Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сенат янги қонунни маъқуллади

Сенат янги қонунни маъқуллади

Фото: Сенат ахборот хизмати

Бугун, 4 август куни, Тошкент шаҳрида Сенатнинг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Дастлаб, «Давлат қарзи тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан давлат қарзи ва унга хизмат кўрсатиш харажатларининг устуворлиги, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларни белгилаш кўзда тутилган.

Шунингдек, қонунни ишлаб чиқишда давлат қарзини бошқаришда парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича самарали яхлит тизимни яратишга эътибор қаратилган.

Қонун билан давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги, давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкинлиги белгиланмоқда.

Қонун нормаларига мувофиқ давлат қарзини бошқариш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси палаталари, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва Молия вазирлигининг ваколатлари белгиланмоқда.

Хусусан, Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш бўйича ваколатли орган этиб белгиланмоқда.

Давлат қарзи тўғрисидаги маълумотлар ва шу билан боғлиқ жараёнлар ҳақида фуқароларимизни тўлиқ хабардор қилиш тартиби ҳам Қонунда ўз ифодасини топган.

Шу мақсадда, Молия вазирлиги томонидан давлат қарзининг ҳолати ва ўзгариши тўғрисидаги ахборотлар йилнинг ҳар чорагида ўз расмий веб-сайтига жойлаштирилиши белгиланган.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг