Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россия Ўзбекистон бозоридан қозоқ донини сиқиб чиқармоқчи

Россия Ўзбекистон бозоридан қозоқ донини сиқиб чиқармоқчи

Ҳозирда Қозоғистон Тожикистон ва Ўзбекистон дон импортининг 90 фоизини таъминлайди. Бироқ, Россия бу бозорларни фаол ривожлантириш ниятида. Бу ҳақда Россия Федерацияси Дон экспортчилари иттифоқи раҳбари Эдуард Зернин шу ҳафта Тошкентда бўлиб ўтган Каспий ва Марказий Осиё дон форумидаги нутқида маълум қилди.

Мутахассислар Марказий Осиё бозорларида аҳоли сонининг ортиб бориши ҳамда иқлимнинг қурғоқчиллиги кучайиши фонида келгуси икки-уч йил ичида буғдойга бўлган талаб учдан бир қисмга ошишини тахмин қилмоқда.

Россия томони ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши ҳамда санкциялар чекловлари туфайли собиқ бозорларга чиқишнинг мураккаблашиши натижасида ҳосил бўлаётган ортиқча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари оқимини бу ерга йўналтириш режаларини яширмаяпти. Келгусида Қозоғистон ушбу ҳудуддаги бозорларда ўз улушини сақлаб қолиш учун Россия билан рақобатлашишига тўғри келади.

Қозоғистон дон иттифоқининг расмий вакили ва эксперти Евгений Карабанов жорий мавсумда Қозоғистоннинг бу рақобат курашида транспорт инфратузилмаси заифлиги панд бераётганини айтади.

– Марказий Осиё ва Афғонистондаги харидорларимиз дон ва ун маҳсулотларини етказиб беришимизни кутаётган бир пайтда биз нормал экспортни йўлга қўя олмаяпмиз, – дейди Евгений Карабанов. – Айни пайтда Россия ушбу минтақа бозорига кириб келмоқчи. Харидорларимиз транспорт инфратузилмамизнинг ҳал бўлишини кутишмоқда. Аммо бу тез орада содир бўлмаса, улар кутишдан чарчашади ва шунчаки Россия томонга оғишни бошлайдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг