Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россия Украинада қанча аскар йўқотгани маълум қилинди

Россия Украинада қанча аскар йўқотгани маълум қилинди

Фото: ТАСС

BBC очиқ ахборот манбаларига таяниб Украина босқини давомида ҳалок бўлган россиялик ҳарбий хизматчилар рўйхатини тузди.

2 сентябрь ҳолатига кўра рўйхатга 6020 нафар ҳарбий номи киритилган. Ҳалок бўлганларнинг 17 фоизини (1025 киши) офицерлар, жумладан, 4 нафар генерал, 35 нафар полковник ва 77 нафар подполковник ташкил этади. Қолганлар кичик офицерлар ва сафдорлар гуруҳига мансуб. Махсус вазифалар юкланган офицерлар орасида ҳам қурбонлар сони кўп. Экспертлар уларнинг ўрнини тўлдириш қийин бўлишини таъкидлаган.

Ўрганишлар жараёнида Украина урушида рус армияси сафида жанг қилган Қирғизистон (13 киши), Тожикистон (9 киши), Молдова (1 киши) каби постсовет мамлакатлари вакиллари ҳам ҳалок бўлгани аниқланди.

BBC нашри изоҳига кўра, 6020 рақами реал вазиятни тўлиқ акс эттирмайди, рўйхатга фақат расман тасдиқланган ҳолатларгина киритилган, ҳалок бўлганлар сони аслида бир неча баравар юқори бўлиши мумкин.

Жорий июль ойида АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уильям Бёрнс Украинада уруш бошланган 24 февралдан буён 15 минг рус аскари ҳалок бўлгани, жароҳатланлар сони қарийб 45 минг кишини ташкил этишини маълум қилган.

Буюк Британия разведкаси июнь ойида Россия қуролли кучлари 15-20 минг аъзосидан айрилгани ҳақида хабар берган. Украина қуролли кучли бош штаби эса душман армиясининг 44 минг аъзоси йўқ қилингани ҳақида маълумот тарқатган.

Россиянинг ўзида ҳалок бўлган аскарлар ҳақидаги маълумот давлат сири даражасида яширин тутилади. Москва жорий йил 24 мартда 1351 аскар ҳалок бўлгани ҳақида расмий маълумот берган, холос. Ўшанда ҳам таҳлилчилар бу рақам камайтириб кўрсатилганини тахмин қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг