Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қорабоғда вазият нега кескинлашди? Озарбайжон мудофаа вазирлиги янги амалиёт тафсилотларини очиқлади

Қорабоғда вазият нега кескинлашди? Озарбайжон мудофаа вазирлиги янги амалиёт тафсилотларини очиқлади

Фото: «mod.gov.az»

Сўнгги кунларда Қорабоғ ҳудудида яна беқарорлик юзага келди. Озарбайжон мудофаа вазирлиги минтақада аксилтеррор амалиёти ўтказилгани ҳақида баёнот берди.

Қайд этилишича, Озарбайжоннинг Россия тинчликпарвар қўшини жойлашган ҳудудида ноқонуний арман қуролли гуруҳлари томонидан террор хуружи амалга оширилган. Озарбайжон армиясининг Лочин йўналишида жойлашган бўлинмалари ўққа тутилиши оқибатида ҳарбий хизматчи Анор Рустам ўғли ҳалок бўлган. Озарбайжон вазирлигига кўра, ноқонуний фаолият юритаётган қуролли гуруҳлар Гирхгиз тепалигини эгаллаб олишга уринган.

«Озарбайжон армияси бўлинмалари амалга оширган «Қасос» деб аталган жавоб амалиёти жараёнида Кичик Кавказ тоғ тизмасининг Қорабоғ чўққиси бўйлаб жойлашган Гирхгиз, Сарибаба ва бошқа қатор муҳим тепаликлар назоратга олинди», – дейилади Озарбайжон мудофаа вазирлиги баёнотида.

Операция жараёнида ноқонуний тузилмалар аъзолари ҳамда уларга тегишли ҳарбий техника ва аслаҳа йўқ қилингани хабар қилинган.

Тан олинмаган «Тоғли Қорабоғ республикаси» дрон ҳужуми оқибатида икки аскар ҳалок бўлгани, 14 нафари жароҳатланганини билдирган ва қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилган.

Россия мудофаа вазирлиги ҳудудда Озарбайжон ҳарбийлари ўт очишни тўхтатиш режимини бузгани борасидаги версияни илгари сурган.

Расмий Боку  Озарбайжоннинг Россия тинчликпарвар қўшини жойлашган ҳудудида ноқонуний ҳарбий гуруҳлар фаолият юритишига йўл қўйилмаслиги, 2020 йил 10 ноябрда имзоланган битим талабларига риоя қилиниши лозимлигини урғулаган. Таъкидланишича, Озарбайжон томони суверен ҳудудидаги террор ва провокацияларга қарши қатъий чора кўради.

Озарбайжон омбудсмани Сабина Алиева минтақадаги террорчилик хуружлари борасида халқаро ташкилотларга мурожаат йўллаган.  Омбудсман ноқонуний тузилмаларнинг жиноий хатти-ҳаракати оқибатида бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлаётгани, халқаро ҳуқуқ меъёрлари бузилаётганини қайд этган ва дунё ҳамжамиятини ҳолатни бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракат қилишга ундаган.

Кейинги пайтларда Европа Иттифоқи Озарбайжон ҳамда Арманистон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришда воситачи вазифасини бажармоқда. Жумладан, жорий йил 22 май куни Бельгия пойтахти Брюсселда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳамда Арманистон бош вазири Никол Пашинян Европа Иттифоқи кенгаши раиси Шарль Мишель иштирокида музокара ўтказган эди.

ЕИ Қорабоғдаги сўнгги беқарорликларга билдирган расмий муносабатида томонларни Лочин коридори бўйлаб юзага келган ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ва тинч музокараларга киришишга даъват этган. 

Қайд этилишича, ЕИ – Жанубий Кавказда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, Қорабоғда тарангликни бартараф этиш тарафдори.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 27 сентябридан 10 ноябрига қадар Қорабоғда давом этган 44 кунли уруш якунида Озарбайжон халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра ўзига тегишли бўлган ҳудудларни қайтариб олди. 2020 йил 10 ноябрь куни Озарбайжон, Арманистон ва Россия раҳбарлари ўт очишни тўхтатиш ҳақида уч томонлама битим имзолади.

Аввал хабар берганимиздек, расмий Боку Арманистонга ўзаро муносабатларни изга солишни назарда тутувчи беш банддан иборат таклиф билан мурожаат қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг