Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сарҳад билмас санъат. Тошкентда ўзбек ва турк ҳунарманд-усталарининг нодир асарлари намойиш этилмоқда

Сарҳад билмас санъат. Тошкентда ўзбек ва турк ҳунарманд-усталарининг нодир асарлари намойиш этилмоқда

Фото: «Xabar.uz»

Тошкентда Туркия Республикаси президенти шафелигида ташкил этилган «Замон ошган маданият: Ўзбекистон» халқаро кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маърифий анжуманда Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Фотиҳ Донмез, ушбу мамлакатнинг Тошкентдаги элчиси Меҳмет Сурейя Эр, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров ҳамда икки мамлакат илм-фан, маданият намояндалари қатнашди.

Ўзбекистон ва Туркияни кўп асрлик тарихий ришталар боғлаб туради. Тили, маданияти, эътиқоди муштарак бўлган икки халқ ўтган юзйилликлар мобайнида илм-фан, санъат ва меъморлик соҳасида ҳам яқин ҳамкорлик қилиб келган. «Инсон ва маданият ҳаракати» томонидан ташкил этилган ушбу тадбир эса тарихий алоқаларга янги нафас бағишлади.  

Маросимда сўзлаган Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Фотиҳ Донмез халқаро кўргазманинг Осиёнинг уриб турган юраги бўлмиш Тошкентда ўтказилаётгани теран рамзий маънога эга эканини қайд этди.

Йигирмадан зиёд ўзбек ва турк ҳунарманд-усталари ушбу йирик лойиҳа учун хаттотлик, тазҳиб (зарҳаллаш) қатиъ (наққошлик), абру баҳор, миниатюра, қалам тасвир, муқовасозлик, ўймакорлик каби йўналишларда оригинал асарлар яратдилар. Кўргазмага қўйилган элликдан зиёд нодир асарда ўзбек ва турк халқларининг кўп асрлик робиталари, Буюк ипак йўлининг мўъжизакор манзаралари қайта жонланади.  

Катта ижодий жамоанинг машаққатли меҳнати маҳсули бўлмиш ушбу кўргазма икки халқ қардошлигини янада мустаҳкамлаш, муштарак тарих ва маданиятни кенг тарғиб этишга хизмат қилади.

Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида очилган кўргазма 28 сентябрга қадар давом этади.

Ушбу йирик лойиҳаси доирасида икки халқ маданий алоқаларининг тарихи ва истиқболига бағишланган илмий-амалий анжуман ҳам ўтказилди. Унда Илёс Камолўғли, Муҳаммад Билол Челик, Шерзодхон Маҳмудов, Аъзамжон Раҳмонов каби атоқли олимларнинг илмий маърузалари тингланди, ўзаро робиталарни янада кенгайтириш йўллари муҳокама этилди.

Эслатиб ўтамиз, «Замон ошган маданият: Ўзбекистон» кўргазма ва илмий анжумани дастлаб жорий йил 14 июнь – 7 июль кунлари Истанбулда бўлиб ўтган эди. Туркия маданият ва туризм ҳамда ташқи ишлар вазирликлари, TİKA,  «Турк ҳаво йўллари» ширкати, Истанбул ва Мармара университетлари мазкур йирик лойиҳада ҳамкор сифатида қатнашди.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг