Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни юбилей ёш – 70 ёшга киргани билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни юбилей ёш – 70 ёшга киргани билан табриклади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга унинг туғилган куни муносабати билан табрик телеграммаси жўнатди. Шунингдек, ўзаро телефон мулоқоти ҳам бўлиб ўтган.

«Ҳурматли Эмомали Шарипович!

Азиз биродарим!

Сиз Жаноби Олийларига 70 ёшингиз муносабати билан самимий табрик ва эзгу тилакларимни билдиришдан чин қалбимдан хурсандман.

Биз сизни замонавий Тожикистоннинг атоқли давлат арбоби, халқингизнинг буюк фарзанди ва юртингиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида катта матонат билан меҳнат қилаётган ҳақиқий раҳбар сифатида биламиз.

Сизнинг узоқни кўра олувчи ва оқилона сиёсатингиз самарасида халқнинг турмуш даражаси юксалиб, мамлакатингиз барча соҳаларда салмоқли ютуқларга эришмоқда, халқаро майдонда давлат нуфузи юксалиб бормоқда.

Сўнгги йилларда амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган фаол мулоқотимиз стратегик шериклик муносабатларини мутлақо янги босқичга – иттифоқчилик муносабатларига олиб чиқди.

Шубҳасиз, бизнинг қатъий сиёсий иродамиз ва ўзаро саъй-ҳаракатларимиз туфайли Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар бундан буён ҳам барча соҳаларда абадий дўстлик, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик руҳида ривожланади.

Ҳурматли Эмомали Шарипович!

Сизни ҳаётингиздаги унутилмас кун – шонли юбилей билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, сизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт ва масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, қардош Тожикистон халқига тинчлик, осойишталик ва доимий тараққиёт тилайман», – дейилади телеграммада.

Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон ўртасидаги телефон орқали мулоқотда эса Ўзбекистон раҳбари тожикистонлик ҳамкасбини юбилейи билан яна бир бор самимий ва қизғин табриклаб, унга мустаҳкам соғлик ва Тожикистон халқи фаровонлиги йўлидаги масъулиятли давлат фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Суҳбат чоғида, шунингдек, Тожикистон-Ўзбекистон ҳамкорлигига оид кенг кўламли масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Шу билан бирга, яқинда Тожикистон-Ўзбекистон муносабатларини стратегик шериклик ва иттифоқчилик форматида ривожлантириш борасида эришилган ижобий натижалардан мамнунлик изҳор этилиб, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги айрим долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқишган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг