Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Рўзигул Сафарова: «Экология соҳасида аёл раҳбар бўлса табиатни ўз фарзандидек ҳимоя қилади»

Рўзигул Сафарова: «Экология соҳасида аёл раҳбар бўлса табиатни ўз фарзандидек ҳимоя қилади»

Жамиятимизда табиат муҳофазаси тизимида аёллар жуда ҳам кам. Чунки ўрмончилик, экология соҳасига «эркакларнинг иши», деб қаралади. Экология фанлари номзоди Рўзигул Сафарова ана шундай кам сонли фидойи эколог аёллардан бири ҳисобланади, яъни Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига раҳбарлик қилиб келмоқда. Табиатан интилувчан, қаттиққўл раҳбар, аммо меҳрибон она Рўзигул Сафарова она табиатимизга зиён етказаётган инсонларга нисбатан шафқатсиздир. Ана шундай инсонлар борлиги учун ҳам бугун экологик муаммолар қисман бўлса-да ўз ечимини топмоқда.

– Рўзигул опа,нега бу соҳани танлагансиз?

– Томиримда оқаётган қоним, ҳар бир олаётган нафасимда экология мужассам. 1988 йили Қишлоқ хўжалиги институтининг ўрмон хўжалиги факультетини битириб Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида илк фаолиятимни бошладим. Бу йўналишни танлашимдан мақсад ўрмон қўйнида улғайдим. У ердаги сокинлик, табиатнинг гўзал манзараси доимо мени мафтун этган. Ўрмон хўжалиги факультетига ҳужжат топширмоқчи бўлганимда, отам «Бу қиз боланинг иши эмас, доимо тоғма-тоғ от миниб юрмайсан, турмуш қуришинг керак, ундан кўра шифокор бўл, қиз болага шу касб маъқул», деганларида «мен фикримдан қайтмайман, ўрмончи бўламан» деб, сўзимда қатъий турдим. Мактабни битириб, Тошкентда қишлоқ хўжалиги институтига ҳужжат топшириб қайтдим. Отам «Мединститутга ҳужжат топширдингми?», деганларида, жим туравергандим. Чунки ёлғон гапирсам, айбимни билиб қолади, ёлғон гапирмасам «ҳужжатларингни қайтариб ол», дейди. Сўнг юрак ютиб, «Қишлоқ хўжалиги институтига ҳужжат топширдим» деганимда, отам: «Эҳ, қайсарсан, барибир билганингдан қолмабсан-да» деган. Инсон ўзи танлаган касбини эгаллайман деса, ҳеч нарса унга тўсиқ бўла олмайди.

Ёшлигимиздан отам бизга от минишни ўргатгани учун, амалиётда ҳам бемалол тоққа чиқиб кетаверар эдим. Чунки ўзим ҳолатни кўзим билан кўрмасам, ишонмасдим. Экология соҳасига биринчи марта келганимда лабораторияда ишимни бошлаганман. Айнан лабораторияда ишлаш, таҳлилларни амалга ошириш менга экология фанлари номзоди илмий даражасини олиш имконини берди. Лабораториядан бўлим, кейин инспекция бошлиғи вазифаларида ишладим. 1994 йили номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиш, илмий ишимни давом эттириш учун Тошкент вилояти экология қўмитасига ишга кирдим. Бошқарма бошлиғи мени ишга қабул қилаётганида «Қизим фарзандларингни қолдириб, шу ерга келибсан, мақсадинг нима?» деган. Мен:«аввало, илмий ишимни якунлашим керак. Сурхондарё вилояти экология қўмитасига раис бўлиб боришим керак», деганман. Йиллар ўтди. Тошкент вилояти экология қўмитасининг раҳбари Турғун ака бир куни «Сурхондарё вилояти экология бошқармаси раиси ишдан бўшабди, кетасанми?», деб қолди. Мен «кетаман» дедим. «Бу аёл кишининг иши эмас», дея қайтарди. Аммо мен қароримда қатъий эдим. Саккиз ойлик чақалоғим билан Сурхондарё вилояти экология бошқармасига раис бўлиб келишим учун буйруққа илк маротаба устозим Халилулла Шеримбетов имзо чеккан. Кейин уларнинг тавсиялари билан 2001 йили раҳбар бўлдим. Ўша пайтлари Сурхондарёда Бахтиёр Олимжонов ҳоким эди. Бахтиёр ака мени эътиборсиз қабул қилди – ориққина қизга қараб, «Сен эплайсанми?», деди. «Эплайман», дедим. Сўнг «осмонда нечта қуш учади?», деб сўради. Мен:«Санаб кўриб, айтаман», дедим. «Сурхондарёда нечта дарахт бор? Ҳисоб-китобинг борми? »деб сўради. Мен «Иш бошласам ҳисобини оламан, ҳозир билмайман», деб жавоб бердим. «Жавоб қониқарли», деди. «Бошқа саволларингиз бўлмаса, кетсам бўладими?», деганман. Ўша пайтлари ҳокимлар билан қандай муомала қилиш кераклигини ҳам билмаганман. У «кетинг ёки кетманг» ҳам демади. Дарвозадан чиқаётганимда, эшик олдида турган посбонлар: «Опа орқангизга қайтинг, ҳоким сўраяпти» деди...Ҳоким қўл бериб: «Мен сиз билан ишлайман», деди.

– Юртимизда аҳолининг табиатга муносабати афсуски яхши эмас. Ушбу соҳада яна қандай камчиликлар бор ва уларга қандай қилиб ечим топиш керак, деб ўйлайсиз?

– Кадрлар масаласига келадиган бўлсак, албатта 90 нафар ходим бу ҳудудий жиҳатдан катта вилоят учун аслида кам. Ҳозирда 1 та туманда 1 йўналиш бўйича атиги 1 нафар инспектор фаолият олиб боради. Ўсимлик дунёсининг биохилма-хиллиги йўналишида туман миқёсида 1 нафар, вилоят бошқармасида 2 нафар инспектор ишлайди. Агар 1 туманнинг ўртача 40-60 минг гектар ер майдони бўлса, биргина инспектор «Яшил макон» лойиҳаси бўйича ўтқазилган дарахтлар сонини ҳам аниқлаши, ҳам уларнинг парваришини назорат қилиши ҳамда суғориш тизимини кўздан кечириши керак. Мен ҳар доим ходимларни ишга олаётганда бир қоидага амал қиламан. Уларни дарров бирор лавозимга тайинлаб қўймайман, аксинча дастлаб ҳар бир йўналиш бўйича яхши тайёргарликдан ўтказиб бораман. Сув, чиқинди билан ишлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси каби йўналишларни яхши ўрганиб, профессионал мутахассис бўлгандан сўнг иш лавозимига тайинлайман. Натижада 1 туманда 4-5 та инспектор фаолият олиб борадиган бўлса, уларнинг барчаси турли йўналишларда муаммосиз ишлай олади.

– Сўнгги вақтларда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига инсониятнинг зарари тобора ортиб, бунинг ортидан уларнинг турлари ҳам камайиб бормоқда. Айнан Сурхондарё вилоятида саноқлигина сиртлон яшайди. Чўпонлар томонидан уларни қириб юбориш ҳолатлари ҳам содир бўлмоқда. Айнан сиртлон «Қизил китоб»га киритилган, аммо уни муҳофаза қилиш бўйича бажарилаётган ишлар қониқарли даражада эмас. Ноёб турдаги ўсимлик ва ҳайвонларни асраб қолиш учун қандай усуллардан фойдаланиш тўғри бўларди?

– «Қизил китоб»га киритилган ноёб турларни асраб қолиш ҳозирги кунда энг оғриқли нуқталардан бири. Биринчи галда халқнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бўлган муносабатини, маданиятини ўзгартиришимиз керак. Лекин фақат бу орқали ижобий натижа кутиш қийин, бу услуб йиллар давомида ўз самарасини деярли бермай келди. Бугун Сурхондарё давлат қўриқхонаси иккита йўналишда фаолият олиб бормоқда. Биринчиси флора ва фаунани асраш бўлса, иккинчиси грантлар билан ишлаш. Биохилма-хиллик борасида тадқиқотлар ўтказаётган олимлар сони жуда ҳам кам. Бу борада илмий тадқиқотларни кўпайтириш зарур. Энди чўпонлар ичида табиатга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлаётганлари кам эмас. Уларга нисбатан қонуний чораларни кучайтириш лозим. Зеро, табиатга зарар етказаётган инсон, албатта қонун олдида жавоб бериши керак.

Мана бугунги кунда браконьерлар кўпайиб кетди. Овчилик йўлланмасини қўлига олади-да, аммо унга риоя этмай, амалда табиатга зиён етказади, жониворларни қиради. Бу муаммоли масалага ечим топиш учун бир браконьернинг орқасидан у нима қилаётганини кузатиб юриш қийин иш. Шу боис мен тажрибамга таянган ҳолда кўпчиликка маъқул бўлган ва жуда кўп инсонлар қўллаб-қувватлаган ишга қўл урдим. 2001–2010 йилларда икки юз нафар жамоатчи инспекторим бўларди. У пайтлар бирорта вилоятда йўқ эди, бу каби жамоатчи инспекторларни фаолиятга жалб қилиш тажрибаси. Фондимизга ўзимиз эга бўлганимиз сабабли жамоатчи инспекторлар ҳатто штатдаги инспектордан кўпроқ ойлик маош олган пайтлар бўлган. Чунки жамоатчилар аниқ бажарган иши, келтирган нафи учун пул оларди. Масалан, ғалла ўрим-йиғими пайтида дон йиғиштириб олинган майдондаги сомонга олов қўйилса, ишонч телефонларимиз орқали бизга хабар беришарди ва биз ҳоким ёки фермердан олдин воқеадан хабар топиб, оловни ўчиришга киришардик. Мақсадимиз ёнғин учун фермерга жарима солиш эмас, балки ана шундай ёнғинларнинг олдини олиш бўлган.

Ҳозир мен жамоатчилик инспекторлар фаолиятини қайта тиклашга киришдим. Ноябрь ойидан бери асосан жамоатчи инспекторлар билан ишлаяпман. Яқинда, Музрабод туманидан бир гуруҳ овчилар ҳайвонларни овлаётгани ҳақида хабар келди. Кечқурун тезкор гуруҳни жўнатдим. Миллий гвардия бизга ёрдам берди. Камида 7 нафар овчи-браконьерларни ушладик. Ов мавсуми бошланишидан олдин телевидение, радио, газета ва сайтлар орқали тўлиқ тушунча ва маълумотларни берамиз, нима мумкину, нима тақиқланишини тушунтирамиз. Овчиларга «ноқонуний хатти-ҳаракат қилманг, рухсатнома билан ишланг, аксинча, эртага чора кўришимизга тўғри келади. Келинг, бир-биримизни ҳурмат қилайлик ва қўллаб-қувватлайлик, жонзотларни асрайлик», деб мурожаат қиламиз. Лекин, тан олиш керак, мурожаатларимиз ҳаммага ҳам бирдек етиб бормаяпти ёки бошқача айтадиган бўлсак, ҳамма ҳам куюнишимизнинг мағзини чақмаяпти.

Мана ов мавсуми бошланиши билан табиатга, жонзотларга зарар етказилгани бўйича 7-8 та ҳолат аниқланиб турибди. «Қонун-қоидалар мен учун эмас, бемалол уларни буза оламан ва менга ҳеч нарса бўлмайди», деб ҳисоблайдиган айрим ашаддий ҳуқуқбузарларнинг айби бўйнига қўйилгач, қилмишини телевидение орқали халққа кўрсатамиз. Қавм-қариндош, маҳалла-кўй, энг асосийси, фарзандлари олдида юзи шувут бўлган одам иккинчи марта қонун-қоидаларни менсимаслик кўчасига кирмайди. Масалан, ана шундай қилмиши учун ҳатто фарзандларидан ҳам танбеҳ эшитган бир йигит яқинда жамоатчи инспекторларимиз сафига қўшилди.

– Рўзигул опа, Сурхондарёдаги Пайғамбар ороли биохилма-хиликка бой, аммо ekologuz телеграм каналимиз ботига келган хабарга кўра, ички ишлар ва бошқа куч тузилмалари ходимлари «Қизил китоб»га киритилган Бухоро хонгулини овлашаётган ҳолатлари кузатилаяпти. Айтингчи, ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳам курашишга кучингиз етадими?

– Пайғамбар ороли чегара ҳудуди ҳисобланади. Оролнинг нарёғи Афғонистон. У ерга борсангиз, нарёқдагилар тандир ёқяптими, овқат пишираяптими шундоқ кўриниб туради. Чегара ҳудуди бўлгани учун бизга у ерга киришга рухсат йўқ, биз у ҳудудда ишлай олмаймиз. Агар ҳарбий прокуратура биздан мутахассис сўраса, киришимиз мумкин.

– Ҳарбий прокуратурага браконьерлик ҳолатлари бўйича ариза берсангиз бўлмайдими?

– Бунинг учун қўлимизда аниқ факт бўлиши керак, факт бўлмаса аризамиз қабул қилинмайди. Факт бўлиши учун эса, биз аввал, ичкарига кириб кўришимиз керак. Масалан, оролда 860 та хонгул бор. У ерда содир бўлаётган браконьерлик ҳолатларининг олдини олиш учун ҳарбий прокуратура таркибида кичик экологик гуруҳ, яъни ўша жойнинг ҳайвонот оламига ҳам, ўсимлик дунёсига ҳам масъул бўлган жамоа шакллантирилса мақсадга мувофиқ бўларди. Яъни, бизга ахборот беришмаса ҳам, ўша жойни сақлаб қолиш учун ўзлари ҳаракат қилсин, деган масала билан чиққан эдик. Аммо натижа бўлмади. Агар рухсат бериш имконияти бўлса, бир ойда бир мартами, бир йилда икки мартами инспекторларимиз орол ҳудудига кирсин. Шу орқали ҳайвонот ва ўсимлик дунёси сақланиб қолган бўларди.

– Бу берган таклифингизга жавоб келдими?

– Йўқ, ҳали жавоб келмади. Чегара қўшинларигаям бу бўйича хат чиқардик, ўша сиз эшитган хабарлар бизнинг ҳам қулоғимизга чалиниб туради-да, лекин факт йўқ. Агар бўлса, биз уни чегара қўшинларига юборамиз, чегара қўшинлари барибир биздан мутахассис сўрайди, чунки ўзларида мутахассис йўқ. Шунда биз кира оламиз, ҳолатни ўрганиб чиқамиз. Ҳар қандай ҳолатдаям, уларнинг таркибида экология бўйича гуруҳ очилса, нур устига аъло нур бўларди.

– Фикримча, Ўзбекистоннинг ҳайвонот дунёсини сақлаб қолиш учун ҳеч бўлмаса уч йилга мораторий жорий қилиш лозим, чунки айни пайтда ҳайвонларимиз қириб ташланаяпти. Бу борада сиз қандай фикрдасиз?

– Кўнглимдаги гапни айтдингиз, ҳайвонот дунёсига ҳам, ўсимлик дунёсига ҳам узлуксиз мораторий бериш керак, деб ҳисоблайман. Агар мораторий бўлса, отиладиган ҳайвонми, отилмайдиган ҳайвонми, қанчасини асраб қоламиз.

– Жамоангизда эркаклар кўп, уларни бошқаришга қийналмайсизми?

– Жамоамизда мен билан биргаликда 14 нафар аёл бор. Улар асосан кадрлар бўлимида, ёрдамчи ёки фаррош бўлиб ишлашади. Мен аёллар раҳбар бўлишини жуда истайман. Чунки аёл ичмайди, чекмайди, қолаверса, ўзимдан қиёс, болаларимни қанчалик яхши кўрсам, қандай муносабатда бўлсам, экологияга, ҳайвонот дунёсига ҳам шундай муомалада бўламан. Мен уларни асраш учун ҳамма нарсага тайёрман. Битта дарахт кесилса, аямайман, зарур бўлса прокуратурагача олиб бораман. Қўл остимдаги одамларга нисбатан жуда ҳам қаттиққўлман. Албатта, бу нарса кўпчиликка ёқмайди.

– Бошқарманинг туман бўлимларида бошқа аёл раҳбарлар борми?

– Йўқ, агар, яхши аёл раҳбар бўлса, жон деб олардим ишга. Бир йиғилишда, олдинги ҳокимимиз билан «Яшил макон» бўйича сал келишмовчилик бўлди. Олдига кирмоқчи бўлсам, опа сиз билан гаплашадиган гапим йўқ, деди. Юриб кетаётганида, шундай олдига чиқдим-да, «гаплашасиз, сиз ҳоким бўлсангиз, мен бошқарма бошлиғиман, менинг ҳам муаммоларим бор, менинг ҳам сиз билан ҳал қиладиган ишларим бор. Ҳоким бўлсангиз, вазифангизни бажаринг», дедим. Айтмоқчиманки, баъзида аёлларнинг шартакилиги бирон масаланинг ҳал бўлишида асқотади.

– Айни пайтда экоинспекторларга берилиши керак бўлган ваколатни ички ишларга беришди. Улар ҳозир ўзларининг вазифаларини тўлиқ бажара олмаяпти, фақатгина жарима ундиришаяпти.

– Кўпчилик, шундай деб ўйлайди, лекин шу соҳанинг бошида юрганим учун айтаман, мақсад жарима ундириш эмас бизда. Шундай тизим яратяпмизки, дарахт кесилиб, жарима ундирадиган ҳолат бўлишини кутмаймиз. Жамоатчилик инспекторларимиз яхши ишлашади, масалан, сиз бориб дарахтни кесмоқчисиз, шубҳа остига олиб, назорат қилишади. Бу ерга ишга келганимдан буён, юқоридан ҳам бундай топшириқ бўлгани йўқ.

– Аммо бошқа вилоятларда инспекторлар билан гаплашганимизда «шунча жарима олиб келасан», деб уларнинг зиммаларига қўйишларини айтишган.

– Уларда шундай бўлаётгандир, лекин бизнинг тизимда бу нарса йўқ. Масалан, олдимдан чиқинди чиқиб қолса, уни кўриб туриб, кўрмасликка ололмайман. Инспекторларни шунга тайёрлайман. Аммо жарима кўплаб солинмоқда, чунки дарахт кесилиш ҳолатлари жуда кўп. Биз тинимсиз ОАВ билан ишлаймиз. Айнан оммавий ахборот воситаларидаги танқидлар ортида муваффақият ётади. Чунки улар бизнинг меҳнатимизни халққа кўрсатиб беришади.

– Экоинспекторларнинг ваколатларини кенгайтириш керакми?

– Албатта. Экопатруль жорий этилди, аммо улар ҳозирча деярли иш қилишгани йўқ, назоратни ҳам, жаримани ҳам ўзимиз қиламиз. Экологияни асрашга фидойи инсонлар керак. Ички ишлар бошқа нарсага жон куйдириши мумкин, аммо экологияни асраш учун жон қайғурадиганлари кам. Бунинг учун табиатни севиш шарт. Бизнинг учта миграция зонамиз бор. Ҳар йили у ерга қушлар келиб, болалаб, учиб кетади. Ҳозир шуларга дон сочиб чиқяпмиз, чунки совуқда уларни асрашимиз лозим.

– Инспекторлар ичида хотин-қизлар ҳам борми? Уларнинг сонини кўпайтириш тарафдоримизсиз, кўпайтиришга ҳаракат қиляпсизми?

– Бор, уч нафар аёл экоинспекторимиз бор. Аёллар ўз оиласидаги юмушларни бажариш, фарзандининг тарбияси билан шуғулланишга ҳам улгуриши лозим. Мен оиламдаги вазифаларимни адо этиб, шу билан бирга, жуда катта жамоани ҳам бошқаришим керак. Аёлларни ҳам бир жойга ишга олиш учун шу масалани ўртага қўяман. Рўзғоринг, оиланг сенга биринчими, ёки ишингми? Агар иккаласини тенг қиламан десанг, барибир биттасини йўқотасан. Йўқ, улгураман, десанг, сен кечаси бир соат ухлашинг керак. Шунга тайёрмисан қизим, дейман. Ўйланиб қолишади. Бир ҳаракатчан, чаққон қизни бўлимга раҳбар қилмоқчи бўлдим. Чақиртирдим. «Қизим, оилалимисиз, нечта болангиз бор, эринг ишингизга хайрихоҳми», дедим. Жим қолди. «Сизни бир бўлимга раҳбар қилмоқчи эдим», десам: «Опажон, йўқ, турмуш ўртоғим қўймайди, кечаси борсам, жанжал бошланади», дейди. Аёлларни раҳбар қилиб тайинлашда айнан қийинчилик ана шу ерда. Уларни оиласи қўллаб-қувватламасликда. Агарда мен уларни раҳбар қилиб қўйсам, оиласини йўқотишини хоҳламайман. Шунинг учун ҳам аёл раҳбарлар кам. Мен аёллардан раҳбарлар бўлишини жуда ҳам хоҳлайман. Аммо раҳбарликка келганда, уларнинг икки томонни ҳам бирдек олиб бориш қийин кечади, чунки жамиятимизда уй-рўзғор ташвишлари барчаси аёллар зиммасига юклатилган. Аксарият ҳолатда эса ишдан кеч қолса, боши ташвишдан чиқмайди. Аёл раҳбарлар, айниқса, табиатни муҳофаза қилиш тизимида жуда ҳам зарур. Чунки улар табиатга меҳрибон бўлишади. Азалдан аёлдаги оналик, яъни фарзанди, оиласини ҳимоя қилиш инстикти айнан табиатга ҳам кўчади. Булар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ масала.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Наргис Қосимова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг