Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сенаторлар «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунни маъқуллади

Сенаторлар «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунни маъқуллади

Дастлаб 2020 йилда сенаторларнинг айрим эътирозлари сабаб қайтарилган, сўнг қонун ташаббускорлари ва депутатлар томонидан қайта ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат бугун Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисида кенг муҳокама қилинди.

Янги таҳрирдаги ушбу Қонун «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги Президент қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонунда амалдагисида бўлмаган асосий тушунчалар ҳамда уларни изоҳловчи тегишли модда киритилмоқда. Бу ўзгариш Қонундаги муайян қоидалар ноаниқлигининг олдини олади.

Ҳужжатда ноширлик фаолияти субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш усулларини аниқлаш, хусусан, уларнинг молиявий ҳолати ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилиш, ноширлик фаолиятини амалга оширишда солиқ ва бошқа имтиёзларни белгилаш кўзда тутилган.

Хусусан, ноширлик фаолиятини лицензиялаш тартиби ўрнига ноширлик фаолиятини бошлаганлиги ҳақида ваколатли давлат органини хабардор этиш тизимини жорий қилиш — мазкур соҳада тадбиркорликни ривожлантиришга амалий ёрдам беради.

Шунингдек, матбаа маҳсулотларида нашрнинг чиқарилишига доир маълумотлар кўрсатилиши лозимлиги ҳамда уларнинг рўйхати қонунийлаштирилмоқда. Бундай маълумотлар нашр этилаётган маҳсулотларнинг қатъий адади аудитини, ноширлик соҳаси аҳволининг статистикасини ва ривожланиш динамикасини режалаштиришни таъминлайди, халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилаётган босма маҳсулотларнинг ҳисоби юритилишини ташкил қилиш имкониятини беради.

Халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг маънавий-маърифий ва эстетик эҳтиёжларига мос сифатли китобларни нашр қилиш, китобларни қулай нархларда жойларга етказиб бериш, ноширлик-матбаа соҳасини қўллаб-кувватлаш ва ривожлантиришни таъминлашда муҳми аҳамиятга эга бўлган мазкур Қонунни маъқуллаш тўғрисида Сенатнинг қарори қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг