Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Афғонларнинг дардли қўшиғи ёхуд сарзамин — Ватан дегани

Афғонларнинг дардли қўшиғи ёхуд сарзамин — Ватан дегани

Сарзамин сўзи форсчада Она ватан дегани. Афғонистонда бир неча миллат яшайди. Лекин форсчани деярли ҳамма билади.

Сарзаминиман хаста-хаста аз жафои,

Сарзаминиман, бесуруду, бесадои,

Сарзаминиман дард мани бедавои

Бугун ер юзининг қайсидир бурчагида яшаётгани ҳам, мамлакат ичида қолганлари ҳам, дунёвий дунёқарашга мойил 40 ёшгача бўлган ҳар бир афғонистонлик ана шу қўшиқни ёддан билади.

«Жафолардан хаста бўлган Ватаним, қўшиғи ва наволари йўқолган Ватаним, дарди бору, давоси йўқ Ватаним...»

Афғонистоннинг ўзида қолганлар ичида ҳам эҳтимол бу қўшиқни ичида айтувчилар топилар.

2021 йил 15 август. Кобул. Афғонистонда «Толибон» қудратга келди.

2021 йил  27 август. Ҳайратон кўприги. 27 ёшли талаба йигит қўлидаги жомадонини ерга қўяди-да бағрини тилгудек «Сарзамини ман» деб куйлай бошлайди. Бу ҳеч бир фильмдан парча эмас. Шундоққина Ҳайратон кўприги устида, Ўзбекистон ҳудудига кираверишдаги суҳбатимиз олдидан ўз-ўзидан пайдо бўлган манзара...

Унинг ёнига амакиваччаси Шоҳруҳ келиб қўшилади, кейин қўлидаги боласи билан Шоҳруҳнинг аёли шошиб келиб жўр бўлади. «Дарбадар бўлдик, қаерда бўлмайлик, қалбимиздасан...» 

Кейин мусиқа сокинлашади. Гўёки, бугун-эрта ҳаётдан кўз юмадиган онасини эркалаётган фарзанднинг нолаларидек сўз ва оҳанг уйғунлашади: «ўзинг ягонамсан», «қаерда бўлмай қалбимдасан», «қайтар йўлимсан»...

Форсий тил Эронда ҳам, Тожикистонда ҳам қўлланилади. Бу мамлакат фарзандлари ҳам муҳожирликда юрганда айнан қўшиқни куйлашган. Лекин афғонистонликлар ижросидаги «Сарзамини ман» энг дардли куйланган. Ютубда айнан шу турли ижрочилар томонидан энг кўп марта қўйилган ва томоша қилинган вақт ўтган йилнинг август, сентябрь ойларига тўғри келади. Қўшиқ ватан севгисини мадҳ этади.

«Толибон» ўзгаришни ваъда қиляпти. Илоҳим, ўзгаришлари санъат билан ҳам боғлиқ бўлсин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг