Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Маслаҳат учрашувида қатнашади

Шавкат Мирзиёев Маслаҳат учрашувида қатнашади

Минтақа етакчиларининг аввалги саммити Туркманистондаги «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан 21 июль куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрига ташриф буюради.

Қирғизистон раислигида ўтадиган саммит ишида Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Туркманистон президентлари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Минтақа мамлакатлари етакчиларининг учрашуви кун тартибидан турли йўналишларда, шу жумладан савдо, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси, инновациялар, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризм, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Алоҳида эътибор Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва изчил тараққиётига замонавий таҳдид ва хатарларга биргаликда қарши туриш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилади.

Саммит якунида бир қатор муҳим кўп томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.

Таъкидлаш лозимки, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди.

Минтақа етакчиларининг биринчи саммити 2018 йил март ойида Нур-Султон шаҳрида, иккинчиси 2019 йил ноябрда Тошкент шаҳрида, учинчиси ўтган йилнинг август ойида Туркманистондаги «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг