бу ерда кўп ваъдалар берилмоқда. Аммо бу айтилганлар қуруқ гап бўлиб қолмайдими?
— Ушбу кенгашда депутатлар иштирок этмоқда, қолаверса, Олий Мажлис қонунчилик палатаси вакили бор. Айтилаётган ҳар бир гап ёзиб борилмоқда. Агар ваъдаларим қуруқ гап бўлиб қолса, мен ҳам, қўл остимдаги ходимлар ҳам лавозимимиз билан жавоб беришга тайёрмиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter