Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Рёдан» ҳаракати 50 нафарга яқин болани Тошкент кўчаларига «олиб чиқди». ИИББ огоҳлантирмоқда

«Рёдан» ҳаракати 50 нафарга яқин болани Тошкент кўчаларига «олиб чиқди». ИИББ огоҳлантирмоқда

Фото: ИИВ

Аввалроқ бир нечта давлатларда турли бузғунчи ва адоват ғояларини тарғиб қилувчи «Рёдан» ҳаракати Тошкент шаҳрига кириб келгани ва ўзининг гуруҳини ташкил этгани ҳақида хабар берилганди.

Жорий йилнинг 5 март куни ушбу гуруҳ аъзолари томонидан соат 18.00 да Форумлар саройи олдида йиғилиш ўтказилиши ва пневматика, совуқ қуроллар, ўқотар қуроллар билан қуролланиб келишлиги ҳақида хабар чиқарилган. Мазкур хабарларни текшириш ва жамоат тартиби бузилишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан махсус тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилди.

Унда аниқланишича, 5 март куни тахминан соат 18.00 ларда пойтахтимизнинг Халқаро форумлар саройи олдида 50 нафарга яқин вояга етмаганлар тўпланган. Улар Яшнобод тумани ИИО ФМБга олиб борилиб, профилактик суҳбат ўтказилган. Ўрганишлар жараёнида 9 нафар вояга етмаган шахс ижтимоий тармоқлардаги «Рёдан» каналига аъзолиги маълум бўлди. Барча вояга етмаган шахслар шу куннинг ўзида ота-онаси ёки яқинлари билан бирга уйига қўйиб юборилган, ҳеч ким процессуал тартибда ушланмаган.

Оммавий тартибсизликни, диний, миллий, этник адоватни тарғиб қилувчи хабарларни тарқатган шахсларни аниқлаш юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилмоқда.

«Ҳурматли пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари! Хабарингиз бор, ҳозирда ижтимоий тармоқлар орқали ахборот хуружи авж олмоқда. Турли оқимларнинг пайдо бўлиши кетидан, ғаразли ниятдаги шахслар бу оқимларни бошқаришга, бузғунчи ғояларни тарғиб қилишга, аҳоли орасида адоват ва воҳима уйғотишга ҳаракат қилмоқда. «Рёдан» ҳаракати аъзолари томонидан тарқатилган хабарлар ва шу мазмундаги бошқа хабарларнинг барчаси Ички ишлар органлари томонидан текширилади, ҳар бир ҳолат ўрганилади ва қонуний баҳо берилади», дейилади хабарда.

Тошкент шаҳар ИИББ ота-оналардан фарзандлари нималар билан бандлиги ва уларнинг қизиқишига эътиборли бўлишни, улар турли оммавий тартибсизликлар ва бузғунчи ғояларни тарғиб қилувчи оқимларга қўшилиб қолмаслигини назорат қилишини сўраган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг