Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни табриклади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонни таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, биродар Тожикистон халқига фаровонлик ва бардавом равнақ тилади.
Давлатимиз раҳбари Тожикистон Президентининг мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётини таъминлаш ва халқаро нуфузини оширишдаги ўрнини қайд этиб, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида кўп қиррали шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Савдо, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм, маданий-гуманитар алмашинув каби устувор йўналишларни қамраб олган амалий ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантириш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакатларимизда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ва кун тартиби ҳам муҳокама қилинди.
Эътибор бердингизми, президент матбуот хизмати ушбу хабарга илова қилинган график тасвирда саккиз қиррали юлдуз ва давлат байроғи фонида тасвирланган Ҳумо қушидан фойдаланган.
Бу — Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий белгиси, яъни вензели ҳисобланади. Қизиғи шундаки, ушбу белги Президент матбуот хизмати расмий услубида биринчи марта қўлланмоқда.
Давлат раҳбарининг расмий рамзлари — белги (вензел) ва штандарт — 2021 йил 26 октябрьда қабул қилинган қонун билан тасдиқланган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter