Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россия қўшинлари Херсондан чекинмоқда. Шойгу буйруқ берди

Россия қўшинлари Херсондан чекинмоқда. Шойгу буйруқ берди

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинадаги қўшинлар қўшма гуруҳи қўмондони Сергей Суровикиннинг ҳисоботидан сўнг, урушнинг биринчи кунларида босиб олинган Херсондан рус қўшинларини олиб чиқишни бошлаш ҳақида буйруқ берди.

Генерал Суровикин ўз ҳисоботини Россия армиясининг муваффақиятлари ҳақидаги сўзлар билан бошлаган. Сўнг, Украина қуролли кучлари Каховская ГЭС қуйи ҳудудидаги ерларни сув остида қолдириш режаси борлигини айтиб, қўшинларнинг Херсондан олиб чиқилиши аскарлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беришини билдирган.

«Мавжуд вазиятни ҳар томонлама баҳолаган ҳолда, Днепр дарёсининг чап қирғоғи бўйлаб мудофаани ташкил қилиш таклиф этилади. Бу жуда қийин қарор эканини тушунаман. Шу билан бирга, биз, энг муҳими, ҳарбийларимизнинг ҳаёти ва қўшинлар гуруҳининг умумий жанговар қобилиятини сақлаб қоламиз», — деди Сергей Суровикин.

«Розиман. Қўшинларни олиб чиқишни давом эттиринг», – деган Шойгу.

Айрим манбаларда келтирилишича, Херсон ҳудудида кечаётган жангларда рус қўшинлари жиддий зарбаларга учраган.

Эслатиб ўтамиз, урушнинг илк кунларидаёқ Херсон эгалланган эди. Бир ой муқаддам Херсон вилояти референдум натижасида аннексия қилиниб, Россия ҳудудига қўшиб олинганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг