Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Расул Кушербаев ички ишлар вазирига мурожаат қилди

Расул Кушербаев ички ишлар вазирига мурожаат қилди

Фото: Xabar.uz

Сўнгги вақтларда ички ишлар органлари томонидан мажбурий олиб кетилган фуқаролар ҳақида маълумот берилмаётгани учун уларнинг яқинлари ва оила аъзолари норози бўлаётганлигига доир мурожаатлар кўпайиб бормоқда.

Хусусан, сўнгги кунларда блогер Ш.Комиловнинг йўқолиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўтган йили бу ҳолат автоблогер Б.Ғаниев билан ҳам содир бўлган, яъни у то қамалгунга қадар яқинлари унинг қаердалиги, аҳволи ҳақида била олишмаган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати мазкур масала юзасидан Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга мурожаат қилди. 

«Икки ҳолатда ҳам блогерлар. Балки бу тасоддифдир. Бироқ оммага маълум бўлган шу икки ҳолатдан кўриниб турибдики, фуқароларнинг яқинларга хабар бериш, ҳимоячи билан учрашиш каби ҳуқуқлари ваколатли ходимлар томонидан бузилмоқда.

Шу боис, фуқаролар ва ички ишлар органларининг барча ходимларига қуйидагиларни эслатиб ўтмоқчимиз.

«Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасига кўра, махсус қабулхона маъмурияти ва ходимлари маъмурий қамоққа олинган шахс махсус қабулхонага жойлаштирилган пайтдан бошлаб унга у махсус қабулхонага жойлаштирилганлиги тўғрисида адвокатга, қариндошларига ёхуд бошқа шахсларга телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар қилиш ҳуқуқини бериши шарт.

Жиноят процессуал кодексининг 226-моддасига кўра, ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан (эркин ҳаракатланишга бўлган ҳуқуқларнинг ҳақиқий чекланган пайти) эътиборан кўпи билан қирқ саккиз соатни ташкил этади. Суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан зарур ва етарли асослар тақдим этилганда ушлаб туриш суднинг қарори билан қўшимча равишда қирқ саккиз соатга узайтирилиши мумкин.

Ушлаб турилган шахс турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш ҳуқуқига эга.

Ваколатли ходимлар фуқарога ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш имкониятларини яратиб беришлари шарт.

Юқоридагилардан келиб чиқиб Ички ишлар вазиримиздан ходимларининг ушбу қонун талабларига сўзсиз риоя этишларини алоҳида назоратга олиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймасликларини сўраб қоламиз», дейилади депутат мурожаатида.

Фуқаролар, сиз эса қонуний ҳуқуқларингизни талаб қилишдан қайтманг, дея таъкидлаган Кушербаев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг